Сўнгги йилларда Марказий Осиё ва Озарбайжон энергетика соҳасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бу жараён, аввало, давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган оқилона сиёсати самарасидир. Ана шу қатъий сиёсий ирода туфайли минтақада илгари фақат истиқбол сифатида баҳоланган йирик энергетика ташаббуслари бугун амалий босқичга чиқиб, Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти ва глобал “яшил” трансформациясига хизмат қилаётган муҳим лойиҳаларга айланмоқда.
Бугунги кунда Марказий Осиё энергетика соҳасида рақобат майдони эмас, балки ўзаро ишонч, манфаатлар муштараклиги ва барқарор тараққиёт тамойилларига асосланган ҳамкорлик маконига айланиб бормоқда. Бу жараён мамлакатлар раҳбарларининг узоқни кўзлаган сиёсати, очиқ мулоқоти ва конструктив ёндашуви туфайли амалий мазмун касб этмоқда.
Энергетика хавфсизлиги, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, электр энергияси тизимларини мувофиқлаштириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жадал ривожлантириш минтақа давлатлари ҳамкорлигининг устувор йўналишларига айланди. Шу асосда шаклланаётган янги минтақавий архитектура нафақат ички эҳтиёжларни таъминлаш, балки халқаро энергетика бозори учун ҳам янги имкониятларни очмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари энергетика ва сув хўжалиги соҳаларида доимий мулоқот механизмларини шакллантирди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирликлари ўртасида мунтазам ўтказилаётган ишчи учрашувлар электр энергияси тизимларининг барқарор ишлаши, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, мавсумий юкламаларни мувофиқлаштириш ва аҳоли ҳамда саноатни узлуксиз энергия билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу жараёнда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг стратегик шериклиги алоҳида ўрин тутади. Икки мамлакатнинг миллий энергетика тизимлари чамбарчас боғланган бўлиб, электр энергияси оқимларини мувофиқлаштириш, қувватлар балансини сақлаш ва ягона энергетика тизимининг ишончли фаолиятини таъминлаш бўйича амалий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Давлат раҳбарлари даражасидаги мунтазам мулоқотлар мазкур ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, уни бутун минтақа учун муҳим интеграцион омилга айлантирди.
Қайта тикланувчи энергия соҳасида ҳам мамлакатлар мақсадлари ўзаро уйғун. Ўзбекистон сўнгги йилларда “яшил” энергетикани жадал ривожлантириб, қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш тизимлари ҳамда замонавий электр тармоқларини барпо этиш бўйича кенг кўламли дастурларни амалга оширмоқда. Қозоғистон ҳам “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ва углерод чиқиндиларини қисқартиришга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттирмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон эса гидроэнергетика соҳасидаги улкан салоҳияти билан минтақа энергетика хавфсизлигига муносиб ҳисса қўшмоқда. Туркманистон эса энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва электр энергияси экспортини кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни амалга оширмоқда.
Бугун Марказий Осиё мамлакатларининг умумий мақсади фақат миллий энергетика тизимларини ривожлантириш эмас. Асосий вазифа — ўзаро боғланган, рақобатбардош, экологик барқарор ва ташқи бозорлар учун очиқ бўлган ягона минтақавий энергетика маконини шакллантиришдир. Бу йўлда Озарбайжоннинг иштирок этиши ҳамкорликнинг географиясини янада кенгайтиради ва Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муҳим стратегик йўналишни юзага келтиради.
“Яшил йўлак” – Марказий Осиёни Европа билан
боғлайдиган стратегик кўприк
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида шаклланган юқори даражадаги сиёсий ишонч бугун амалда йирик трансмиллий энергетика лойиҳалари орқали ўз ифодасини топмоқда. Шулардан энг муҳими — Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон томонидан амалга оширилаётган “Яшил йўлак” ташаббусидир.
Ушбу лойиҳа энергетика соҳасида минтақавий ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Европа энергетика тизими билан боғлашни назарда тутади. Бу эса минтақада ишлаб чиқарилаётган экологик тоза электр энергиясини халқаро бозорларга етказиб бериш имкониятини яратади.
2024 йил ноябрь ойида Боку шаҳрида COP29 доирасида имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги битим мазкур ташаббуснинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлади. Кейинчалик миллий электр тармоқлари операторларининг ҳамкорлиги йўлга қўйилди ҳамда “Green Corridor Alliance” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Бугунги кунда Италиянинг CESI компанияси томонидан техник-иқтисодий асослаш ишлари олиб борилмоқда.
“Яшил йўлак” лойиҳаси нафақат экспорт йўлаги, балки Марказий Осиёда ягона интеграциялашган электр бозорини шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим стратегик платформадир. Лойиҳа мамлакатлар энергетика тизимларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва инвестицияларни жалб қилиш учун янги имкониятлар яратади.
Бу ташаббус Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликнинг амалий ифодаси бўлиб, келажакда Марказий Осиёни глобал “яшил” энергетика занжирининг муҳим бўғинига айлантиришга хизмат қилади.
Қамбарота ГЭС-1 – минтақанинг умумий энергетик
хавфсизлиги лойиҳаси
Марказий Осиёда энергетик интеграциянинг яна бир муҳим намунаси — Қамбарота ГЭС-1 қурилишидир.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари Президентларининг сиёсий қўллаб-қувватлови ҳамда уч мамлакат ҳукуматларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари туфайли мазкур лойиҳа кўп йиллик муҳокамалардан амалий босқичга ўтди.
Қуввати 1880 МВт бўлган ушбу гидроэлектр станция фақат йирик энергия объекти эмас. У Марказий Осиёда сув-энергетика мувозанатини таъминлаш, электр таъминоти барқарорлигини ошириш, мавсумий юкламаларни самарали бошқариш ва иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, лойиҳа уч мамлакат иқтисодиётига янги инвестициялар, замонавий инфратузилма ва минглаб иш ўринларини олиб келади. Лойиҳада Жаҳон банки иштирокининг ўзиёқ унинг халқаро аҳамияти ва иқтисодий самарадорлигини тасдиқлайди.
Марказий Осиё — глобал “яшил” энергетиканинг янги маркази
Бугун Марказий Осиё давлатлари энергетика соҳасида мутлақо янги тараққиёт моделини намоён этмоқда. Ўзаро рақобат ўрнини ишончли ҳамкорлик, ресурслар учун кураш ўрнини эса умумий манфаатларга асосланган интеграция эгалламоқда.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги мунтазам мулоқотлар ягона энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, сув-энергетика ресурсларини мувофиқлаштириш ҳамда фавқулодда ҳолатларда ўзаро қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштирмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар минтақада “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнининг муҳим драйверига айланди. Юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш тизимлари ҳамда замонавий электр тармоқларининг жадал барпо этилиши Марказий Осиёнинг умумий энергетик салоҳиятини сезиларли даражада оширмоқда.
Бугунги кунда минтақа давлатлари нафақат ўз ички эҳтиёжларини таъминлаш, балки экологик тоза электр энергиясини Европа ва бошқа халқаро бозорларга етказиб бериш бўйича ҳам узоқ муддатли стратегияни изчил амалга оширмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасида энергетика соҳасида шаклланган стратегик шериклик давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган сиёсатининг амалий натижасидир.
“Яшил йўлак” ва “Қамбарота ГЭС-1” каби йирик ташаббуслар минтақа давлатларининг биргаликда мураккаб вазифаларни ҳал қилишга қодир эканини яққол намоён этмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат энергетик хавфсизликни мустаҳкамлайди, балки Марказий Осиёни Европа ва Осиёни боғловчи стратегик “яшил” энергетика маконига айлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
