МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ТАЪЛИМ ИНТЕГРАЦИЯСИ: ШҲТ ДОИРАСИДАГИ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ТАЪЛИМ ИНТЕГРАЦИЯСИ: ШҲТ ДОИРАСИДАГИ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

  Марказий Осиё географик жойлашувига кўра, азалдан турли цивилизациялар, маданиятлар ва илмий мактаблар, маърифат ўчоқлари туташган глобал чорраҳа бўлиб келган. Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалга оширилаётган таълим ва илм-фан интеграцияси, академик ҳаракатчанлик ҳамда муштарак тадқиқотлар замонавий зарурат эмас, балки минтақанинг минг йиллик тарихий-маданий мероси ва бой илмий анъаналарига асосланган табиий, қонуниятли жараёндир.

  Албатта, азалдан Марказий Осиёда билим ва маърифат интеграцияси ҳеч қачон чегаралар, миллий ёки этник чекланишларни билмаган. Буюк Ипак йўли бўйлаб фақат савдогарларнинг хилма-хил моллари эмас, балки илғор ғоялар, илмий кашфиётлар ва таълим услублари ҳам жадал алмашинилган. Фикримизни бу заминда илк таълим ва билим интеграцияси куртаклари бўлмиш «Авесто»нинг “эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” таълимоти, Сўғд ва Бақтрия маданияти ёрқин далиллайди.

  Минтақада кечган тарихий воқелик — Шарқ Уйғониш даври Марказий Осиёни тил, маънавият ва сиёсий муштараклик асосида дунё илм-фани ва таълим тизимининг марказига айлантирди.

  Айниқса, Чор истилоси ва кейинги мураккаб геосиёсий шароитларда Марказий Осиё етиштирган маърифатпарварлар — жадидлар таълимни модернизация қилиш ва минтақавий муштаракликни тиклаш ташаббуси билан чиқдилар. Уларнинг илмпарвар хотиралари ва ғоялари ҳамон минтақа халқлари юрагида абадий яшамоқда.

  Бу ёрқин ва боқий хотиралар шуни кўрсатадики, Марказий Осиёда таълим интеграцияси чуқур генетик ва маданий илдизларга эга. Қайд этиш керакки, бугунги кунда ШҲТ доирасида амалга оширилаётган ва олий таълим тизимида акс этаётган жараёнлар ушбу тарихий анъаналарнинг мантиқий ва замонавий давомидир.

  Давлатимиз раҳбари Осиё ва Озарбайжон давлатлари раҳбарларининг учрашувида таъкидлаб ўтганларидек, илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида жипслашмоқда. Мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган бугунги халқаро воқелик биздан янгича қатъият, мустаҳкам ирода ва янада яқин мувофиқлаштирувни талаб этмоқда.

  Бу фонда Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши ўзаро ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги — макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда ҳамда Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт ва ривожланиш маконини шакллантириш борасида тарихий имконият яратмоқда.

  Эндиликда минтақадаги замонавий академик очиқлик ва таълим ислоҳотлари Марказий Осиёни яна бир бор глобал илм-фан ва интеллектуал ривожланиш марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилмоқда. Замонавий дунёда геосиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг шиддатли ўзгариши глобал майдонда фан, таълим ва интеллектуал ресурснинг ўрнини тубдан янгиламоқда. Бугун ШҲТ – сиёсий ва иқтисодий мулоқотнинг муҳим майдони сифатида мамлакатларимизнинг барқарор тараққиёти, технологик мустақиллиги ва инновацион юксалишини таъминлайдиган илмий-технологик ҳамкорликнинг асосий макони бўла олди.

  Шу нуқтаи назардан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида таълим ва инновация — инсон капиталини ривожлантириш ва тинчлик-барқарорликни таъминлашнинг етакчи ҳаракатлантирувчи кучи сифатида намоён бўлмоқда. Олий таълим ва илм-фан соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорлик минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашда янги босқич сифатида эътироф этилмоқда.

  “Бизнинг умумий кучимиз — бирлик, ўзаро ишонч ва бирликдаги яратувчанликка қатъий садоқатимиздадир”. Минтақанинг ушбу шиори моҳиятидан келиб чиқиб, қуйидаги стратегик вазифаларни амалга ошириш тақозо этилади:

– Марказий Осиёни таълим, илм-фан, рақамли технологиялар ва катта маълумотлар (Big Data) соҳаларида инновациялар бўйича глобал рақобатбардош марказга айлантириш;

– Евроосиёнинг қоқ марказида барқарор ривожланиш, ўзаро мустаҳкам боғлиқлик ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантириш;

– Минтақамизнинг халқаро субъект сифатидаги мақомини мустаҳкамлаган ҳолда давлатлараро ташкилотлар ва «Марказий Осиё плюс» форматлари доирасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш каби муҳим вазифалар ҳали олдинда.

  Хусусан, ШҲТ майдонида муштарак илмий ва маърифий муҳитни шакллантириш — минтақа ёшлари учун мисли кўрилмаган кенг истиқболларни очмоқда. Академик мобилликни ошириш, малака ва дипломатик ҳужжатларни ўзаро тан олиш, шунингдек, қўшма тадқиқот лойиҳаларини кенгайтириш ШҲТга аъзо мамлакатларнинг умумий барқарорлиги ҳамда интеллектуал захирасини бойитишда асосий таянч вазифасини ўтайди.

  Эътироф этиш зарурки, таълим ва фан соҳасидаги муштараклик гуманитар ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Гуманитар соҳадаги ишлар моҳиятининг сифат жиҳатидан ўзгариши халқларимиз ўртасидаги бирлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниш туйғусини янада мустаҳкамлайди ҳамда «Шанхай руҳи»нинг энг эзгу қадриятларини келажак авлодларга бекаму кўст етказишда ишончли кўприк вазифасини бажаради.

  ШҲТ Дорилфунуни тармоғининг кенгайиши минтақа олий таълим тизимига жаҳон стандартларини татбиқ этишда муҳим ўрин тутади. Бу жараён фақатгина талабалар алмашинувини эмас, балки минтақавий даражадаги мураккаб вазифаларни ҳамжиҳатликда ҳал эта оладиган янги авлод олимлари ва мутахассислари жамоасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

  Дарҳақиқат, айнан таълим интеграцияси Марказий Осиё халқларининг умумий истиқболдаги манфаатларига тўлиқ мос келади. ШҲТ платформаси туфайли олий ўқув юртлари рақамли таълим ва сунъий интеллект имкониятларидан биргаликда фойдаланиш, фан ва технология соҳаларида тажриба ва ресурс алмашиш имкониятига эга бўлмоқда, бу эса бевосита иқтисодий юксалишнинг муҳим шартидир.

  Минтақада таълим ташаббусларининг қўллаб-қувватланиши геосиёсий барқарорлик ва маданий мулоқотни мустаҳкамлашнинг энг мақбул омили ҳисобланади. Қолаверса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, «яшил» технологияларни жорий этиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш ҳар доим минтақавий кун тартибининг устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ёшлар ва тадқиқотчилар ўртасидаги билим алмашинуви илм-фанни ривожлантириб, халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва ўзаро ишонч ришталарини янги босқичга олиб чиқади.

  Қувонарлиси, ШҲТ доирасидаги янги таълим ташаббуслари Марказий Осиё олий ўқув юртларига глобал академик муҳитда муносиб ўрин эгаллашга ёрдам бермоқда. Биргаликда яратилаётган қўшма дастурлар ва грантлар минтақадаги иқтидорли ёшларга ўз юртида ва ҳамкор мамлакатларда юқори сифатли таълим олиш имконини тақдим этмоқда.

  Давлатимиз раҳбари ташаббускорлигида сўнгги йилларда илм-фан, технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Мамлакатда билим, илмий тадқиқотлар ва технологик тадбиркорликка асосланган замонавий инновацион иқтисодиётни шакллантириш бўйича тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бунинг амалий натижалари ва эришилган муҳим марралар салмоқли рақамлар ва аниқ кўрсаткичларда ўз ифодасини топмоқда.

  Хусусан, биргина 2025 йилнинг ўзида мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш ва ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди. Жумладан, 250 дан ортиқ ёш олим хорижий етакчи илмий марказларда стажировка ва амалиёт ўтади, олий таълимдан кейинги таълим институти учун 5 250 та PhD ва DSc квоталари ажратилди.

Шу билан бирга, Ёшлар технопарклари дастурларига 50 мингдан зиёд ёш новаторлар қамраб олинди.

Ушбу тизимли ислоҳотларнинг халқаро эътирофи сифатида Ўзбекистон Глобал инновацион индексда 139 та мамлакат орасида 79-ўринни эгаллаб, ўз позициясини мустаҳкамлади.

  Муҳими таълим ва илм-фан соҳасидаги декларатив баёнотлар даври ортда қолди; бугун ШҲТ майдони аниқ амалий лойиҳалар ва стратегик ташаббуслар майдонига айланмоқда.

  Хусусан, 2026 йил 16 июнь куни ШҲТга аъзо давлатлар таълим вазирларининг Беларусда бўлиб ўтган 10-йиғилишида айнан таълим орқали ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ва билимлар маконини кенгайтириш ғояси марказий мавзуга айланди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.Шарипов томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва мамлакатимиздаги таълим қамровини ошириш тажрибаси аъзо давлатлар диққат марказида бўлди.

  Шу билан бирга, 2026 йил 22 май куни ШҲТга аъзо давлатлар фан ва техника вазирликлари раҳбарларининг Бишкекда бўлиб ўтган 10-йиғилишида инновацион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг соҳавий ташкилотлари томонидан халқаро қўшма илмий лойиҳалар танлови эълон қилинди. Россия, Беларусь, Қозоғистон, Хитой ва Покистонлик ҳамкорлар билан биргаликда амалий ва инновацион тадқиқотларни назарда туган ушбу танловга илмий ҳамжамият томонидан катта қизиқиш уйғотиб, кўплаб талабномалар келиб тушди.

  Шунингдек, ШҲТ маконида инсон капиталини мустаҳкамлашнинг яна бир муҳим воситаси — бу академик мобиллик.

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан сўнгги йилларнинг ўзида
140 дан ортиқ ёш тадқиқотчи ва мутахассисларнинг Хитой, Россия, Қозоғистон ва Ҳиндистоннинг етакчи илмий-таълим марказларида илмий стажировкалари ташкил этилди.

Бу узоқ муддатли ҳамкорлик ва янги авлод олимларини тайёрлашнинг мустаҳкам механизмига айланмоқда.

  Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллик юбилейи ва Бишкек саммити арафасида экспертлар жамияти ташкилот фаолиятини сарҳисоб қилар экан, гуманитар ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик тузилманинг энг ҳаётбахш йўналиши эканини эътироф этмоқда.

  Бунда таъкидланганидек, ШҲТнинг чорак асрга татигулик энг катта ютуғи — турли сиёсий ва маданий қарашларга эга давлатлар ўртасида мулоқот узилмаслигини таъминлаганидадир.

Бугун хавфсизлик концепцияси фақат ҳарбий ёки чегара омиллари билан чекланиб қолмай, рақамли тараққиёт, сунъий интеллект, экология ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишини ҳам қамраб олмоқда.

  Дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизини ва улкан интеллектуал ресурсларни мужассам этган ташкилот учун таълим интеграцияси — геосиёсий рақобат шароитида барқарорликни сақлашнинг ягона тўғри йўлидир.

Шу маънода, Тошкентда муваффақиятли ўтказилган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ёшлари ўртасида “ШҲТнинг 100 нафар келажак инноватори” халқаро танлови ўтказилганлиги алоҳида таъкидлаш лозим.

Бу каби тадбирлар талабалар, ёш олимлар, муҳандислик жамоалари ва технологик жамоаларни бирлаштириб, ШҲТ маконида ёшлар дипломатияси ва технологик етакчиликни мустаҳкамлайди.

  ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши ва соҳавий вазирлар йиғилишларининг якуний ҳужжатлари ҳамда декларацияларга мувофиқ, Марказий Осиё ва кенг ШҲТ маконида таълим ва фан интеграцияси оддий ёки одатий муассасалараро ҳамкорлик эмас, балки минтақада барқарор тараққиёт, тинчлик, аҳил қўшничилик ва рақобатбардошликни таъминлайдиган энг оқилона ва стратегик инвестиция сифатида эътироф этилади.

  Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, биргаликда яратилаётган рақамли экотизимлар, “яшил” илм-фан ташаббуслари ва ёшлар ўртасидаги самимий академик мулоқот ШҲТ маконини глобал тараққиёт ва инновацияларнинг қудратли двигателига айлантиришда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Бошқарма бошлиғи

Фазлиддин Мўминов