Ўзбекистон экспортини кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш ишончли логистика, капиталга кириш имконияти ҳамда хорижий бозорларда барқарор ва прогноз қилинадиган шарт-шароитларни талаб этади. Ушбу вазифалар 28 давлатни бирлаштирган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) иқтисодий кун тартибида муҳим ўрин тутади. 2026 йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида ОҲИЧКнинг еттинчи саммити ўтказилди . Саммит Озарбайжон раислиги даврида бўлиб ўтади. Мазкур раисликнинг устувор йўналишлари сифатида ўзаро боғлиқлик, рақамлаштириш ва барқарор ўсиш белгиланди.
ОҲИЧК иштирокчилари орасида Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳам бор. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Афғонистон ҳиссасига республика ташқи савдо айланмасининг жами қарийб 53 фоизи тўғри келди. Кўп томонлама платформа ташувларни ташкил этиш ёки инвестициявий ташаббусларни амалга ошириш учун бир нечта давлатнинг мувофиқлаштирилган иштироки зарур бўлган йўналишларда шаклланган икки томонлама муносабатларни тўлдиради.
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларида МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2020 йилдаги 11,8 миллиард доллардан 2025 йилда 28,1 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг январ–июль ойларида товар айирбошлаш ҳажми 18,3 миллиард долларни ташкил этиб, ўсиш суръати 122,7 фоизга етди. Август ойи бошидаги ҳолатга кўра, республикада Россия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон капитали иштирокидаги қарийб 5 800 та корхона фаолият юритган.
Турли бозорлар билан ишлашда етказиб бериш йўналишларини уларнинг қиймати ва муддатларини ҳисобга олган ҳолда танлаш имконини берувчи, бир-бирини тўлдирадиган транспорт йўлаклари тармоғи муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиёнинг Жанубий ва Шарқий Осиё ҳамда Яқин Шарқ билан ишлаб чиқариш-логистика алоқаларини ривожлантириш масаласи Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йилда Остонада бўлиб ўтган ОҲИЧК саммитида иқтисодий устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилган эди
Шунингдек, билимлар иқтисодиёти ва замонавий технологияларни ривожлантириш ҳам устувор вазифалар қаторида кўрсатиб ўтилган.
Мазкур кун тартибининг амалий масалалари 2026 йил июнь ойида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича иккинчи Термиз мулоқотида кўриб чиқилди. ОҲИЧК Котибияти иштирокида ўтказилган тадбир Кенгашга аъзо 17 давлат вакилларини бирлаштирди. Мультимодал йўналишлар ва рақамли логистика масалалари муҳокамаси ҳудудлар ўртасидаги юк ташиш ва савдога хизмат кўрсатувчи Termez Cargo Terminal ҳамда “Айритом” халқаро савдо маркази инфратузилмаси билан танишиш билан давом этди.
Каспий минтақаси портлари билан алоқалар қуруқликдаги транспорт тармоғини денгиз йўналишларига чиқиш имконияти билан тўлдиради. Сентябр ойида Боку шаҳрида ўтказилган ОҲИЧК давлатлари портлари раҳбарларининг конференцияси денгиз, темир йўл ва автомобил транспорти орқали ташувларни мувофиқлаштириш, юкларга ишлов бериш ҳамда операторлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланди.
Транспорт кун тартиби МДҲ доирасида техник талабларни яқинлаштириш, мувофиқликни баҳолаш натижаларини ўзаро тан олиш ҳамда нотариф тўсиқларни бартараф этиш борасидаги ишлар билан чамбарчас боғлиқ. Электрон ҳужжат айланиши юкларни расмийлаштириш ва назорат тартиб-таомилларидан ўтиш учун сарфланадиган вақтни қисқартиради.
Ҳудудлар ва бизнес ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар технологиялар трансфери, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва янги материалларни ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар учун ҳамкорлар ҳамда тегишли майдонларни танлаш имконини беради. Бундай алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи МДҲ Ҳудудлар форумида алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбиркорлик соҳасидаги ҳамкорлик учун қўшимча имкониятларни ОҲИЧК Ишбилармонлар кенгаши ҳам яратиб, Кенгашга аъзо давлатларнинг ишбилармон доиралари ва бирлашмалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.
2026 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган МДҲ Инновацион саноат форумида сунъий интеллектни қўллаш, шунингдек, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Кичик ва ўрта бизнеснинг бундай ишлаб чиқариш занжирларида иштирок этиши йирик корхоналар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ва ихтисослаштирилган хизматлар кўрсатиш имкониятларини яратади.
Қўшма лойиҳаларни тайёрлаш молиялаштириш манбаларини келишишни ҳам талаб этади. Тегишли миллий институтлар билан алоқаларни йўлга қўйишнинг қўшимча механизми сифатида ОҲИЧК Молиявий саммити хизмат қилади. Унинг биринчи йиғилиши 2026 йил 8 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Саммитнинг маслаҳатлашув кун тартиби ривожланишни молиялаштириш, инвестициявий ҳамкорлик ва рақамли ечимларни қамраб олади. Ўзбекистон томони логистика, энергетика ва саноат соҳаларидаги ташаббусларни салоҳиятли инвесторларга тақдим этиш ҳамда уларни амалга ошириш шартларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлади.
Кўп томонлама форматлардаги иштирок янги мамлакатлар бозорларига чиқиш ва қўшма лойиҳаларни тайёрлашда шаклланган ҳамкорлик алоқаларига таяниш имконини беради. Ушбу ишларнинг иқтисодий самараси янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, узоқ муддатли экспорт шартномаларини тузиш ҳамда Ўзбекистонда яратиладиган қўшилган қиймат ҳажмининг ошиши билан ўлчанади.
