ИККИ ХАЛҚНИНГ ЧЕГАРА БИЛМАС МАДАНИЙ АЛОҚАЛАРИ

ИККИ ХАЛҚНИНГ ЧЕГАРА БИЛМАС МАДАНИЙ АЛОҚАЛАРИ

Таниқли Ўмон адибаси Жокҳа Алҳартҳи:

“Биз ҳаётнинг нозик қуши қанотларига шунчалик маҳкам ёпишдикки, улар қўлларимизда эриб кетди. Кейин эса ўзимиз вайрон қилган ўша қушнинг қонини ичиб, ўзимизга “Биз барибир давом этамиз” дедик”, деганда нақадар ҳақ эди. Ёзувчи ўз асарларида умумбашарий қадриятларни қаламга олади. Дарҳақиқат, миллатда чин шоир-ёзувчи бор экан, унинг келажагидан хавотир олмаса ҳам бўлаверади. Яъниким, ижодкор халқи ўз ғами билан эмас, миллат дарди билан ҳаёт кечиради.

Шу маънода Жокҳа Алҳартҳи ҳам мана шундай миллатсевар адибалардан. Унинг 2019 йилда нуфузли Халқаро Букер мукофоти билан тақдирлангани нафақат ёзувчининг, балки Ўмон адабиёти ғалабаси, десам муболаға эмас.

Ўзбекистон ва Ўмон халқлари нафақат адабий, балки маданий алоқалар ҳам ўрнатган. Икки халқ ўзига хос тарихий тажриба, бой маънавий мерос ва қадимий маданий анъаналарга эга мамлакатлар ҳисобланади. Бир томонда Марказий Осиёнинг қадимий цивилизациялари, Ипак йўли чорраҳаларида шаклланган шаҳарлар, мақом ва достончилик мактаблари бўлса, иккинчи томонда Арабистон ярим оролининг тарихий мероси, бой оғзаки ижод анъаналари ва ўзига хос санъат олами намоён бўлади. Бу икки маданий маконнинг учрашуви, аввало, бир-бирини англаш, ўрганиш ва қадрлаш учун янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятли, деб ўйлайман.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорлик ҳукуматлар даражасида имзоланган қатор келишувлар асосида изчил давом этмоқда. Мазкур муносабатларнинг яна бир муҳим йўналиши халқаро маданий мулоқот майдонларида намоён бўлмоқда. Хусусан, Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти – АЙСЕСКО доирасидаги ҳамкорлик икки мамлакатнинг маданий алоқаларини кенгроқ халқаро жараёнлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда. Зеро, умуминсоний қадриятлар, тарихий меросни асраб-авайлаш ва маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш каби тамойиллар халқларни яқинлаштирувчи муштарак қадриятлардир.

Юртимизда ўтказилган халқаро маданий тадбирлар Ўмон Султонлиги билан алоқаларимизнинг нақадар ижобий эканини амалий ифодасидир. Мамлакатимизда анъанавий равишда ташкил этиладиган “Шарқ тароналари”, “Мақом” ва “Бахши” халқаро фестиваллари, шунингдек, Халқаро ҳунармандчилик анжуманларида Ўмон вакилларининг мунтазам иштироки алоҳида эътиборга муносиб. Бу тадбирлар шунчаки санъат намуналарини намойиш этиш майдони эмас. Улар орқали турли халқларнинг мусиқий тафаккури, ижодий қарашлари ва миллий ўзлиги намоён бўлади. Бир саҳнада турли юртларнинг куй-қўшиқлари янграши, бир кўргазмада турфа ҳунармандчилик анъаналари жамланиши маданиятнинг чегара билмас табиатини яна бир бор кўрсатади.

Хабарингиз бор, 2021 йил 22 июнда Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги элчиси ўртасида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама маданий муносабатлар ривожи ҳақида суҳбатлашган эдик. Унда маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг мавжуд ҳолати, унинг истиқболлари ва янги имкониятлари илгари сурилганди. Бундай учрашувларнинг аҳамияти шундаки, улар мавжуд алоқаларни таҳлил қилиш билан бирга, келгуси ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун ҳам хизмат қилади.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Ўмон ҳукуматлари даражасида маданият соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Бу ташаббуснинг моҳиятини икки мамлакат ўртасидаги маданий муносабатларга янада аниқ ва барқарор ҳуқуқий асос яратади, албатта. Таклиф этилаётган ҳужжатда маданий тадбирлар, дастурлар ва лойиҳаларни ривожлантириш, соҳа ходимлари, мутахассислар, муассаса ва ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, бевосита алоқаларни рағбатлантириш каби муҳим йўналишлар кўзда тутилган.

Айниқса, мамлакатлар аро маданият кунларини ташкил этилиши халқларнинг урф-одат ва анъаналари бир-бирига намоён бўлишига замин яратади. Бу борада маданият кунларининг ўрни беқиёс, албатта. Жумладан, Ўзбекистон санъат ва маданиятини Ўмон халқига, Ўмоннинг бой маданий меросини эса юртимиз аҳлига яқиндан таништириш халқлар ўртасидаги маънавий ришталарни янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.

Меморандум лойиҳасида кутубхоначилик соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида ўрин ажратилгани бежиз эмас. Китоб ва қўлёзмалар ҳар бир миллатнинг тарихий хотирасини сақловчи ноёб манбалардир. Уларни асраш, реставрация қилиш, муҳофаза этиш ва замонавий технологиялар ёрдамида рақамлаштириш бугунги кунда маданий меросни келажак авлодларга етказишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Шу боис икки мамлакат кутубхоналари ва тегишли муассасалари ўртасида тажриба ҳамда ахборот алмашинувини йўлга қўйиш катта аҳамият эга.

Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий алоқаларнинг амалий ифодаси сифатида 2025 йил 26-30 апрель кунлари Хоразм вилоятининг кўҳна ва навқирон шаҳри Хивада ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалини айтиш кифоя. Унда Омон Султонлигидан “Ал-Шаҳба” жамоасининг иштирок этгани мамлакатимиздаги йирик маданий тадбирларга Ўмон вакиллари ҳам қизиқиш ва эътибор билан муносабатда бўлаётганини кўрсатади. Бу эса, Ўмон давлатининг юртимизга муносабати илиқ эканидан далолат.

Маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорликни, аввало, халқларнинг бир-бирини англаши ва ўзаро ҳурматини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим маънавий жараён, деб қарайман. Чунки давлатлараро муносабатларнинг мустаҳкамлиги фақат расмий ҳужжатлар ёки учрашувлар билан эмас, балки халқларнинг қалбида бир-бирига нисбатан ишонч ва ҳурмат туйғулари билан ўлчанади. Адабиёти ва санъати бир-бирига қоришиб кетаётган Ўзбекистон ва Ўмон халқлари дўстлиги абадий бўлсин.

Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири