Иқтисодиёт тармоқлари жадал ўзгараётган, рақамли технологиялар ҳаётнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бир пайтда таълим тизими олдида ҳам янги вазифалар пайдо бўлмоқда. Олий таълим мамлакатлар тараққиётига хизмат қиладиган ғоялар, илмий кашфиётлар ва инновацион ечимлар яратишга қодир авлодни шакллантириши зарур.
Шу нуқтаи назардан, туркий давлатлар ўртасида олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, бизнинг давлатларимизни муштарак тарих, яқин маданият, маънавий қадриятлар ва ўзаро англашув анъаналари бирлаштириб туради.
Жорий йил 29–30 октябрь кунлари Анқара шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити ҳам ана шу ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва истиқболли ташаббуслар учун янги имкониятларни белгилаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Саммит арафасида туркий давлатлар олий таълими олдида турган вазифалар, мавжуд имкониятлар ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақида фикр юритиш айни муддаодир.
Муштарак тарихдан умумий тараққиёт сари
Туркий халқларнинг кўп асрлик тарихи илм-маърифат, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва маданий алоқаларнинг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Туркий дунёдан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, олимлар ва алломалар жаҳон цивилизацияси тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Уларнинг илмий мероси бугун ҳам билимга интилиш, тафаккур эркинлиги ва маърифатпарварликнинг юксак намунаси бўлиб хизмат қилади.
Бугунги авлоднинг вазифаси ана шу бой меросни асраб-авайлаш билангина чекланиб қолмасдан, уни замонавий тараққиёт талаблари билан уйғунлаштиришдан иборат. Бунинг учун таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, ёшларнинг халқаро тажриба орттиришига шароит яратиш, олимлар ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш муҳимдир.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик айнан шу мақсадларга хизмат қилиши мумкин. Ҳамкорликнинг самарадорлиги эса, энг аввало, умумий мақсадларни аниқ белгилаш, уларни амалий дастурлар билан мустаҳкамлаш ва эришилган натижаларни изчил ривожлантиришга боғлиқ.
Олий таълим соҳасида бундай ёндашув бир неча муҳим йўналишни қамраб олади. Биринчидан, университетлар ўртасида академик алоқаларни мустаҳкамлаш орқали таълим сифати ва илмий салоҳиятни ошириш мумкин. Иккинчидан, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиради, янги билим ва тажрибаларни ўзлаштиришга ёрдам беради. Учинчидан, қўшма илмий лойиҳалар туркий давлатларнинг умумий муаммоларига ечим топиш, мавжуд интеллектуал ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Энг муҳими, таълим соҳасидаги интеграция мамлакатларнинг миллий манфаатлари ва ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши лозим.
Ўзбекистон: туркий таълим маконини шакллантириш йўлида
Ўзбекистонда олий таълимни модернизация қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим дастурларини халқаро талабларга мослаштириш, хорижий университетлар билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш бу борадаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Шу йўналишдаги ташаббуслардан бири — Туркий давлатлар халқаро университетининг ташкил этилишидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 январдаги «Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–24-сон қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида ташкил этилган мазкур университет туркий давлатлар ўртасида олий таълим, фан, инновациялар ва технологиялар соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Университет фаолиятининг асосий мақсади халқаро таълим стандартлари асосида замонавий иқтисодиёт талабларига жавоб берадиган, юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, шунингдек, қўшма академик ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини ривожлантиришдан иборат.
Бизнинг назаримизда, университетнинг аҳамияти фақат янги таълим муассасаси ташкил этилгани билан белгиланмайди. У туркий давлатларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш, таълим тизимлари ўртасида амалий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро тажрибани миллий таълим муҳитига олиб кириш учун янги имкониятлар яратади.
Университет фаолиятини йўлга қўйишда ҳамкорликнинг амалий натижа беришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим дастурларини ҳамкор университетлар билан мувофиқлаштириш, хорижий профессор-ўқитувчиларни ўқув жараёнига жалб этиш, замонавий лабораториялар ташкил қилиш ва талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини халқаро ҳамкорлик асосида йўлга қўйиш шулар жумласидандир.
