Бугунги кунда халқаро юк ташувларини ривожлантириш, таъминот занжирлари барқарорлигини таъминлаш ва иссиқхона газлари ташланмаларини камайтириш ўзаро боғлиқ вазифаларга айланмоқда. «Глобал яшил юк ташиш коридорлари ташаббуси» транспорт инфратузилмаси, тоза энергия, рақамлаштириш ва экологик барқарорликни бирлаштириш каби вазифаларни амалий лойиҳалар орқали ҳал этиш имконини беради.
Денгизга бевосита чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун халқаро йўлакларнинг самарадорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Юкларни манзилига тез ва барқарор етказиш кўп жиҳатдан транзит давлатлар билан мувофиқлашувга боғлиқ. Ташиш жараёни
ва чегарадаги ҳар бир ортиқча сарфланган вақт қўшимча харажат, ёқилғи сарфи ва атмосферага зарарли ташланмаларни англатади.
Бу эса транспорт соҳасида иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда экологик барқарорликни таъминлаш заруратини оширади. Хусусан, Ўзбекистон Париж келишуви доирасидаги янгиланган миллий ҳиссасига мувофиқ, 2035 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташланмаларини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга қисқартиришни мақсад қилган. Транспортни рақамлаштириш, чегарадан ўтиш тартиботларини соддалаштириш ва кам углеродли ташувларни кенгайтириш ушбу мақсадга эришишга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги транспорт ҳамкорлиги бу борада амалий ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш учун мустаҳкам асосдир.
2026 йилнинг 9 ойида икки мамлакат ўртасидаги юк ташувлари ҳажми 700 минг тоннани ташкил этди. Бунда юк ташувларининг
80 фоиздан ортиғи автотранспорт орқали амалга оширилди. Автомобиль транспортининг юқори улуши чегарадан ўтиш жараёнларини такомиллаштириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, халқаро ташувларда чегарадан ўтиш билан боғлиқ кутишлар етказиб бериш муддатларининг узайиши, қўшимча харажатлар ва ёқилғи сарфининг ортишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат, айниқса, тез бузилувчан маҳсулотлар сифатини сақлашга салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг таннархи ҳамда атмосферага чиқариладиган зарарли ташланмаларнинг ошишига олиб келади. Шу боис чегара тартиботларини соддалаштириш ва транзит давлатлар ўртасида ташиш жараёнларини мувофиқлаштириш транспорт йўлакларининг иқтисодий ва экологик самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада 2026 йил 29 январда Анқарада Ўзбекистон ва Туркиянинг транспорт соҳасидаги вазирликлари ўртасида имзоланган Халқаро транспорт йўлаклари ва мавжуд амалиётни такомиллаштиришга оид Англашув меморандуми алоҳида аҳамиятга эга.
Меморандумда «яшил» транспорт ечимлари мустақил ҳамкорлик йўналиши сифатида белгиланган. Унда темир йўл транспортини кам углеродли муқобил транспорт тури сифатида қўллаб-қувватлаш, иссиқхона газлари ташланмаларини қисқартириш ва Ўрта йўлакни экологик тоза логистика йўналиши сифатида ривожлантириш назарда тутилган. Бу вазифалар «Глобал яшил юк ташиш коридорлари ташаббуси» мақсадлари билан бевосита ҳамоҳангдир.
Меморандумда алоҳида қайд этилган Ўрта йўлакнинг салоҳияти ташувлар ҳажмининг ўсишида ҳам намоён бўлмоқда. Ушбу йўналиш орқали Ўзбекистон юкларини ташиш ҳажми 2021 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 2 баробарга ошиб, 2025 йилда 1,2 млн тоннага етди. Европа Иттифоқи мамлакатлари билан юк ташувларида унинг улуши
12 фоиздан 28 фоизга етди.
Бу натижага эришишда «Осиё-Тинч океани мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа» халқаро мультимодал транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича 5 томонлама учрашув Баённомасига (CASCA+) Туркиянинг қўшилиши катта ўрин тутади.
Баённомага асосан темир йўл ташувларига ҳар йили тақдим этиб келинаётган тариф чегирмалари йўлакнинг рақобатбардошлигини оширмоқда. Уларни барқарор давом эттириш, блок-поездлар қатновини кенгайтириш ва портлардаги операцияларни мувофиқлаштириш юк оқимларини кам углеродли ташувларга жалб қилишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил октябрь ойида Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўрта йўлак ва унга туташ транспорт йўлакларини яхлит иқтисодий тизимга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда «Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи»ни ташкил этиш ва уни биргаликда бошқариш таклиф этилди.
Чегарадан ўтиш жараёнларини тезлаштириш ва юк оқимларини мувофиқлаштиришда рақамлаштириш ҳам «яшил» логистиканинг ажралмас воситаси бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Туркия билан биргаликда дунёда биринчилардан бўлиб e-Permit электрон рухсатнома тизимини жорий этиб, Хитой билан муваффақиятли қўлланилмоқда. Шунингдек, Озарбайжон билан биргаликда дунёда биринчи марта eTIR технологияси қўлланилди ҳамда айни дамда e-CMR электрон юк хатини қўллаш бўйича ишлар бошланган.
Эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш учун аниқ амалий қадамлар зарур. Шунингдек меморандум асосида Ўзбекистон ва Туркиянинг транспорт соҳасидаги вазирликлари ўртасида тузилган Қўшма ишчи гуруҳ ўзаро манфаатли мақсадларни амалга оширишда муҳим механизм сифатида ўрин тутади. Мазкур ишчи гуруҳ ва ваколатли органларнинг қўшма фаолияти орқали учта устувор йўналишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.
Биринчи йўналиш – Туркия – Эрон – Туркманистон – Ўзбекистон йўналишидаги тез бузилувчан юклар учун «яшил йўлак» тамойили асосида алоҳида навбатдан ўтказиш механизмини жорий этиш.
Иккинчи йўналиш — ушбу йўналишда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида контейнер блок-поездлар қатновини йўлга қўйиш, пилот ташувларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш.
Учинчи йўналиш – Ўрта йўлак ва CASCA+ бўйлаб ташувларни «Глобал яшил юк ташиш коридорлари ташаббуси» доирасида «яшил» пилот йўналиш сифатида баҳолаш имкониятини ҳамкор давлатлар билан ўрганиш. Бунда темир йўл, автомобиль ва денгиз ташувларини мувофиқлаштириш, паромларда жойларни олдиндан бронь қилиш ва электрон навбатни жорий этиш кўзда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, келишувларни аниқ лойиҳаларга айлантириш ва транзит давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш ташиш муддатлари, харажатлар ҳамда иссиқхона газлари ташланмаларини биргаликда камайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистон бу борада мулоқот, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун очиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги
Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш Маркази етакчи мутахассиси Д. Абдуғаппаров
