(Русский) Мир и доверие в Азии – непременные условия устойчивого развития

(Русский) Мир и доверие в Азии – непременные условия устойчивого развития

ХХI асрнинг учинчи ўн йиллиги халқаро ҳамжамият  учун мураккаб ва айни пайтда янги имкониятларга бой давр бўлмоқда. Шу маънода, бугун ишончни тараққиётнинг ўзига хос капитали сифатида баҳолаш мумкин. Чунки сиёсий ишонч мавжуд бўлган маконда иқтисодий ҳамкорлик кенгаяди, инвестициявий муҳит яхшиланади, транспорт ва логистика алоқалари ривожланади, илмий-технологик алмашинув жадаллашади. Энг муҳими, давлатлар умумий муаммоларга алоҳида-алоҳида эмас, балки ҳамкорлик асосида ечим излай бошлайди.

БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Марказий Осиёнинг тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди сифатидаги ўрни халқаро даражада эътироф этилган. 2025 йил БМТ минбарида Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиёда ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши, иқтисодий ва гуманитар алоқаларнинг кенгайиши ҳамда барқарорликни таъминлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тенглик, бирдамлик ва ўзаро масъулиятга асосланган янги минтақавий кун тартибини шакллантираётганини таъкидлаган эди.

2026 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеясида Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган резолюциянинг қабул қилиниши бу жараённинг мантиқий давоми бўлди. Унда инновацияларни рағбатлантириш, янги иш ўринларини яратиш, узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиёни тинч, барқарор ва фаровон ҳудудга айлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида қаралади. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари эса позицияларни мувофиқлаштириш, умумий ташаббусларни илгари суриш ва ўзаро ишончни институционал асосда мустаҳкамлашнинг муҳим механизмига айланди.

Бугунги Осиё глобал иқтисодиёт, саноат, инновация ва технологик тараққиётнинг етакчи маконларидан биридир. Бироқ қитъанинг узоқ муддатли истиқболи фақат иқтисодий ўсиш суръатлари билан белгиланмайди. Осиёнинг ҳақиқий салоҳияти турли сиёсий, иқтисодий ва маданий тизимларга эга давлатларнинг умумий манфаатлар атрофида ҳамкорлик қила олиш қобилиятига ҳам боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, замонавий халқаро муносабатларда “боғлиқлик” тушунчасининг мазмуни ҳам ўзгариб бормоқда. Илгари у, асосан, транспорт ва савдо йўллари билан изоҳланган бўлса, бугун транспорт, энергетика, рақамли инфратузилма, илм-фан, таълим ва инсонлараро алоқаларни қамраб олувчи комплекс ҳодиса сифатида намоён бўлмоқда.

Бир мамлакатда яратилган технологик янгилик бошқа давлат иқтисодиётининг самарадорлигини ошириши, қўшма илмий тадқиқот эса бутун минтақа учун долзарб бўлган муаммога ечим таклиф қилиши мумкин. Шу сабабли янги Осиё модели фақат товар ва капитал ҳаракатига эмас, балки билим, технология ва инсон капиталининг эркин алмашинувига ҳам таяниши зарур.

 Бу борада Марказий Осиё ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболли мисоллардан биридир. 2026 йил сентябрь ойида Сеулда ўтказилган биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида хавфсизлик, амалий иқтисодий ҳамкорлик ва гуманитар алмашинувлар устувор йўналишлар сифатида муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони ушбу ҳамкорликнинг очиқ, прагматик ва бунёдкорлик хусусиятини алоҳида таъкидлади.

Бу каби форматларнинг қиймати шундаки, улар анъанавий дипломатик муносабатларни конкрет иқтисодий, технологик, илмий ва таълим лойиҳалари билан бойитади. Натижада ўзаро ишонч сиёсий декларация даражасидан чиқиб, амалий натижаларда намоён бўла бошлайди.

Барқарор тинчликнинг энг мустаҳкам асосларидан бири – бу инсонлар ўртасидаги ўзаро англашувдир. Уни шакллантиришда таълим, илм-фан ва маданиятнинг ўрни беқиёс.

Сиёсий келишувлар давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий ва институционал асосини яратади. Аммо давлатлар ўртасидаги узоқ муддатли ишончни, аввало, бир-бирининг тили, тарихи, маданияти ва қадриятларини тушунадиган инсонлар мустаҳкамлайди.

Шу боис университетларни фақат кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаси сифатида кўриш бугунги давр талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Замонавий университет – илмий ғоялар яратиладиган, турли маданиятлар мулоқот қиладиган, ёшлар халқаро тажриба орттирадиган ва давлатлар ўртасида узоқ муддатли интеллектуал алоқалар шаклланадиган макондир.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги таълим ҳамкорлиги бу борада эътиборга молик тажрибани намоён этмоқда. Олий таълим, касбий тайёргарлик, фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб, таълим икки мамлакат муносабатларининг инсон капиталини шакллантирувчи муҳим йўналишига айланмоқда. Хусусан, замонавий технологияни шунчаки импорт қилиш эмас, балки уни тушунадиган, маҳаллий шароитга мослаштирадиган ва ривожлантира оладиган мутахассисларни тайёрлаш зарурлиги тобора долзарб бўлмоқда.

Бу ёндашувнинг концептуал аҳамияти шундаки, таълим–илм–фан–инновация–ишлаб чиқариш занжири иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда халқаро ҳамкорликнинг барқарорлигини ҳам таъминлайди. Қўшма илмий лабораториялар, академик алмашинув, профессор-ўқитувчилар ва талабалар мобиллиги, халқаро тадқиқот лойиҳалари давлатлар ўртасида профессионал ишончни шакллантиради. Профессионал ишонч эса вақт ўтиши билан жамиятлараро ишончга айланади. Шу маънода, таълимга йўналтирилган халқаро ҳамкорликни тинчликка киритилган узоқ муддатли инвестиция деб баҳолаш мумкин.

