COP31: Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга янги иқлим ташаббуслари ва амалий ечимларини тақдим этади

COP31: Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга янги иқлим ташаббуслари ва амалий ечимларини тақдим этади

2026 йил 9–20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталья шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси томонларининг
31-конференцияси (COP31) бўлиб ўтади. Ўзбекистон халқаро иқлим форумида фаол иштирок этиб, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиётга ўтиш соҳаларидаги миллий ташаббуслари, истиқболли лойиҳалари ҳамда амалий тажрибасини тақдим этади.

Мамлакат иштирокининг асосий майдонларидан бири 8–20 ноябрь кунлари фаолият юритадиган Ўзбекистон миллий павильони бўлади. Бу ерда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, илмий жамоатчилик, бизнес вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида қатор мавзули тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Асосий эътибор миллий иқлим устувор йўналишларини илгари суриш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва экологик ҳамда иқлим лойиҳаларини амалга ошириш учун инвестициялар жалб этишга қаратилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда замонавий технологияларни жорий этиш, экологик илм-фанни ривожлантириш ва мамлакатнинг илмий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузурида Иқлим ўзгариши миллий маркази ва Green University фаолият юритиб, экологик ва иқлим сиёсатини илмий, таҳлилий ҳамда экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватламоқда. Марказ иқлимга оид миллий  ҳужжатларни ишлаб чиқиш, мослашув ва иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш бўйича лойиҳаларни тайёрлаш, шунингдек, халқаро иқлим молиялаштиришини жалб этишда иштирок этади. Green University экология, иқлим ўзгариши ва табиий экотизимларни тиклаш йўналишларида илмий тадқиқотларни ривожлантирмоқда. 2026 йилда университет ҳузурида ўрмон ва манзарали ўсимликлар бўйича инновацион лаборатория ҳамда сифатли кўчат материалларини етиштиришга мўлжалланган In-Vitro лабораторияси ташкил этилди.

COP31 доирасида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда унинг тизим ташкилотлари иқлим молиялаштириши, экологик мониторинг ва табиий экотизимларни тиклаш соҳаларидаги ташаббусларини тақдим этади. Ўзбекистоннинг конференциядаги иштироки халқаро ҳамкорларга амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва барқарор, экологик хавфсиз келажакни шакллантириш борасидаги амалий қадамларни намойиш этиш имконини беради.

Иқлим мажбуриятларидан – амалий натижалар сари

Ўзбекистон иштирокининг асосий йўналишларидан бири янгиланган Миллий даражада белгиланган ҳисса (NDC 3.0)ни амалга ошириш бўлади. Белгиланган мақсадга мувофиқ, мамлакат 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 2010 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 50 фоизга қисқартиришни мақсад қилган.

COP31 доирасида ушбу мақсадга эришиш бўйича миллий ёндашувлар, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва иқтисодиётнинг турли тармоқлари иқлим ўзгаришига бардошлилигини мустаҳкамлаш масалалари тақдим этилади.

Миллий павильонда ушбу мавзуларга бағишланган қатор тадбирлар, жумладан, «Ўзбекистоннинг янгиланган Миллий даражада белгиланган ҳиссасини (NDC 3.0) амалга ошириш: иқлим мажбуриятларидан амалий ҳаракатларга сари» мавзусидаги сессия, шунингдек, саноатни декарбонизация қилиш, иқлим молиялаштириши ва углерод бозорларини ривожлантириш масалаларига бағишланган муҳокамалар ўтказилади.

Яна бир муҳим йўналиш — Ўзбекистоннинг Climate Implementation Bridge (BRIDGE) халқаро ташаббусидаги иштироки. Мамлакат БМТ Тараққиёт дастури иштирокида COP31 раислиги ҳомийлигида амалга оширилаётган ушбу ташаббуснинг бешта пилот давлатидан бири сифатида танланган. Ташаббус миллий иқлим режаларини аниқ инвестиция лойиҳаларига айлантириш, халқаро молиялаштиришни жалб этиш ва экспертлар кўмагини таъминлашга қаратилган.

Иқлим ўзгаришига мослашув ва сув хавфсизлиги – минтақанинг умумий устувор йўналишлари

Ўзбекистон кун тартибида иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва энг заиф ҳудудларнинг барқарорлигини ошириш масалалари алоҳида ўрин эгаллайди.

Миллий павильонда Марказий Осиёнинг сув ва иқлим барқарорлиги, қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ерларни тиклаш ҳамда Оролбўйи минтақасининг барқарорлигини ошириш масалалари бўйича мавзули муҳокамалар ўтказилади.

