Спорт – миллатни дунёга танитишда энг таъсирчан ва кучли воситалардан биридир. Мазкур соҳага юксак эътибор қаратаётган мамлакат, албатта, йиллар ва асрлар давомида ўз меҳнатининг муносиб самарасини кўради. Бу эса, шубҳасиз, Она Ватаннинг меҳнаткаш, иқтидорли ва ватанпарвар фарзандлари орқали намоён бўлади. Бироқ бу йўлда фақат меҳнат ва истеъдоднинг ўзи етарли эмас — Жаноби Ҳақнинг марҳамати ва давлат раҳбарининг доимий эътибори ҳам катта аҳамиятга эга. Ана шунда ёш авлод орзу ва мақсадларига янада ишонч билан интилади.
Жаҳон ареналарида давлат байроғи баланд кўтарилиб, миллий мадҳия янграган онларда инсон қалбида юзага келадиган фахр ва ҳаяжонни сўз билан ифода этиш қийин. Бу — миллат ғурури, бу — юрт шарафи. Спорт айнан шу туйғуларни ўзида жамлаган беқиёс бир дунёдир.
“Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари” ана шундай юксак руҳни ўзида мужассам этган ноёб спорт ва маданий лойиҳадир. Илк бор 2014 йилда Қирғизистонда ўтказилган мазкур мусобақа қисқа вақт ичида халқаро майдонда катта нуфузга эга бўлди. 2016 ва 2018 йилларда яна шу юртда, 2022 йилда эса Туркияда ташкил этилган ўйинлар ўз қамрови ва аҳамияти жиҳатидан тобора кенгайиб бораётганини кўрсатди.
Бугун эса ушбу йирик халқаро тадбир — VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг Ўзбекистонда ўтказилиши кутилмоқда. Бу нафақат спорт соҳасидаги муҳим воқеа, балки мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ортиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Дарҳақиқат, кўчманчилар ўйинлари фақат беллашувлар мажмуаси эмас. Унинг замирида спорт, маданият ва илм уйғунлиги ётади. Шу боис, Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли мусобақага мезбонлик қилиши — ўз тарихимизга янгича нигоҳ ташлаш, миллий меросимизни дунёга замонавий ва таъсирчан тарзда намоён этиш имкониятидир. Зеро, юртимиз кўчманчи цивилизацияларга бегона эмас. Бу заминда асрлар давомида турли халқлар, маданиятлар ва анъаналар уйғунлашган.
Қадимий карвон йўллари, чавандозлик анъаналари, от спорти, миллий кураш ва халқ оғзаки ижоди — буларнинг барчаси бизнинг тарихий меросимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Кўчманчилар ўйинлари эса ана шу қадриятларни яна бир бор жонлантиради.
Айни пайтда, мазкур тадбир халқаро маданий ҳамкорликнинг муҳим майдони сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, 2026 йил июль ойида Қирғиз Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 23-йиғилишида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Унда театр, кино, мусиқа, музейшунослик ва номоддий маданий меросни асраш каби йўналишларда қўшма ташаббуслар илгари сурилди.
Айнан шундай халқаро мулоқотлар ва келишувлар кўчманчилар ўйинлари каби йирик тадбирларнинг мазмун-моҳиятини янада бойитади. Чунки бу ўйинлар фақат спорт мусобақаси эмас, балки халқларни бирлаштирувчи, маданиятлар ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи улкан майдондир.
Мазкур лойиҳа иқтисодий ва сайёҳлик жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Турли мамлакатлардан келадиган спортчилар, мутахассислар ва сайёҳлар орқали Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва замонавий тараққиёти кенг тарғиб этилади. Бу эса миллий туризмни ривожлантириш, ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, кўчманчилар ўйинлари миллий маданиятимизни халқаро майдонда кенг намоён этиш учун ноёб имкониятдир. Бундай нуфузли тадбирга мезбонлик қилиш — юртимизнинг маданий салоҳиятини намоён этиш, миллий меросимизни дунёга танитиш демакдир.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Ўзбекистон нафақат спорт соҳасида, балки маданий дипломатияда ҳам фаол ва ташаббускор давлат сифатида намоён бўлмоқда. Яқин кунларда старт оладиган “Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари” ана шу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодаси бўлади.
