TIIF-2026: Марказий Осиёнинг янги инвестиция архитектурасини шакллантиради

TIIF-2026: Марказий Осиёнинг янги инвестиция архитектурасини шакллантиради

16–19 июнь кунлари пойтахтимизда V Тошкент халқаро инвестиция форуми – мамлакатнинг асосий инвестиция платформаси ва минтақадаги энг йирик бизнес форумларидан бири бўлиб ўтади.

 

Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) Марказий Осиёнинг асосий инвестиция платформаси сифатида мустаҳкамланиб, давлатлар, халқаро инвесторлар ва глобал бизнес вакилларини бирлаштирмоқда. Форум шунчаки мулоқот майдони эмас, балки минтақанинг амалий инвестиция кун тартиби шаклланадиган макон сифатида намоён бўлмоқда.

Форумнинг асосий ғояси шундан иборатки, Ўзбекистон изчил равишда нафақат капитал жалб қила оладиган, балки Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланишида узоқ муддатли қоидалар ва йўналишларни белгилай оладиган минтақавий инвестиция маркази мақомини мустаҳкамлаб бормоқда.

TIIF-2025 кўлами форум ўз тараққиётининг янги босқичига ўтганини яққол намоён қилди. Тадбирда дунёнинг 97 мамлакатидан 8000 дан ортиқ делегат иштирок этди, имзоланган инвестиция келишувларининг умумий ҳажми эса 30,5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу кўрсаткичлар минтақавий инвестиция платформалари орасидаги энг аҳамиятли натижалардан бирига айланди.

Иштирокчилар сонининг ортиши, географиянинг кенгайиши ва тузилган битимлар ҳажмининг кўпайиши Ўзбекистон инвестиция муҳитига халқаро бизнес ишончининг сезиларли даражада мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда. Форум тобора бир марталик муҳокама майдони сифатида эмас, балки реал инвестиция қарорларини яратишнинг барқарор механизми сифатида қабул қилинмоқда.

Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти нафақат унинг кўлами, балки иштирокчилар учун амалий қиймати билан ҳам белгиланади. TIIF давлат ва ҳукумат раҳбарларидан тортиб, халқаро молия институтлари, суверен фондлар ва йирик корпорациялар вакилларигача бўлган асосий иқтисодий ва сиёсий қарор қабул қилувчи шахсларга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини тақдим этади.

Форум давлат, инвесторлар ва бизнес бир маконда жамланадиган ноёб муҳитни шакллантирмоқда, бу эса умумий муҳокамалардан аниқ ҳамкорлик форматларига ўтиш имконини беради. TIIF доирасида B2B ва B2G форматидаги учрашувлари фаол ривожлантирилмоқда, улар инвестиция келишувларини тузиш ва янги лойиҳаларни ишга тушириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2026 йил 16–19 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган TIIF-2026 аввалги йиллар форматини сақлаб қолган ҳолда янада кенгайтиради ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот, бизнес музокаралари ҳамда соҳавий муҳокамаларни ўзида мужассам этади. Форум дастури давлат раҳбарлари иштирокидаги пленар йиғилиш, панел сессиялар, мавзули питч-тақдимотлар, шунингдек, мамлакатнинг саноат ва инвестиция салоҳиятига бағишланган кенгайтирилган кўргазмани ўз ичига олади.

TIIF-2026нинг асосий хусусиятларидан бири – бир маконда сиёсий, молиявий ва корпоратив капиталнинг ноёб концентрациясини шакллантирадиган юқори даражадаги вакиллик ҳисобланади. Форумда Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари етакчилари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама тараққиёт банклари раҳбарлари иштирок этади.

Иштирокчилар орасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EBRD), Европа инвестиция банки (EIB), Осиё тараққиёт банки (ADB), Халқаро молия корпорацияси (IFC), шунингдек, суверен фондлар ва экспорт-кредит агентликлари вакиллари бор. Бундай таркиб давлат ислоҳотлари, глобал молиявий институтлар ва хусусий капитал ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлайди.