Бундай ёндашув университетни оддий билим бериш масканидан таълим, тадқиқот ва ишлаб чиқаришни ўзаро боғловчи замонавий академик муҳитга айлантиришга хизмат қилади.
Халқаро ҳамкорлик: таълим сифати ва янги имкониятлар
Туркий давлатлар халқаро университети фаолиятида Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Ушбу ҳамкорлик таълим йўналишларини ривожлантириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар тажрибасидан фойдаланиш ва талабалар учун янги академик имкониятлар яратишга қаратилган.
2025/2026-ўқув йилида Туркия университетлари билан ҳамкорлик асосида бешта таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Улар даволаш иши, компьютер муҳандислиги, электр муҳандислиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ҳамда озиқ-овқат технологиясини қамраб олади.
Мазкур йўналишларда Туркиянинг Ҳажеттепе университети, Яқин Шарқ техника университети (METU), Истанбул техника университети (ITU) ва Эге университети билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Ҳамкорлик учун танланган йўналишлар замонавий иқтисодиётнинг муҳим эҳтиёжларига мос келади. Тиббиёт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Компьютер ва электр муҳандислиги эса рақамли иқтисодиёт, саноатни автоматлаштириш ва янги технологияларни жорий этишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги механизацияси ҳамда озиқ-овқат технологиялари соҳасидаги билимлар эса аграр тармоқ самарадорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ресурслардан оқилона фойдаланиш билан бевосита боғлиқ.
2026/2027-ўқув йилида ҳамкорлик географияси Озарбайжон ва Қозоғистон университетлари билан янги йўналишлар ҳисобига кенгайтирилмоқда. Нефть ва газ иши, кимё муҳандислиги, геология-қидирув ишлари техникаси ва технологияси, телекоммуникация технологиялари, халқаро ва қиёсий ҳуқуқшунослик йўналишларида яна бешта дастурни жорий этиш белгиланган.
Бу борада Озарбайжон давлат нефть ва саноат университети, Озарбайжон техника университети ҳамда Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университети билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Шундай қилиб, икки ўқув йилига мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари доирасида ўнта таълим йўналишини қамраб олиш кўзда тутилган. Бу эса университетнинг турли мамлакатлар тажрибасини бир академик муҳитда уйғунлаштиришга интилаётганини кўрсатади.
Ҳамкорликнинг муҳим жиҳати шундаки, у фақат таълим йўналишлари сонини кўпайтириш билан чекланмайди. Ўқув режалари ва фан дастурларини халқаро талабларга мослаштириш, хорижий мутахассисларни дарс жараёнига жалб қилиш, электрон таълим ресурсларидан фойдаланиш ва талабаларнинг халқаро амалиётларда иштирок этишини таъминлаш ҳам унинг таркибий қисмларидир.
Бундай механизмлар таълим мазмунини янгилаш, назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш ва битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш учун замин яратади.
Замонавий инфратузилма — сифатли таълим асоси
Халқаро ҳамкорликнинг самараси, энг аввало, унинг таълим жараёнида қандай акс этиши билан ўлчанади. Бунинг учун малакали педагоглар, замонавий ўқув дастурлари, илмий лабораториялар ва талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга мўлжалланган инфратузилма зарур.
Туркий давлатлар халқаро университетида ушбу йўналишларда амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2026 йил март ойида тиббиёт йўналиши талабалари учун клиник симуляция ва амалий кўникмалар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ҳажеттепе университетининг ўқув дастурлари ва клиник стандартлари асосида жиҳозланган марказда талабалар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, дастлабки ташхис қўйиш ва даволаш алгоритмларини замонавий тренажёрлар ҳамда роботлаштирилган мосламалар ёрдамида машқ қилиш имконига эга.
