Банклар фаоллик индекси: 2026 йил I чорак якунлари бўйича рейтинг янгиланди

Банклар фаоллик индекси: 2026 йил I чорак якунлари бўйича рейтинг янгиланди

2026 йил I чорак якунлари бўйича йирик банклар рейтингида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Етакчи гуруҳ сақланиб қолган бўлса-да, сегмент ичида позициялар қайта тақсимланди. Кичик банклар гуруҳида ҳам динамика сезиларли бўлиб, бу секторда қайта гуруҳланиш жараёнлари давом этаётгани ва рақобат кучайиб бораётганини кўрсатади.

16 апрель 2026й., Тошкент. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2026 йил I чорак якунлари бўйича “Банклар фаоллик индекси” натижаларига асосланган янгиланган банклар рейтинги тақдим этилди.

Тадқиқот республикада фаолият юритаётган 34 та тижорат банкини қамраб олган бўлиб, уларнинг 20 таси филиаллар сони ва фаолият кўламига кўра йирик банклар тоифасига, қолган 14 таси эса кичик банклар тоифасига киритилган.

Индекс 27 та кўрсаткич таҳлилига асосланган бўлиб, улар республика ўртача кўрсаткичлари ва халқаро стандартлар, жумладан Базель қўмитаси талаблари билан таққосланган.

Мазкур рейтинг молия тизимида шаффофликни ошириш ва унга бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим инструмент ҳисобланади. Ушбу ёндашув халқаро амалиётга мос бўлиб, етакчи молиявий институтлар томонидан кенг қўлланилади.

2026 йил I чораги якунлари бўйича молиявий натижалар

Ҳисобот даврида банк тизимининг жами активлари 932,3 трлн сўмни (76,3 млрд доллар), мажбуриятлари эса 793,9 трлн сўмни (64,9 млрд доллар) ташкил этди.

Банкларнинг кредит қўйилмаларида ўсиш суръатлари сақланиб, депозитларда ўсиш суръати бироз секинлашган. Хусусан, банк тизими жами кредит қўйилмалари 14 фоизга, жалб қилинган депозитлар 32%га ўсган (ўтган йилнинг мос даврида 33%).

 Банк тизимининг соф фойдаси 3,1 трлн сўмга (254 млн доллар) етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,3% га ўсди.

Ҳисобот даврида муаммоли кредитлар улуши 4,5%дан 3,3%гача камайди, бу кредит портфели сифати яхшиланиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, айрим банкларда ушбу кўрсаткич ҳали ҳам ўртача даражадан юқори бўлиб қолмоқда.

Капитал монандлик кўрсаткичлари минимал талаблардан 1,4-1,5 баробардан ортиқ бўлиб, банк тизимининг барқарорлигини кўрсатмоқда.

2026 йил I чорагида йирик банклар фаоллиги рейтинги

2026 йил I чораги якунлари шуни кўрсатадики, рейтингнинг юқори қисми нисбатан барқарор сақланганига қарамасдан, ҳар икки тоифадаги банклар орасида позициялар бўйича сезиларли ўзгаришлар кузатилди.

Бу эса бозорда рақобатнинг сақланиб қолаётгани ва банклар ўртасида ўринлар қайта тақсимланиш жараёни давом этаётганини кўрсатади.

Йирик банклар сегментида динамика турлича шаклланди. Жумладан, 20 та банкдан 7 таси ўз позицияларини яхшилаган бўлса, 8 тасида пасайиш кузатилди, яна 5 та банк ўз ўрнини сақлаб қолди. Бу эса бозорда рақобатнинг юқори даражада сақланаётгани ва банклар ўртасида позициялар қайта тақсимланиши давом этаётганини кўрсатади.

Йирик банклар рейтингида Капитал банк (1-ўрин) ўз ўрнини сақлаб қолди.  Шунингдек, Ҳамкор банк, Азия Алянс банк ҳамда Ипак йўли банк 1 поғонага, Тенге банк 6 поғонага, Халқ банки, Инвест финанс банк, Агробанк 2 поғона юқорилади.

Айни пайтда, Траст банк 3 поғонага, ОФБ 5 поғонага, Алоқа банк 2 поғонага пастлаган бўлса, Давр банк, Ипотека банк, БРБ, Ўзмиллийбанк ҳамда Микрокредитбанк 1 поғона пастлаган. Қолган 4 та банк рейтингдаги ўринларини сақлаб қолди.

