Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга пухта ўйланган интеграция фалсафасини таклиф этмоқда

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга пухта ўйланган интеграция фалсафасини таклиф этмоқда

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов 4-6 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши арафасида “Дунё” АА саволларига жавоб берди.

– Акрамжон Илҳомович, яқин кунларда Термиз мулоқоти доирасидаги иккинчи йиғилишга старт берилади. Ушбу форумнинг кун тартиби қандай ва унда қайси масалалар устувор ҳисобланади? Аксарият кузатувчилар бу жараёнда, аввало, иқтисодиётни — темирйўллар, энергетика инфратузилмаси, транзит савдосини кўрмоқда. Ўзаро боғлиқликнинг асосий моҳияти шундан иборатми?

– Шубҳасиз, иқтисодиёт – асосий таркибий қисмлардан биридир. Иқтисодий ҳамкорлик – бу давлатларни боғлайдиган реал манфаатлар, ўзаро фойда, халқларимиз фаровонлиги ва юксалишининг пойдеворидир. Албатта, трансрегионал ўзаро боғлиқлик ҳақида сўз юритганимизда, логистика, савдо, транспорт йўлаклари, энергетика ва инфратузилма бу жараённинг энг муҳим асосини ташкил этади.

Бироқ ўзаро боғлиқликнинг ўзи фақатгина иқтисодий ҳамкорлик билан ўлчанмайди. Кун тартибимиз анча кенг, мақсадларимиз эса бунданда юксакдир. Гап бутун улкан Евроосиё ҳудудида ягона ишонч, барқарор тараққиёт ва ажралмас хавфсизлик маконини яратиш ҳақида бормоқда.

Шу сабабли ҳам Термиз мулоқотининг кун тартиби жуда кенг, иштирокчилари таркиби эса инклюзив хусусиятга эга. Бу йилги учрашувимиз Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) билан шерикликда ташкил этилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта, зеро ОҲИЧКнинг асосий вазифаси Осиёда ишонч чораларини мустаҳкамлашдан иборат. Мулоқотда, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамда БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси ҳам фаол қатнашмоқда. Гарчи диққат марказида географик жиҳатдан Марказий ва Жанубий Осиё турган бўлсада, Евроосиё маконининг барча мамлакатлари, қолаверса ундан ташқаридаги давлатлар ҳам мулоқотимизнинг тўлақонли иштирокчилари ва манфаатдор томонлари ҳисобланади. Буни Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, Қатар, Хитой, Россия, Туркия, АҚШ, Швейцария ва бошқа давлатлардан ташриф буюраётган делегациялар таркиби яққол тасдиқлайди.

Бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Термиз мулоқотининг ўзи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган глобал ташаббусининг амалий ифодасидир. Мазкур стратегик ғоя халқаро ҳамжамият томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ҳамда 2022 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясида расман мустаҳкамлаб қўйилди. Ушбу резолюция трансрегионал яқинлашув учун узоқ муддатли халқаро-ҳуқуқий асос яратиб, уни барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири сифатида эътироф этди. Умуман олганда, мазкур қадам давлатимиз раҳбарининг ўзаро манфаатдорлик, самимий яхши қўшничилик ва превентив тинчликпарварлик тамойилларига асосланган давлатлараро муносабатларни изчил шакллантиришга қаратилган чуқур стратегик ёндашувини яққол намоён этади.

Мулоқотнинг ҳаммуаллифлари орасида нуфузли тинчликпарвар ташкилотлар, сиёсий жамғармалар ва етакчи академик доиралар ҳам бор. Улардан бир нечтасини санаб ўтаман — булар Конрад Аденауэр жамғармаси, Бергхоф жамғармаси (ГФР), ПисНексус (Швейцария), “Search for Common Ground” (АҚШ) ҳамда нуфузли Жоржтаун университетидир. Бизнинг умумий вазифамиз кенг қамровли ва очиқ мулоқот учун ҳақиқатан ҳам инклюзив кўп томонлама платформа яратишдан иборат.

– Бўлажак мулоқот дастури қандай? У фақат расмий ялпи мажлислар билан чекланадими?

– Мулоқотимиз кенг кўламли уч кунлик форум бўлиб, унинг дастури анъанавий ялпи мажлислар доирасидан анча кенг. Биз чуқур назарий мунозарани амалий натижалар билан уйғунлаштиришга интиламиз.

Асосий сессиялардан ташқари, дастур доирасида бир қатор муҳим қўшимча тадбирлар режалаштирилган.

