Марказий Осиёда ҳаёт азалдан сув билан чамбарчас боғлиқ. Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида тараққиёт асрлар давомида сув манбалари атрофида шаклланган.
Бугун сув масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Иқлим ўзгариши, аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиши, музликларнинг қисқариши, қурғоқчилик ва кескин об-ҳаво ҳодисалари сувга бўлган босимни кучайтирмоқда. Бир нарса аниқ: Марказий Осиёда сув хавфсизлигини бирор давлат ёлғиз ўзи таъминлай олмайди. Бунинг йўли — ҳамкорлик, ўзаро ишонч, аниқ ҳисоб ва умумий масъулият.
Бир дарё ҳавзаси — муштарак манфаатлар
Марказий Осиёдаги йирик дарёлар бир мамлакат ҳудудида шаклланиб, бошқа давлатлар орқали оқиб ўтади. Сирдарё суви Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон учун, Амударё суви эса Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистон учун бирдек муҳим.
Шунинг учун минтақада “юқори оқим” ва “қуйи оқим” манфаатларини бир-бирига қарши қўйиш эмас, улар ўртасида мувозанатни сақлаш муҳим. Бир мамлакат учун сув гидроэнергетика манбаи бўлса, бошқаси учун экинларни суғоришнинг асосий манбаидир. Дарёлар экотизимини асраш, Оролбўйидаги вазиятни яхшилаш ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш эса барча давлатлар учун умумий вазифадир.
Марказий Осиёда сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланади. Сувни фақат бир тармоқ ёки бир мамлакат манфаатидан келиб чиқиб бошқариб бўлмайди. Сув, энергия, озиқ-овқат ва экология ўртасидаги боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда, минтақавий ёндашув зарур.
Очиқ мулоқот — амалий натижаларга йўл
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида очиқ мулоқот кучайди. Бу сув соҳасидаги муносабатларга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Илгари асосий эътибор мавсумий сув тақсимотига қаратилган бўлса, бугун сув ва энергетика ҳамкорлиги, умумий сув иншоотларини биргаликда бошқариш, рақамлаштириш, сув ҳисобини яхшилаш, илм-фан ва кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам кун тартибига чиқди.
2025 йил ноябрь ойида Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президенти сув тақчиллиги кучайиб бораётганини таъкидлаб,
2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳузурида Минтақавий сув хўжалиги компетенциялар марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
2026 йил апрелида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида Ўзбекистон раҳбари мамлакатимизнинг 2027–2029 йилларда Жамғармага раислиги давридаги устувор вазифаларни ҳам белгилаб берди. Улар орасида Жамғарма фаолиятининг ташкилий ва ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, Орол денгизи ҳавзаси дастурлари самарадорлигини ошириш, халқаро маблағларни жалб этиш, сув маданиятини юксалтириш ва соҳада малакали кадрлар тайёрлаш каби вазифалар бор.
Келишувлар — ҳамкорликнинг амалий асоси
Минтақавий мулоқот аниқ келишувлар ва амалий ишлар билан мустаҳкамлансагина самара беради.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2025 йил 15 ноябрда трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида Битим имзоланди. У икки мамлакатнинг сув соҳасидаги ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, масъул идоралар ишини мувофиқлаштириш ва умумий сув объектларидан самарали фойдаланишга қаратилган.
Қирғиз Республикаси билан ҳам қўшма комиссиялар доирасида сувдан фойдаланиш, гидротехник иншоотларни ишлатиш ва суғориш мавсумида сув тақсимоти мунтазам муҳокама қилинади. 2026 йил 15 май куни Наманганда Ўзбекистон–Қирғизистон сув хўжалиги масалалари бўйича Қўшма комиссиясининг саккизинчи йиғилиши ўтказилди. Июнь ойида эса Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон 2026 йилги суғориш мавсуми учун сув чиқариш ҳажмлари ва электр энергияси етказиб бериш масалаларини келишиб олди.