Бундай марказлар бўлажак шифокорларнинг касбий тайёргарлигида назария ва амалиёт ўртасидаги узвийликни таъминлашга хизмат қилади. Талаба ҳақиқий клиник муҳитга киришидан олдин турли вазиятларни моделлаштириш орқали ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Муҳандислик ва дастурлаш йўналишларида ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган компьютер лабораториялари ҳамда дастурий платформалар ташкил этилган. Нефть-газ, кимё ва электр муҳандислиги соҳалари бўйича лаборатория базаларини ривожлантириш ишлари давом этмоқда.
Шу билан бирга, талабалар ва хориждан таклиф этилган профессор-ўқитувчилар учун талабалар турар жойи, ахборот-ресурс маркази ва коворкинг ҳудудлари ташкил қилинган. Бу шароитлар таълим олиш, мустақил изланиш ва жамоавий лойиҳалар устида ишлаш учун қулай муҳит яратишга қаратилган.
Университетда рақамли таълим платформасининг ишга туширилгани ҳам муҳим қадамдир. У дарс жадваллари, ўқув материаллари, баҳолаш жараёнлари ва академик назоратни ягона рақамли маконда бирлаштиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда рақамлаштириш фақат техник воситаларни жорий этиш эмас, балки таълимни бошқариш маданиятини ўзгартириш, маълумотлардан самарали фойдаланиш ва таълим жараёнининг шаффофлигини ошириш воситаси ҳамдир.
Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси
Замонавий олий таълим муассасасининг салоҳияти фақат аудиторияларда бериладиган билим билан эмас, балки унинг илмий изланишлари, ишлаб чиқариш билан алоқалари ва амалий муаммоларга ечим топиш имкониятлари билан ҳам белгиланади.
Бугун иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида янги технологик ечимларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, телекоммуникация, тиббиёт ва ахборот технологиялари соҳаларида илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш рақобатбардошликнинг муҳим шартига айланди.
Шу боис туркий давлатлар университетлари ўртасидаги ҳамкорликни қўшма тадқиқотлар, лабораториялар ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш билан бойитиш зарур. Ҳар бир мамлакатда шаклланган илмий мактаблар, мутахассислар тажрибаси ва мавжуд инфратузилмани биргаликда ишлатиш орқали кўпроқ натижага эришиш мумкин.
Туркий давлатлар халқаро университети олдида ҳам таълим, фундаментал фан ва реал сектор корхоналари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш вазифаси турибди. Иқтисодиёт тармоқлари билан мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш талабаларнинг амалий тайёргарлигини ошириш, илмий ишланмаларни ривожлантириш ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш учун муҳим аҳамият касб этади.
Бунда корхоналарнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини олдиндан ўрганиш, таълим дастурларини шу талабларга мослаштириш, ишлаб чиқариш амалиётини тизимли ташкил қилиш ва талабаларни илмий лойиҳаларга жалб этиш муҳим ўрин тутади.
Илмий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан яна бири — сунъий интеллект ва рақамли инновациялардир. Катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, киберхавфсизлик, рақамли бошқарув ва интеллектуал тизимлардан фойдаланиш бўйича қўшма компетенция марказларини ташкил этиш туркий давлатлар учун янги имкониятлар очиши мумкин.
Шунингдек, иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш каби масалалар ҳам давлатларимиз олимларининг биргаликдаги изланишларини талаб қилади. Бу муаммоларнинг кўпчилиги миллий чегаралар билан чекланмайди. Шунинг учун уларга ечим топишда минтақавий илмий ҳамкорликнинг аҳамияти ортиб боради.
Ягона академик макон: талабалар ва олимлар учун янги имкониятлар
Туркий давлатлар ўртасида олий таълим интеграциясини чуқурлаштиришда академик мобиллик алоҳида ўрин тутади. Талабаларнинг бошқа мамлакатда муайян муддат таҳсил олиши, профессор-ўқитувчиларнинг маърузалар ўқиши, тадқиқотчиларнинг қўшма лойиҳаларда иштирок этиши билим ва тажриба алмашинувини кучайтиради.