Хусусан, тадбир доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик, Афғонистон – Ўзбекистон – Покистон йўналишида мулоқотни йўлга қўйиш, Марказий Осиёда минтақавий ўзига хослик масалалари, шунингдек, тинчликпарварлик ва барқарор ривожланиш мавзусида ёшлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга бағишланган қатор эксперт ва академик мунозаралар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу муҳокамаларнинг асосий мақсади конструктив ҳамкорлик кун тартибини илгари суриш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли механизмларини шакллантириш учун эксперт-таҳлилий ва интеллектуал салоҳиятни ишга солишдан иборат.

Бундан ташқари, дастурда сайёр сессиялар ҳам кўзда тутилган. Мулоқот иштирокчилари Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг замонавий инфратузилмаси, жумладан, “Айритом” халқаро савдо маркази ва “Termez Cargo Center” халқаро логистика хаби фаолияти билан яқиндан танишиш, шунингдек, ушбу қадимий шаҳарнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Термизга ташриф буюришлари режалаштирилган. Мулоқотнинг учинчи куни Самарқандда бўлиб ўтади, унда делегатлар тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилган Самарқанд Ренессансининг ноёб цивилизациявий мероси билан танишадилар.

– Иқтисодий ўсиш барқарорлик ва хавфсизлик билан қандай боғлиқ? Бу фақат бизнес ҳисоб-китобими ёки иқтисодий лойиҳалар ортида каттароқ нарса борми?

— Ҳа, албатта, бунинг замирида бунданда улканроқ мақсадлар ётибди. Гап узоқ муддатли, стратегик умумий манфаатларни шакллантириш ҳақида кетмоқда. Йирик трансчегаравий лойиҳалар минтақаларни мустаҳкам бирлаштиришга, уларнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга хизмат қилади. Мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан биргаликдаги бунёдкорлик фаолиятига боғланганида, зиддиятга бориш барча томонлар учун манфаатсиз бўлиб қолади.

Бундан ташқари, айнан барқарор иқтисодий ўсиш анъанавий равишда радикализм ва беқарорликнинг асосий ёқилғиси бўлган қашшоқлик, ишсизлик, аҳолининг маргиналлашуви каби вайронкор ҳодисаларнинг ижтимоий асосини бартараф этади. Иқтисодий тараққиёт — бу чақириқларнинг оқибатлари билан эмас, балки уларнинг туб сабаблари билан курашишдир.

Масалан, Трансафғон темир йўл коридори (Термиз–Мозори-Шариф–Қобул–Найбобод–Харлочи) қурилиши лойиҳасини олайлик. Марказий Осиё мамлакатлари учун бу Ҳинд океани портларига энг қисқа чиқиш йўли бўлиб, логистика харажатларини 30-40 фоизга камайтиради. Покистон ва Жанубий Осиё учун бу минтақамиз ресурслари ва бозорларига тўғридан-тўғри киришдир. У иқтисодиётнинг турдош тармоқларини ривожлантириш учун кучли туртки бўлиб, янги иш ўринлари, бюджет даромадлари ва жадал технологик ривожланиш йўлига кириш имконини беради. Бироқ энг асосийси – бу йўлак Афғонистонни тинч ва бунёдкор тараққиёт жараёнларига интеграция қилади. Шу тариқа, Трансафғон магистрали шунчаки тижорий ёки муҳандислик лойиҳаси эмас, балки афғон заминида тинчлик ўрнатиш учун узоқ муддатли иқтисодий рағбатлар яратадиган юксак самарали тинчликпарвар воситадир. CASA-1000 ёки TAPI газ қувури каби бошқа йирик трансчегаравий лойиҳалар ҳам айни шу тамойил асосида ишлайди. Уларнинг асосий қиймати шундаки, улар минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни сақлашда барча томонларнинг ажралмас умумий манфаатларини шакллантиради.

– Умумий экотизим ва иқлим ўзгариши муаммолари кун тартибида қандай роль ўйнайди? Зеро, Марказий ва Жанубий Осиё экологик муаммолар туфайли улкан босим остида қолмоқда.

– Бу энг муҳим ва энг нозик масалалардан биридир. Айнан табиат ва умумий экологик тизимимиз минтақалар ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳамда мавжуд таҳдидларга жамоавий жавоб бериш заруратини яққол намоён этади. Иқлим ўзгаришлари сув, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизлик, транспорт ҳамда инсонлар ҳаёт фаолияти бир-бири билан нақадар чамбарчас боғланганини кўрсатмоқда. Помир ва Тянь-Шань музликларининг эриши Марказий ҳамда Жанубий Осиёда сув таъминоти ва қишлоқ хўжалигига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Қурғоқчилик ва кескин об-ҳаво ҳодисалари барчамиз учун умумий синовдир. Шу боис, бундай таҳдидларга фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали самарали жавоб қайтариш мумкин. Зеро, улар юз миллионлаб инсонларнинг ҳаётий манфаатлари ва барқарор тараққиёт истиқболларига бевосита дахлдордир.

Шу боис мулоқот кун тартибидан биргаликда мослашиш ва экологик барқарорликни таъминлаш масалалари ўрин олган. Ишончимиз комилки, самарали ечимлар миллий чора-тадбирлар билан яккаланиб қолиши мумкин эмас, улар трансчегаравий хусусиятга эга бўлиши керак. Биз бу борада фаол иш олиб бормоқдамиз. Хусусан, афғонистонлик ҳамкорларимиз Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё томонидан ташкил этилаётган сув мулоқотининг доимий иштирокчилари ҳисобланади. Афғонистон делегациялари “Тошкент сув ҳафталиги”да, сув дипломатиясига оид анжуманларда ва бошқа минтақавий экологик форумларда фаол иштирок этиб келмоқда. Сув ресурсларини биргаликда бошқариш борасида ўзаро мақбул ва адолатли ечимларни доимий излаш ишлари давом этяпти, зеро, табиат сиёсий чегараларни тан олмайди. Бугун биз потенциал зиддият манбаи бўлиши мумкин бўлган масалаларда ҳам, тўғри ёндашув билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун замин яратилаётганини кўриб турибмиз. Экологик таҳдидларнинг умумийлигини англаб етиш биргаликдаги бунёдкорлик фаолиятимизнинг қудратли ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.

– Ушбу кенг кўламли трансминтақавий тузилмада маданият ва гуманитар ўлчов қандай ўрин тутади? Улар қанчалик муҳим?

— Мен шундай жавоб берган бўлардим: бу бизнинг асосий, фундаментал йўналишимиздир. Биз суҳбатимизни иқтисодиёт, инфратузилма ва иқлимдан бошлаган бўлсакда, маданий-гуманитар ўзаро боғлиқликни биринчи ўринга қўйиш кераклигига ишонаман. Иқтисодиёт ва логистика – бу скелет, аммо маданият ва умумий тарихий хотира – бу интеграциямизнинг руҳи ва юраги.

Мамлакатларимиз муштарак маданий-тарихий ва сивилизацион ривожланиш маконига эга эканини англаш муҳим. Биз ишонч кўприкларини шунчаки қурмаяпмиз, бу пойдевор асрлар давомида шаклланиб келган. Термиз мулоқоти минг йиллар давомида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида цивилизациялараро алмашинув дарвозаси бўлиб хизмат қилган қадимий Термиз шаҳри шарафига номланган.

Бу заминда буюк империяларнинг тақдирлари ва давлатчилик анъаналари ўзаро чамбарчас туташган. Суғдиёна, қадимги Бақтрия ва Аҳамонийлар давлатидан бошланган ушбу тарихий жараён Шарқ ва эллин маданиятининг ноёб уйғунлиги шаклланган Юнон-Бақтрия подшолиги даврида янги босқичга кўтарилди. Кейинчалик Кушон империяси дунёга илк бор кенг қамровли минтақалараро интеграция намунасини тақдим этди ва Термизни Буюк ипак йўлининг муҳим тугунларидан бирига айлантирди. Ўрта асрларда Турк хоқонликлари трансевросиё савдо йўллари хавфсизлигининг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилган бўлса, Ғазнавийлар сулоласи Мовароуннаҳрнинг юксак маданиятини Ҳиндистон текисликлари билан боғлаган қудратли давлатчилик кўпригини яратди. Ниҳоят, Темурийлар даври ҳамда Бобур асос солган Бобурийлар империяси ушбу цивилизацион уйғунликнинг энг юксак чўққисига айланди. Самарқанд ва Бухоронинг бетакрор меъморий анъаналари Деҳли, Агра ва Лоҳурдаги улуғвор меъморий мажмуаларда ўз аксини топди. Эски ўзбек, форс ва санскрит тиллари туташувида эса ягона маданий қатлам шаклланиб, унинг мусиқий ва шеърий анъаналари бугунги кунда ҳам халқларимизнинг маънавий хотирасида яшаб келмоқда.

Ушбу макроҳудуд асрлар давомида жаҳон динларининг муқаддас чорраҳаси сифатида ривожланган. Бақтрия зардуштийлик бешиги бўлган. Бу ердан Афғонистон орқали шимол ва шарққа буддавийлик тарқалган — Термиздаги Фаёзтепа ва Қоратепа будда монастирлари ҳозиргача ушбу маънавий кўприк хотирасини сақлаб келмоқда. Бу ерда несторианлик йўналишидаги христианлик, инсон ва табиат уйғунлигининг теран экологик фалсафасига эга бўлган тангричилик ҳамда, албатта, диний бағрикенгликнинг улуғ меросини ўзига сингдириб, Шарқ Ренессанси ҳодисасини юзага келтирган ислом дини тинч-тотув яшаб келган.

Буларнинг барчаси мутлақо ноёб ва ҳаётий маданий муҳитни шакллантирди. Бу мерос йўқолиб кетгани йўқ, аксинча, у бугунги кунда ҳам кундалик фаолиятимизда, тафаккуримизда ва анъаналаримизда яшаб келмоқда. Бироқ бундай мерос ўз-ўзидан сақланиб қолмайди — уни доимий равишда қайта тиклаб, мазмунан бойитиб бориш зарур. Тарих — бу узлуксиз давом этадиган хотира ва тафаккур жараёнидир. Бизнинг энг муҳим вазифамиз эса ана шу буюк тарихий ҳақиқатни фаол жамоатчилик онгига қайтаришдан иборат. Мен чуқур ишонаманки, мана шу муштаракликни англаш халқларимизнинг тинчлик ва барқарорликни асраш борасидаги ўзаро масъулиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

– Лекин нега бугун бу мерос унутилгандек туюлади?

– Афсуски, сўнгги бир ярим аср давомида бу тарихий хотира онгли равишда онгимиздан ўчириб ташланди. Бизга сунъий равишда “Катта ўйин”нинг деструктив мустамлакачилик стереотипи тиқиштирилди, минтақаларимиз абадий тарқоқлик, ташқи кучларнинг геосиёсий рақобати ва чексиз можароларга маҳкум эканлиги ҳақидаги ёлғон афсона сингдирилди. Биз ҳамон кўп жиҳатдан ана шу зарарли стереотип таъсирида яшаб келмоқдамиз, Афғонистонни фақат таҳдид нуқтаи назаридан, Жанубий Осиёни эса узоқ, бегона ва хавфли деб қабул қилмоқдамиз.

Бироқ биз нурсиз вайроналар устида турганимиз йўқ. Умумий тарихимиз барҳаёт. Ушбу тарихий хотирани жонлантириш, чуқур экспертлар муҳокамасини йўлга қўйиш, муштарак цивилизациявий буюклигимизни одамлар онгига қайтариш – бугунги авлодлар ва сиёсий элиталар зиммасига юклатилган улкан тарихий масъулиятдир. Термиз мулоқотининг асосий, экзистенциал мақсадларидан бири ҳам айнан шунда.

Тошкент, Деҳли, Исломобод ёки Кобулдаги фуқаролар, зиёлилар ва етакчилар бир-бирларини шунчаки бизнес ҳамкорлари эмас, балки ягона маданий коднинг меросхўрлари сифатида аниқ кўра бошлаганларида, мутлақо бошқача даражадаги ишонч пайдо бўлади. Умумий меросга дахлдорлик туйғуси ташқи ўйинчиларнинг вазиятни ташқаридан силкитиш ва минтақавий зиддиятлардан фойдаланишга бўлган ҳар қандай уринишларига қарши энг ишончли ички қалқон бўлади. Тақдиримизнинг бўлинмаслигини англаш халқларни муқобилсиз бунёдкор кун тартибини танлашга ва урушлардан бутунлай воз кечишга мажбур қилади.

Термиз мулоқотининг Тошкент босқичи арафасида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга тубдан бошқача, чуқур англанган интеграция фалсафасини таклиф этаётгани аён бўлмоқда. Бу шунчаки темирйўллар қуриш ёки электр узатиш тармоқларини тортишга қаратилган технократик ёндашув эмас. Бу — жисмоний инфратузилма умумий тарихнинг мустаҳкам ва кўринмас ришталарининг моддий ифодаси, деган таълимотдир. Ана шу фундаментал масъулият ва дахлдорлик туйғуси шаклланса, савдо транзитлари, инвестициялар ва иқлим лойиҳалари ҳам табиий ва узлуксиз ишлай бошлайди, чунки иқтисодиёт ўзаро сивилизацион тортишувнинг мантиқий давомига айланади. Термиз мулоқоти Осиё халқларига ўз тарихини қайтариб, бу муқаддас заминда тинчлик ва барқарорликни сақлаш нима учун муҳим эканини ҳамда қандай буюк келажак йўлида бунинг зарурлигини ёдга солади.