Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 225-сессияси консенсус асосида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган «Глобализация ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш» номли қарор лойиҳасини маъқуллади.
Ушбу муҳим ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурилган эди.
Замонавий дунё шиддат билан ўзгармоқда. Глобализация жараёнлари, шаҳарсозувлик суръатларининг ортиши, экологик деградация ва экстремал иқлим ўзгаришлари асрлар давомида сақланиб келган тарихий обидалар, маданий ландшафтлар ҳамда анъанавий билимларни жиддий хавф остида қолдирмоқда. Анъанавий усулда шаклланган экотизимларнинг бузилиши, табиий офатларнинг кўпайиши, урбанизация жараёнларининг назоратсиз кенгайиши нафақат табиат, балки асрлар давомида яратилган моддий ва номоддий маданий мерос объектларига ҳам тузатиб бўлмас зарар етказмоқда.
ЮНЕСКО экспертларининг таҳлилларига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган экстремал об-ҳаво шароитлари тарихий обидалар, археологик ёдгорликлар, ноёб маданий ландшафтлар ҳамда маҳаллий халқларнинг асрий билимларини хавф остида қолдирмоқда.
Ташаббуснинг бош ғояси ҳам айнан мана шу реал таҳдидларга қарши қаратилган бўлиб, у мавжуд муаммоларга тизимли, илмий асосланган ва комплекс ёндашиш зарурлигини қатъий кўрсатиб берди.
Қабул қилинган резолюция лойиҳасининг муваффақияти унинг жаҳон миқёсидаги кенг кўламли қўллаб-қувватловида яққол намоён бўлди. Дунёнинг 55 та давлати, жумладан Ижроия кенгашининг 24 та аъзоси (Озарбайжон, Албания, Миср, Индонезия, Қатар, Қирғизистон, Панама, Тожикистон, Таиланд, Туркия ва бошқалар) мазкур ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари қаторига кирди.
Бундай кенг география ва фаол иштирок халқаро дипломатияда кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, Ўзбекистон илгари сурган ташаббуснинг барча минтақалар учун бирдек муҳим ва манфаатли эканини тасдиқлайди.
Муҳокамалар жараёнида қатор давлатларнинг делегатлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ўз вақтида илгари сурилгани, унинг амалий аҳамияти ғоят юқори экани ҳамда ЮНЕСКОнинг устувор мақсадларига тўла мос келишини алоҳида қайд этиди. Хусусан, ҳужжатда маҳаллий жамоалар ва туб аҳолининг анъанавий билимларига таяниш, очиқ фан ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда иқлим рискларини олдиндан башорат қилиш ва мониторинг олиб бориш механизмларининг киритилгани халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Ушбу ёндашув ЮНЕСКОнинг Мехико ва Барселона шаҳарларида бўлиб ўтган маданият ва барқарор ривожланиш соҳасидаги сиёсат масалаларига бағишлаб ўтказилган Мондиакульт-2022 ва Мондиакульт-2025 бутунжаҳон конференцияларининг якуний декларациялари руҳига тўла мос келиб, маданият ва иқлим ўзгаришига қарши кураш орасидаги узвий боғлиқликни янги босқичга кўтаради.
Қабул қилинган қарорнинг энг муҳим амалий натижаларидан бири сифатида, 2027 йилда Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳрида ЮНЕСКО шафеълиги остида маданий мерос ва иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган халқаро симпозиузни ўтказиш маъқулланганини кўрсатиш мумкин.
Кўплаб давлатлар вакиллари Ўзбекистон томонига ушбу нуфузли халқаро форумга мезбонлик қилишга тайёр экани учун миннатдорлик изҳор этди. Хива симпозиуми нафақат дунёнинг етакчи олимлари, экспертлари ва сиёсатчиларини бир жойга жамлайдиган илмий платформа, балки иқлим ўзгаришларининг маданий меросга салбий таъсирини юмшатиш бўйича конкрет амалий қадамлар ишлаб чиқиладиган марказга айланиши кутилмоқда.
ЮНЕСКО Ижроия кенгаши томонидан Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан мазкур муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатнинг глобал маданий-гуманитар жараёнлардаги етакчилик ролини яққол намоён этди. Глобализация ва иқлим ўзгаришлари даврида тарихий ҳамда маданий меросни асраб-авайлаш фақат битта ҳудуднинг эмас, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг умумий бурчи экани Парижда яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Хива шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро симпозиум эса мазкур глобал кун тартибини амалий ҳаракатларга айлантирувчи муҳим тарихий босқич бўлиб хизмат қилади.