Тожикистон билан қўшма Ишчи гуруҳи доирасида сув хўжалигидаги трансчегаравий лойиҳалар, сув ресурсларини бошқариш бўйича тажриба алмашиш ва бошқа амалий масалалар муҳокама қилиб борилмоқда.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида ёзги даврда “Баҳри Тожик” сув омборининг иш режимини келишиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу масала ҳар йили уч мамлакат вакиллари иштирокидаги ишчи йиғилишларда келишиб олинади ва тегишли баённомалар билан расмийлаштирилади.
Туркманистон билан Сув масалалари бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ишламоқда. Томонлар сув тежовчи технологиялар, коллектор-дренаж тармоқларини реконструкция қилиш, ирригация соҳасида илм-фан ва кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, 2025 йилда Туркманистон ҳудудидаги “Озёрний” ва “Дарёлик” магистрал коллекторларини реконструкция қилишнинг иккинчи босқичи бажарилди.
Бу мисоллар сув соҳасидаги ҳамкорлик умумий гаплардан аниқ амалий ишларга — комиссиялар, келишувлар, техник лойиҳалар ва сув-энергетика алмашинувига ўтаётганини кўрсатади.
Аниқ ҳисоб — ишонч гарови
Сув масаласида ишонч фақат баёнотлар билан эмас, аниқ ва очиқ маълумотлар билан мустаҳкамланади.
Дарёда қанча сув бор? Сув омборларидаги захира қанча? Қанча сув чиқарилди ва қанчаси истеъмолчига етказилди? Йўл-йўлакай қанча сув йўқотилди? Бу саволларга барча томон ишонадиган аниқ маълумотлар асосида жавоб бериш керак.
Шунинг учун трансчегаравий гидропостларни автоматлаштириш, маълумотни масофадан олиш, сув сарфини рақамли усулда ҳисоблаш ва давлатлар ўртасидаги маълумот алмашиш тизимларини уйғунлаштириш муҳим.
2026 йил июль ойида Жаҳон банки Марказий Осиёда трансчегаравий сув ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган “Марказий Осиё мамлакатларининг сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича минтақавий ҳамкорлик лойиҳаси”ни (CAWEC) маъқуллади.
Лойиҳа доирасида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасига 20 миллион доллар грант ажратилиши кўзда тутилган. Бу маблағ Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида сув ҳисобини рақамлаштириш, ахборот тизимларини янгилаш ва мутахассислар малакасини оширишга йўналтирилади. Шунингдек, 2031 йилга қадар камида икки Марказий Осиё давлати иштирокида ўзаро манфаатли трансчегаравий инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш, уларнинг дастлабки техник-иқтисодий асослари, лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда экологик ва ижтимоий баҳолашларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Лойиҳа натижаларидан тўғридан-тўғри ёки билвосита қарийб
60 миллион киши манфаат кўриши кутилмоқда.
Ўзбекистонда сув тежаш — минтақа манфаатига ҳам хизмат қилади
Трансчегаравий сувлардан оқилона фойдаланиш учун ҳар бир мамлакат, аввало, ўз ҳудудида сувни тежашга масъулият билан ёндашиши керак.
2017 йилда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар 28 минг гектар майдонда қўлланилган эди. 2025 йил якунига келиб бу кўрсаткич 2,6 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг қарийб
60 фоизига етди. 2026 йил бошидан буён яна 640 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди.
Мамлакатимизда 4,3 миллион гектар суғориладиган майдонни сув билан таъминлаш учун қарийб 174 минг километр суғориш тармоғидан фойдаланилади. Бу катта тизимни янгилаш, каналлардаги сув йўқотишларини камайтириш ва самарадорликни ошириш учун бюджет маблағлари йил сайин кўпайтирилмоқда. Жумладан, ирригация ва мелиорация ишларига 2017 йилда 842 миллиард сўм, 2020 йилда 1,7 триллион сўм, 2025 йилда эса 3 триллион сўм йўналтирилган.
2026 йилда ирригация ва мелиорация объектларига давлат бюджетидан 4,1 триллион сўм ажратилди. Бу 2017 йилга нисбатан 4,9 баробар кўп.