IV Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2025) якунлари давлат тузилмалари, молиявий институтлар ва глобал бизнес вакиллари томонидан кенг халқаро эътирофга сазовор бўлди. Улар Ўзбекистоннинг минтақа инвестиция маркази сифатидаги роли тобора ортиб бораётганини қайд этди.

Глобал ва минтақавий тадқиқотлар маркази (CEGREG) директори, профессор Иқболжон Қорабоев (Қозоғистон) форум кўлами ва аҳамияти ҳақида фикр билдирди:

– Марказий Осиё яна халқаро бизнес ҳамжамияти диққат марказида бўлди. 9–12 июнь кунлари Тошкентда IV Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди — бу йилдан-йилга нуфузи ва халқаро аҳамияти ортиб бораётган энг йирик минтақавий инвестиция платформасидир. Бу йилги форум кўлами ҳақиқатан ҳам кенг кўламли бўлди: дунёнинг қарийб 100 мамлакатидан 3000 га яқин хорижий делегат иштирок этди.

TIIF Марказий Осиёнинг саноат ва иқтисодий салоҳиятини намойиш этувчи етакчи платформага айланмоқда, давлат раҳбарлари, йирик инвесторлар ва халқаро банклар иштирок этаётгани эса форумнинг минтақа имкониятлари витринаси сифатидаги стратегик аҳамиятини янада кучайтирмоқда.

Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети доценти, сиёсатшунос Эмин Гарибли форумнинг интеграцион аҳамиятига хусусида шундай деди:

– Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат Марказий Осиёнинг асосий иқтисодий платформаси, балки Европа ва Осиё ўртасидаги интеграция жараёнларини чуқурлаштиришнинг муҳим воситасига айланмоқда. Форум Тошкентнинг минтақавий инвестиция маркази мақомини мустаҳкамлаб, мамлакатнинг Янги Ўзбекистон стратегияси доирасида ислоҳотларни илгари суришдаги қатъиятини намоён этмоқда.

CGTN ижрочи продюсери Чжан Хэ (Хитой) ислоҳотларнинг инвестиция самарасини алоҳида қайд этди:

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар инвесторлар учун янада қулай шароит яратди. Ўзбекистон саноат, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида катта салоҳиятга эга. Бу инвестицияларни диверсификация қилиш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади.

Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) бошқарувчиси Нобумицу Хаяси форум ролининг трансформациясини таъкидлади:

– Форум Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг турли ҳудудларидан бизнес етакчилари ва молиячиларни бирлаштирувчи тўлақонли минтақавий платформага айланди. Ўзбекистондаги ислоҳотлар узоқ муддатли инвестициялар учун прогноз қилинадиган ва жозибадор муҳитни шакллантирмоқда.

Хитойнинг CAMCE компанияси раиси Ван Бо форумнинг амалий қиймати ҳақида сўз юритди:

– Бу нуфузли тадбир нафақат компаниямиз, балки Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиётида истиқбол излаётган хорижий инвесторлар учун ҳам ажойиб имкониятларни очиб беради. Хорижий инвесторлар учун Ўзбекистон, айниқса, ЖСТга аъзо бўлиш жараёни фонида, ўзига хос имконият ҳисобланади. Президент таъкидлаганидек, бу барқарор ривожланиш учун янада катта истиқболларни очиб, Ўзбекистонни глобал инвестициялар учун жозибадор йўналишга айлантиради.

Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) Марказий Осиёдаги инвестицион мулоқотнинг асосий платформаларидан бири сифатида ўз ролини мустаҳкамламоқда. Бу ерда нафақат иқтисодий сиёсат йўналишлари, балки давлат ва глобал капитал ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг реал механизмлари ҳам шакллантирилмоқда.

Аввалги йиллар тажрибаси TIIF анъанавий конференция форматидан чиқиб, минтақавий иқтисодий ривожланиш тузилмасига таъсир кўрсатувчи амалий инвестиция экотизимига айланганини кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, TIIF-2026 Ўзбекистоннинг глобал инвестиция архитектурасидаги ролини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро капитал бозорларига интеграциясини янада кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи сифатида қаралмоқда.