Шунингдек, тоғли ҳудудлардаги иқлим хатарлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ва иқлим шароитларининг ўзгариши мамлакат иқтисодиётига таъсирига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Минтақавий ташаббуслардан бири иқлим ўзгариши билан боғлиқ аҳоли миграцияси масалаларидаги ҳамкорликни илгари суришдан иборат. 10 ноябрь куни Ўзбекистон миллий павильонида «Иқлим ўзгариши шароитида аҳоли ҳаракатчанлигини қўллаб-қувватлаш: Ипак йўли иқлим мобиллиги декларацияси сари» мавзусида юқори даражадаги тадбир бўлиб ўтади.

Тадбир доирасида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари томонидан иқлим ўзгариши шароитида аҳоли ҳаракатчанлиги тўғрисидаги Silk Road Declaration — Ипак йўли декларациясини имзолаш режалаштирилган.

Ушбу ҳужжат иқлим ўзгариши билан боғлиқ миграция масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, заиф қатламларни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун минтақавий асос бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшма минтақавий лойиҳаларни илгари суришда ҳам иштирок этади. Хусусан, 9 ноябрь куни Яшил иқлим жамғармаси томонидан молиялаштириладиган, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирокидаги уч томонлама AFOLU лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.

Экотизимларни тиклаш, ўрмонзорлар барпо этиш ва биохилма–хилликни асраш

Яна бир устувор йўналиш Ўзбекистоннинг табиатни муҳофаза қилиш ва табиий экотизимларни тиклаш соҳасидаги ташаббусларини тақдим этишдан иборат.

Халқаро майдонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш, чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича ёндашувлар намойиш этилади.

Хусусан, павильон дастурида табиатга асосланган ечимларни кенгайтириш, ўрмон ва ландшафт лойиҳаларини ривожлантириш, шунингдек, экологик тадбирларга қўшимча маблағ жалб этишда углерод бозорларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинади.

2027–2036 йилларни БМТнинг ўрмонзорлар барпо этиш ва ўрмонларни тиклаш бўйича Ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилиш ташаббуси алоҳида аҳамиятга эга. 17 ноябрь куни Ўзбекистон ва Конго Республикаси ҳамкорликда глобал ташаббусни тақдим этади ҳамда ушбу соҳада халқаро шериклик масалалари бўйича мулоқот ўтказади.

Шунингдек, Оролбўйи минтақасида табиатни муҳофаза қилишга қаратилган халқаро конвенциялар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш ҳамда табиий меросни сақлашга бағишланган тадбирлар ҳам бўлиб ўтади.

Яшил иқтисодиёт, иқлим молиялаштириши ва инновациялар

Дастурнинг салмоқли қисми иқлим инвестицияларини жалб этиш, айланма иқтисодиётни ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланади.

Жумладан, иштирокчилар иқлим молиялаштиришини сафарбар этишда молия институтлари ва банкларнинг роли, барқарор қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инвестиция имкониятлари ҳамда қурғоқчил ерлар учун Марказий Осиё углерод бирликлари стандартини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилади.

Алоҳида сессияларда чиқиндиларни хавфсиз бошқариш, айланма иқтисодиётни ривожлантириш, саноатни декарбонизация қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилади.

Илмий-технологик йўналиш иссиқхона газлари чиқиндиларини мониторинг қилиш, қуёш энергетикаси салоҳиятини баҳолаш, рақамли метеорология ҳамда прогнозлаш ва эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштиришда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига бағишланган муҳокамалар орқали намоён бўлади.

Иқлим ўзгаришига бардошли шаҳарларни ривожлантириш ҳам муҳим йўналишлардан бири бўлади. Иштирокчилар шаҳарларни комплекс режалаштириш, умумфойдаланишдаги яшил ҳудудларни кенгайтириш ва шаҳар инфратузилмасига табиатга асосланган ечимларни жорий этиш масалаларини кўриб чиқади.

Ёшлар ва экологик таълим – келажакка инвестиция

Ўзбекистоннинг COP31даги иштирокининг муҳим таркибий қисми экологик таълим соҳасидаги ташаббусларни илгари суриш ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб этиш бўлади.

Миллий павильонда экологик мактаблар тармоғини ривожлантириш, иқлим соҳасидаги янги етакчилар авлодини шакллантириш ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бунда ёшларни иқлим ечимларини амалга оширишга жалб этишнинг амалий механизмлари, экологик маданиятни ривожлантириш ва таълим имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг COP31даги дастури ўзаро боғлиқ бўлган кенг қамровли йўналишларни – иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш ва иқлим ўзгаришига мослашишдан тортиб, экотизимларни тиклаш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашгача бўлган масалаларни қамраб олади.

Мамлакатнинг конференциядаги иштироки халқаро ҳамжамиятга миллий тажрибани тақдим этиш, қўшма ташаббусларни илгари суриш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва иқлим лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча ресурсларни жалб этишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Асосий вазифа — белгиланган иқлим мақсадларидан Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг экологик барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган аниқ ҳаракатлар, инвестициялар ва натижаларга ўтишдир.