Асосий индикаторлар бўйича ўзгаришлар динамикаси

Молиявий воситачилик. Бу йўналишда етакчи ўринларни Инвест финанс банк, Анор банк ва Капитал банк эгаллади, Агробанк эса 2 поғонага яхшиланди. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзмиллийбанк охирги 20 ўринни сақлаб қолди. Шунингдек, мазкур рейтинг бўйича Давр банк ва Ҳамкор банк 4 поғона, Ипотека банк 1 поғона пастлади.

Молиявий оммабоплик кўрсаткичи бўйича Агробанк, Анор банк ва БРБ етакчи ўринларни эгаллади. Бу кўрсаткич бўйича рейтингда асосан илғор банклар Капитал банк (3 поғона), Ҳамкор банк (7 поғона), Азия Алянс банк (1 поғона), Ипак йўли банк (5 поғона) ҳамда Траст банк (6 поғона) пасайган. Ушбу рейтингда энг юқори ўсиш Тенге банк (8 поғона), Халқ банк, Давр банк (5 поғона) ва Агробанкда (4 поғона) кузатилди.

Капитал етарлилиги. Энг юқори кўрсаткичлар Ориент финанс банк, Траст банк ва Халқ банкида қайд этилди. Агробанк капитал етарлилиги бўйича 4 поғона, Алоқа банк эса 2 поғона пастлади.

Активлар сифати. Бу йўналишда Ҳамкор банк, Азия Альянс банк ва Ипак йўли банк етакчи бўлди. Ўзмиллийбанк охирги 20 ўринни сақлаб қолди. Шунингдек, Турон банк 5 поғона, Асака банк, Микрокредитбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Траст банк ва Анор банк мазкур рейтингда 2 поғона пастлаган.

Бошқарув самарадорлиги. Энг юқори натижалар Ўзсаноатқурилишбанк, Ориент финанс банк ва Ўзмиллийбанкда қайд этилди. Шу билан бирга, бу кўрсаткич бўйича Микрокредит банк охирги 20 ўринни сақлаб қолди, шунингдек, Асака банк 5 поғонага ва БРБ 4 поғонага пасайишни қайд этди.

Даромад олиш салоҳияти. Ушбу кўрсаткич бўйича Ҳамкор банк, Траст банк ва Азия Альянс банк етакчилик қилди. Турон банк 3 поғона пастлаб охирги ўринни эгаллади. Мазкур рейтингда Капитал банк, Азия Алянс банк, Анор банк ва Давр банк 2 поғона, Ипотека банк ва Микрокредит банк 1 поғона пастлаган.

Ликвидлилик. Бу йўналишда Азия Альянс банк, Ипак йўли банк ва Траст банк етакчи бўлди. Агробанк энг сўнгги 20 ўринни сақлаб қолди. Ушбу рейтингда Микрокредитбанк, Ипотека банк, Анор банк ва Ўзсаноатқурилишбанк 1 поғона пастлади.

2026 йил I чорагида кичик банклар фаоллиги рейтинги

Кичик банклар гуруҳида нисбий барқарорлик сақланиб қолмоқда. Рейтинг етакчилари ўз позицияларини сақлаб қолган. Мазкур тоифадаги асосий ўзгаришлар ўрта сегмент ҳиссасига тўғри келиб, қатор банклар молиявий воситачилик кўрсаткичларининг ўсиши ва даромад олиш салоҳиятининг ошиши ҳисобига ўз позицияларини яхшилашга муваффақ бўлди.

Ушбу гуруҳда 14 та банкларнинг 8 таси ўз позицияларини яхшилаган. Энг сезиларли ўсиш АВО банк ва Апекс банк ҳиссасига тўғри келиб, ҳар иккаласи ҳам 3 поғонага кўтарилди. Рейтинг етакчиси сифатида ТБС банк қайд этилди.

Айни пайтда, 5 та банкда пасайиш кузатилди. Энг катта пасайиш Октобанкда қайд этилиб, у 6 поғонага тушди.

Шунингдек, Содерот банк, Гарант банк ва Зираат банк ҳар бири 2 поғонадан юқорилаган. Рейтингнинг қуйи қисмида жойлашган Опен банк ва Узум банк эса 1 поғонадан ўсиш қайд этди.

Жаъфар Хидиров

Банк-молия ва капитал бозорларини ўрганиш шўъбаси

тел: (78)150 02 02 (441)

ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси

тел: (78)150 02 02 (417)