Сув тежовчи технологиялар, ерларни лазерли текислаш, ирригация тармоқларини таъмирлаш ва бетонлаш, рақамлаштириш, экин таркибини мақбуллаштириш ҳамда агротехник тадбирлар ҳисобига 2026 йил якунига қадар 11 миллиард куб метр сувни тежаш кўзда тутилган. 2025–2028 йилларга мўлжалланган давлат дастурида бу кўрсаткични 2027 йилда 12 миллиард, 2028 йилда 13 миллиард куб метрга етказиш белгиланган.
Бу рақамлар бутун минтақа учун ҳам аҳамиятли. Чунки бир мамлакатда тежалган ҳар бир куб метр сув умумий дарё ҳавзасига тушадиган босимни камайтиради. Демак, сув тежаш — фақат миллий вазифа эмас, балки яхши қўшничиликнинг ҳам амалий ифодасидир.
Келажакнинг беш таянчи: ҳуқуқ, ҳисоб, технология, илм ва сув маданияти
Марказий Осиёда сув ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун беш йўналиш муҳим.
Биринчидан, давлатлараро ҳамкорлик механизмларини замон талабларига мослаштириш зарур. Сув тақсимоти, умумий инфратузилмадан фойдаланиш ва маълумот алмашишнинг аниқ ҳуқуқий қоидалари бўлиши керак.
Иккинчидан, сув ҳисобини рақамлаштириш ва сувнинг ҳолати ҳамда оқимига оид маълумотларни тезкор алмашиш керак. Ишончли маълумот — ишончли ҳамкорликнинг пойдевори.
Учинчидан, эскирган каналлар, гидротехник иншоотлар, насос станциялари ва сув ўлчаш объектларини янгилаш бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш зарур. Чунки бир мамлакат ҳудудидаги сув иншоотининг яхши ишлаши бир неча давлат манфаатига хизмат қилиши мумкин.
Тўртинчидан, сув ва энергетика масалаларини бир-биридан ажратмасдан кўриб чиқиш лозим. Сув омборларининг иш режими, электр энергияси етказиб бериш ва мавсумий эҳтиёжларни ўзаро мувофиқлаштириш сувдан самарали фойдаланишга ёрдам беради.
Бешинчидан, илм-фан, кадрлар ва сувдан фойдаланиш маданиятига эътиборни кучайтириш керак. Замонавий технологиянинг ўзи кифоя эмас. Уни биладиган мутахассис, сувни тежашдан манфаатдор фермер ва сув қадрини англайдиган жамият ҳам бўлиши керак.
Сув тежаш — фақат сувчиларнинг иши эмас. Бу ҳар бир инсоннинг иқтисодий қараши, табиат олдидаги масъулияти ва кундалик маданияти билан боғлиқ.
Сув — умумий келажак учун умумий масъулият
Марказий Осиё тарихига назар ташласак, сув халқларни ажратмаган, аксинча, бирлаштирган. Каналлар, ариқлар ва дарёлар бўйида қишлоқ ва шаҳарлар, бозорлар, маданий алоқалар шаклланган. Бугун ҳам сувнинг ана шу бирлаштирувчи кучини асраш муҳим.
XXI асрда сувни бошқариш фақат унинг қанча экани билан ўлчанмайди. Натижа давлатларнинг қай даражада ҳамкорлик қилиши, сувни қанча тежаши, уни қанчалик аниқ ҳисобга олишига ҳам боғлиқ.
Олдимиздаги вазифалар осон эмас. Сувга талаб ортади, иқлим ўзгаради, иқтисодиётлар ривожланади. Аммо минтақамизда ҳамкорлик муҳити бор. Давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти, икки ва кўп томонлама келишувлар, замонавий технологиялар ҳамда халқаро ҳамкорларнинг кўмаги мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш имконини беради.
Сувни биргаликда асраш — тинчлик ва барқарорликни асрашдир. Оби ҳаётдан оқилона фойдаланиш эса иқтисодий тараққиётга сармоядир. Шу билан бирга, минтақанинг умумий, фаровон ва барқарор келажагига хизмат қилади.
Шавкат ХАМРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор
