Бугунги кунда жаҳон тараққиёти урбанизациянинг мисли кўрилмаган жадал суръатлари билан кечмоқда, хусусан, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг қарийб 68 фоизи шаҳарларда яшаши кутилмоқда.
Ўзбекистонда ҳам бу жараён шиддат билан бормоқда: мамлакат аҳолиси 38 миллиондан ошган бўлса, урбанизация даражаси 51 фоизга етди ва қарийб 20 миллион аҳоли шаҳарларда истиқомат қилмоқда.
Иқтисодий таҳлилларга кўра, урбанизация даражасининг ҳар 1 фоизга ўсиши иқтисодиёт ҳажмини камида 1 фоизга оширишини, инвестициялар оқимини ва стартаплар ривожини жадаллаштиришини ҳисобга олсак, бу соҳадаги ислоҳотлар стратегик аҳамиятга эгадир.
Шуни инобатга олиб, Ўзбекистоннинг урбанизация сиёсати доирасида «тартибсиз қурилиш» амалиётидан воз кечилиб, ҳудудларни ақлли ва яхлит ривожлантиришга ўтилди. Буни дунё тажрибасида мавжуд муҳим жиҳат ҳисобланади.
Энг муҳим институционал қадамлардан бири — Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг ташкил этилиши бўлди. Бу тузилма архитектура, иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсатни ягона тизимга бирлаштирувчи асосий «ақл маркази» вазифасини ўтамоқда.
Қурилиш соҳасидаги маъмурий тўсиқларни камайтириш мақсадида рухсат бериш босқичлари 3 баробар, уларни амалга ошириш муддатлари эса 4 баробар қисқартирилди. Бундан ташқари, 420 та эски шаҳарсозлик нормалари қайта тизимлаштирилиб, уларнинг ўрнига 140 та замонавий норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ерга эгалик қилиш энди қурилиш учун автоматик ҳуқуқ бермайди, балки бу жараён комплекс ҳудудий ривожлантириш тамойилига асосланади.
Энг асосийси, қонунчилик даражасида қатъий тамойил ўрнатилди: мактаб, поликлиника ва замонавий коммуникациялар турар-жой қурилишидан олдин ёки у билан бир вақтда барпо этилиши шарт.
Бу янги механизмлар аввало, ишонч ва молиявий барқарорликни беради. Уй-жой бозорида барқарорликни таъминлаш ва харидорлар ишончини мустаҳкамлаш мақсадида «тугалланмаган қурилишлар» хавфини тўлиқ бартараф этиш чоралари кўрилди. Шу мақсадда Ўзбекистонда илк бор “эскроу” ҳисобрақамлари тизими кенг жорий этилмоқда.
Ушбу замонавий механизм орқали фуқароларнинг маблағлари объект калитлари топширилгунга қадар банкларда ишончли ҳимоя остида сақланади. Қурувчилар эса арзон ва қулай лойиҳа молиялаштириш тизимига эга бўлади. Натижада шаҳарсозлик тартибсиз жараёндан бошқариладиган ва шаффоф қоидаларга эга индустрияга айланди.
Ривожланиш стратегияси ва эришилган натижалар
Сўнгги саккиз йилда мамлакатда 120 миллион квадрат метр уй-жой барпо этилди. Қурилиш ишларининг умумий ҳажми 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан ўтган йили 314 триллион сўмгача ўсди ва бугунги кунда соҳада 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланмоқда.
Давлатнинг узоқ муддатли устувор стратегиясига кўра, қуйидаги асосий мақсадлар белгиланган:
-Урбанизация даражасини 60 фоизга етказиш;
-Аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражасини киши бошига 18,9 квадрат метрдан 23 квадрат метргача ошириш.
-Ҳар йиллик уй-жой қурилиши ҳажмини қарийб икки баробарга кўпайтириб, 30,3 миллион квадрат метрга етказиш.
Инновацион мега-лойиҳалар ва экологик ёндашув
Ушбу стратегиянинг энг ёрқин амалий ифодаси — 20 минг гектар майдонда қад ростлаётган «Янги Тошкент» мега-лойиҳасидир. Бу лойиҳа 1 миллион аҳоли яшаши учун мўлжалланган экологик тоза ва юқори технологияли мегаполис бўлиб, унда дунёнинг илғор «15 дақиқалик шаҳар» концепцияси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 420 гектарлик «яшил белбоғ» яратилиб, 200 мингта дарахт экиш ва транспорт тизимини тўлиқ экологик тамойилларга (электробуслар, метро, велосипед йўлаклари) асослаш режалаштирилган.
Бундай юқори ҳаёт стандартлари фақатгина пойтахт билан чекланиб қолмайди. Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб камида 70 минг аҳолига мўлжалланган, ижтимоий инфратузилмага бой 56 та «Янги Ўзбекистон» массивлари жадал суръатларда қурилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон урбанизацияни бошқаришда Миллий қўмита, эскроу тизими ҳамда “Янги Ўзбекистон” ақлли массивларини қамраб олган барқарор ва самарали моделни шакллантирди. Мамлакат замонавий шаҳарларни экологик тоза, ижтимоий йўналтирилган ва қулай маконларга айлантириш орқали Евросиё маконида урбанизациянинг юксак эталонини яратмоқда.