Мазкур масалага Бухоро мисолида қарайдиган бўлсак, тарих ва бугунги кун ўртасидаги ўзига хос узвийликни кўриш мумкин. Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаларидан бири бўлган Бухоро асрлар давомида нафақат савдо, балки илм-фан, таълим, маданият ва ғоялар алмашинуви маркази бўлиб келган.

Бу тарихий тажриба бугунги давр учун ҳам муҳим мазмун касб этади. Қадимда карвон йўллари орқали халқлар ва цивилизацияларни боғлаган Бухоро бугун халқаро таълим, илмий ҳамкорлик ва академик дипломатия орқали турли давлатлар ўртасидаги мулоқотга ҳисса қўшиши мумкин.

Бухоро давлат университетида халқаро ҳамкорликка айнан шу нуқтаи назардан ёндашамиз. Хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар, халқаро конференциялар, академик мобиллик, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви яхши йўлга қўйилган.

Мақсадимиз – билим орқали халқларни яқинлаштириш ва илмий ҳамкорлик орқали ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бунда ёшларнинг ўрни жуда муҳим. Халқаро академик дастурда иштирок этаётган талаба эртага олим, муҳандис, тадбиркор, дипломат ёки давлат бошқаруви мутахассиси бўлиши мумкин. Унинг бошқа мамлакат ва маданият вакиллари билан бугун шаклланган мулоқот тажрибаси келажакдаги профессионал қарорларига ҳам таъсир қилади.

Университетлар ўртасидаги ҳамкорликнинг натижасини фақат имзоланган меморандумлар ёки амалга оширилган лойиҳалар сони билан баҳолаш етарли эмас. Унинг энг муҳим натижаси – бир-бирини тушунадиган, умумий мақсадлар йўлида ҳамкорлик қила оладиган янги авлодни шакллантиришдир.

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларида ҳам тинч ва инклюзив жамиятларни шакллантириш барқарор тараққиётнинг ажралмас шарти сифатида белгиланган. Бу ёндашув бежиз эмас. Тинчлик бўлмаган жойда узоқ муддатли инвестиция қилиш қийин. Беқарор муҳитда илмий тадқиқот ва инновация сустлашади, ишончсизлик ҳукм сурган шароитда эса давлатлар ўз ресурсларини ривожланишга эмас, хавфларни  камайтиришга сарфлайди. Шу сабабли Осиёда барқарор тараққиёт ҳақида фикр юритганда учта ўзаро боғлиқ тушунчани бир бутун ҳолда кўриш зарур: тинчлик, ишонч ва инсон капитали.

Тинчлик – ривожланиш учун барқарор муҳит яратади. Ишонч – давлатлар, институтлар ва жамиятлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиради. Инсон капитали эса ушбу имкониятларни илмий, технологик, иқтисодий ва ижтимоий натижаларга айлантиради.

2026 йил БМТ Бош Ассамблеясида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашга доир ташаббуснинг қўллаб қувватланиши ҳам айнан тинчлик, яхши қўшничилик ва барқарор иқтисодий тараққиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни ифодалади.

Бугунги шароитда Осиёнинг келажаги бир давлатнинг алоҳида муваффақияти билан эмас, минтақадаги давлатларнинг умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш салоҳияти билан ҳам белгиланади. Иқлим ўзгариши, сув ресурслари, экологик хавфсизлик, энергетика, озиқ-овқат таъминоти, рақамли трансформация ва технологик тараққиёт миллий чегаралар билан чекланмайдиган масалалардир. Уларнинг ечими ҳам трансмиллий ҳамкорликни талаб этади.

Шунинг учун бугунги давр биздан тинчликни фақат можароларнинг йўқлиги сифатида эмас, ривожланиш имкониятларини яратадиган фаол ижтимоий-сиёсий муҳит сифатида тушунишни талаб қилади. Ишончни эса дипломатик муносабатларнинг мавҳум категорияси эмас, иқтисодий ва интеллектуал ҳамкорликнинг амалий механизми сифатида баҳолаш лозим.

Осиёнинг ХХI асрдаги тараққиёти кўп жиҳатдан давлатлар ўртасидаги ишончни қай даражада мустаҳкамлашимиз, мулоқотни қанчалик самарали йўлга қўйишимиз ва умумий манфаатларни рақобатдан устун қўя олишимизга боғлиқ.

Марказий Осиёда шаклланаётган янги ҳамкорлик муҳити бу йўлда муҳим тажрибани намоён этмоқда. Очиқ мулоқот, яхши қўшничилик, иқтисодий интеграция, илмий ва гуманитар алмашинув давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги босқичини шакллантирмоқда.

Эндиги вазифа ушбу ишончни мустаҳкам институтлар, қўшма иқтисодий ва илмий лойиҳалар, академик алмашинувлар, маданий мулоқот ҳамда ёшлар ҳамкорлиги орқали янада чуқурлаштиришдан иборат. Зеро, тинчлик фақат бугунги кун осойишталиги эмас – у келажак тараққиётига яратилган имкониятдир. Ишонч эса шу имкониятни рўёбга чиқарувчи кучдир. Тинчлик ишончни шакллантиради, ишонч ҳамкорликни кенгайтиради, ҳамкорлик эса барқарор тараққиёт ва умумий фаровонлик учун мустаҳкам замин яратади.

Обиджон Хамидов

Бухоро давлат университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор