ТДТ аъзо мамлакатлар — Евроосиё маконида муҳим бўғин ҳисобланади

ТДТ аъзо мамлакатлар — Евроосиё маконида муҳим бўғин ҳисобланади

Сўнгги йилларда жаҳон савдо йўналишларида рўй бераётган туб ўзгаришлар ва таъминот занжирларидаги узилишлар ишончли ҳамда муқобил транспорт йўлакларига бўлган эҳтиёжни кескин оширмоқда. Бундай шароитда Европа ва Осиё туташган стратегик ҳудудда жойлашган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатларнинг транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлиги минтақавий интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланиб бормоқда.

Ҳамкорликнинг иқтисодий пойдевори йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда. 2025 йилда ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди, унинг ўсиш суръати эса (6,8 фоиз) глобал кўрсаткичдан икки баробар юқори бўлди. Шу даврда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдо айланмаси 14 фоизга ўсиб, 11 миллиард долларга етди.

Транспорт кўрсаткичлари ҳам ушбу тенденцияни тасдиқлайди. 2026 йилнинг 6 ойи якунларига кўра, мамлакатимизнинг ТДТ давлатлари билан экспорт-импорт юк ташувлари 8,5 млн тоннани ташкил этиб, умумий халқаро ташувларнинг қарийб 29 фоизини қамраб олди. Бунда, ТДТ давлатлари билан умумий ташувлардан 66 фоизи Қозоғистон, 21 фоизи Қирғизистон, 7 фоизи Туркия, 5 фоизи Туркманистон ва 1 фоизи Озарбайжон билан амалга оширилди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ташкилот доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва аъзо давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йил 7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” шиори остида Туркий давлатлар ташкилотининг XII саммити бўлиб ўтди.

Саммит якунлари бўйича томонлар сиёсий, иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Габала декларациясини қабул қилдилар. Шу билан бирга, Ўрта йўлакни ривожлантириш ташкилотнинг стратегик устувор йўналиши сифатида мустаҳкамланган ҳамда ташқи ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган «ТДТ+» формати жорий этилган эди.

Ундан ташқари, 2026 йил ҳисобида ҳам ТДТ доирасида қатор муҳим тадбирлар ўтказилди. Хусусан, 2026 йил 2 апрель куни Боку шаҳрида ташкилотга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди. Унда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга устувор эътибор қаратилди. Саноат кооперацияси ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, шу жумладан Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўл лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

2026 йил 23 апрель куни Бишкек шаҳрида ТДТ транспорт вазирларининг 9-йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда e-Permit лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди. Шунингдек йиғилиш якунлари бўйича e-CMR электрон юк хати тизимини жорий этиш бўйича Меморандум имзоланди. Мазкур тизим транспорт ҳужжатларини электрон шаклда узатиш ва чегаралардаги расмийлаштириш муддатларини сезиларли қисқартириш имконини яратади.

2026 йил 15 май куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида «Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш» мавзусида ТДТнинг норасмий саммити бўлиб ўтди. Саммит якунида қабул қилинган Туркистон декларациясида транспорт соҳасига оид бир қатор амалий вазифалар белгиланди. Жумладан, e-CMR тизимини жорий этиш,
e-Permit тизимини тўлиқ ишга тушириш ва Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (Ўрта йўлак)да ҳужжат айланишини соддалаштириш учун миллий «ягона дарча» тизимларини интеграция қилиш, eTIR тартиботини жорий этиш, шунингдек, юк ташишдаги муаммоларни ҳал этиш бўйича аъзо давлатларнинг ваколатли органлари, чегара хизматлари ва транспорт операторлари ўртасида ягона қўллаб-қувватлаш тизимини яратишни рағбатлантириш маъқулланди.

Туркистон саммитида сўзга чиққан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўрта йўлакнинг стратегик ўрнидан келиб чиқиб, уни қурилиши жадал давом этаётган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли билан боғлашга алоҳида эътибор қаратилишини қайд этди. Саммитда минтақадаги маълумотлар марказларини юқори тезликдаги алоқа каналлари билан боғлайдиган «Рақамли туркий коридор» концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича туркий альянсни ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди.

Шу ўринда рақамлаштириш соҳасида мамлакатимиз эришган натижаларни алоҳида таъкидлаш лозим. 2021 йилда дунёда илк бор Ўзбекистон ва Туркия ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон алмашиш e-Permit тизими ишга туширилган бўлса, 2022 йил декабрь ойида Озарбайжон билан eTIR тизими асосида дунёдаги биринчи пилот ташув амалга оширилди. Бугунги кунда эса e-Permit тизими ТДТнинг барча аъзо давлатлари билан тўлиқ татбиқ этилган бўлиб, навбатдаги қадам сифатида халқаро автомобиль ташувларда ишлатиладиган электрон юк хати (e-CMR) тизимини амалиётга жорий этиш кун тартибида турибди.

Минтақанинг интеграциясида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» ҳамда «Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» темир йўл лойиҳалари алоҳида ўрин тутади. Бири Хитойдан Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига олиб борадиган энг қисқа йўлакни шакллантирса, иккинчиси Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий Осиё ва Евроосиё темир йўл тизимлари билан боғлайди.

Сўнгги йилларда Транскаспий йўлагига ҳам эътибор ортиб бормоқда. Ўтган 5 йил мобайнида Ўзбекистон юкларининг Боку порти орқали транзити 2 баробарга ошиб, 2025 йилда 1,2 млн тоннага етди. 2026 йилнинг январь-июнь ойлари натижаларига кўра ушбу кўрсаткич 0.5 млн тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 фоизга ошган.

Хулоса қилиб айтганда, Ташкилот доирасида олиб борилаётган жадал ҳамкорлик туркий давлатлар ўртасида ягона транспорт маконини шакллантириш йўлидаги муҳим марра бўлиши кутилмоқда. Операцион ва инфратузилмавий камчиликларни бартараф этиш бўйича қўшма ислоҳотлар ҳамда Ўрта йўлакни «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли ва Трансафғон йўлаги билан боғлаш бўйича келишувлар ТДТ мамлакатларининг Евроосиё транспорт тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги
Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш Маркази етакчи мутахассиси Ш.Ахмедов