Академик мобилликнинг самарали бўлиши учун ўзаро тан олинадиган ўқув натижалари, мувофиқлаштирилган таълим дастурлари, шаффоф баҳолаш мезонлари ва талабалар учун тушунарли маъмурий тартиблар зарур. Бундай механизмлар таълим олувчиларнинг бир мамлакатда эгаллаган билимларини бошқа мамлакатда давом эттиришига қулайлик яратади.
Шу маънода, туркий давлатлар доирасида академик мобиллик дастурларини ривожлантириш, грант ва стипендия имкониятларини кенгайтириш, қўшма диплом дастурларини кўпайтириш истиқболли вазифалардан ҳисобланади.
Қўшма диплом дастурлари талабаларга икки мамлакатнинг академик тажрибасидан фойдаланиш имконини беради. Бироқ бундай дастурларнинг муваффақияти таълим мазмунининг мувофиқлиги, сифат назорати ва битирувчилар малакасининг тан олиниши каби масалаларнинг пухта ҳал этилишига боғлиқ.
Туркий давлатлар халқаро университети фаолиятида ҳам ҳамкор университетлар билан ўқув дастурларини мувофиқлаштириш, хорижий профессорларни жалб қилиш ва талабаларнинг Туркия, Озарбайжон ҳамда Қозоғистондаги ҳамкор муассасалар базасида амалиёт ўташини ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.
Келгусида бу тажрибани янада кенгайтириш, талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун ўзаро алмашинув имкониятларини кўпайтириш ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш туркий давлатлар ўртасидаги таълим алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Яна бир муҳим йўналиш — ёш олимлар ва стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлашдир. Турли мамлакатлардан келган талабалар ва тадқиқотчиларни бирлаштирувчи илмий танловлар, инновацион лойиҳалар ва стартап-акселераторлар янги ғояларнинг пайдо бўлишига, уларнинг амалиётга татбиқ этилишига ёрдам беради.
Умумий мақсад — билимли авлод ва барқарор тараққиёт
Бугун туркий давлатлар олдида катта имкониятлар билан бир қаторда, жиддий вазифалар ҳам турибди. Жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар, технологик рақобат, экологик муаммолар ва меҳнат бозорининг янги талаблари таълим тизимидан доимий янгиланишни талаб қилмоқда.
Бундай шароитда давлатларимизнинг энг катта бойлиги — инсон капитали. Ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, мустақил фикрлаши ва янги ғоялар ярата олиши мамлакатларимизнинг келажагини белгилайди.
Шунинг учун олий таълим соҳасидаги ҳамкорликка фақат бугунги кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш воситаси сифатида қараш тўғри бўлмайди. У узоқ муддатли тараққиёт, илмий салоҳиятни ошириш ва келажак авлод учун янги имкониятлар яратишга қаратилган стратегик йўналишдир.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш орқали университетларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва ёшларимизнинг халқаро академик муҳитда ўз салоҳиятини намоён этиши учун шароит яратиш мумкин.
Туркий давлатлар халқаро университетининг фаолияти ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади. Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик, халқаро талабларга мос таълим дастурлари, замонавий лабораториялар ва академик мобиллик имкониятлари ушбу мақсад йўлидаги амалий қадамлардир.
Ишончимиз комилки, таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш туркий давлатларнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу эса нафақат университетларимиз, балки бутун минтақанинг инновацион тараққиёти, иқтисодий рақобатбардошлиги ва барқарор келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, умумий тарих бизни бирлаштирган бўлса, умумий билимлар, илмий изланишлар ва эзгу мақсадлар келажагимизни янада яқинлаштиради. Туркий давлатлар олий таълимининг янги имкониятлари ҳам айнан шу ғояда — муштарак меросни замонавий билимлар билан бойитиш, интеллектуал салоҳиятни бирлаштириш ва умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик қилишда намоён бўлади.
Баҳодир Тураев,
Туркий давлатлар халқаро университети ректори в.б
