Марказий Осиё янги экологик босқич остонасида

Марказий Осиё янги экологик босқич остонасида

2026 йилнинг 22–24 апрель кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммит Марказий Осиё учун муҳим аҳамият касб этади. У, аввало, минтақа давлатларининг иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер деградацияси каби мураккаб муаммоларга биргаликда ечим излаётганлигининг яна бир ёрқин исботидир. Бу — экологик сиёсатда янги босқич, мустаҳкам ҳамкорликка асосланган стратегияга ўтишни англатади.

Муаммолар умумий — ечим ҳам умумий бўлиши шарт

Марказий Осиёда экологик муаммолар чегара танламайди. Орол денгизи фожиаси, трансчегаравий дарёлардан бесамар фойдаланиш, чўлланиш ва ҳаво ифлосланиши — буларнинг барчаси бир давлат эмас, балки бутун минтақа тақдирига таъсир қилади.

Сўнгги ўн йилликларда сув ресурсларининг нотўғри бошқарилиши, айниқса, Амударё ва Сирдарё ҳавзасидаги босимнинг ортиши нафақат экотизимлар, балки иқтисодий барқарорликка ҳам салбий таъсир қилди. Шу маънода, минтақавий саммит — муаммоларни тан олишдан уларни биргаликда ҳал этиш босқичига ўтишнинг амалий кўринишидир.

Саммит кун тартибида экологик сиёсатга комплекс ёндашувни акс эттирувчи саккизта устувор йўналиш белгиланган. Булар иқлим ўзгаришига қарши кураш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экотизимлар барқарорлигини таъминлаш, табиий хавфларга мослашиш ва иқтисодий барқарорликни кучайтириш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва чиқиндиларни самарали бошқариш, экологик мақсадларга эришиш механизмларини ривожлантириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, адолатли ва инклюзив “яшил ўтиш” ҳамда экологик ва рақамли компетенцияларни ривожлантиришдир. Шу тариқа, саммит кун тартиби экологик масалалар билан бир қаторда ижтимоий-иқтисодий жиҳатларни ҳам қамраб олади.

Саммит ташаббусининг BMT даражасида қўллаб-қувватланиши бу жараёнга жиддий сиёсий ва халқаро аҳамият бағишлайди. Бу эса минтақа учун муҳим сигнал: экологик масалалар энди фақат табиатни муҳофаза қилиш эмас, балки хавфсизлик, иқтисодиёт ва ижтимоий барқарорлик масаласига айланмоқда. Хусусан, халқаро молия институтлари — Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки каби тузилмаларнинг жалб этилиши экологик ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантириш имкониятини кенгайтиради. Чунки муаммоларни ҳал қилиш учун фақат сиёсий баёнот эмас, балки катта молиявий ресурслар ва технологиялар ҳам зарур.

“Яшил ўтиш” — имконият ёки чақириқ?

Саммит кун тартибидаги “яшил ўтиш” масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Бу жараён Марказий Осиё давлатлари учун икки томонлама характерга эга.

Бир томондан, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш янги инвестициялар, инновациялар ва иш ўринлари яратиш имконини беради. Қайта тикланувчи энергия, ресурс тежамкор технологиялар ва барқарор қишлоқ хўжалиги соҳалари ривожланиши мумкин.

Иккинчи томондан эса, бу жараён катта ислоҳотларни талаб қилади. Эски инфратузилмаларни янгилаш, саноатни модернизация қилиш ва аҳолининг экологик маданиятини ошириш — осон вазифа эмас. Шунинг учун ҳам саммитда “адолатли ва инклюзив яшил ўтиш” тамойилига урғу берилиши бежиз эмас.

Ўзбекистон: ислоҳотлар ва экологик ташаббуслар намойиши

Ўзбекистон учун ушбу саммит халқаро майдонда ўз экологик сиёсатини намоён этиш имкониятидир. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган “Яшил макон”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Тоза ҳаво”, “Био мерос”, “Чиқиндисиз ҳудуд” ва “Эко-маданият” лойиҳалари каби дастурлар мамлакатнинг бу йўналишда фаол позициясини кўрсатмоқда.

Айниқса, Оролбўйи ҳудудини тиклаш бўйича амалий ишлар Ўзбекистонни нафақат минтақада, балки глобал миқёсда ҳам муҳим ҳамкорга айлантирмоқда. Бу эса инвестициялар жалб қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароит яратади.

Саммитдан кутилaётган энг муҳим натижа

Саммитда минтақa учун стратегик аҳамиятга эга бир қатор ҳужжатлар, хусусан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қўшма декларацияси, 2026–2030-йилларга мўлжалланган БМТ билан ҳамкорликдаги минтақавий дастур, биохилма-хиллик, экотуризм ва экотизимларни муҳофаза қилиш бўйича меморандумлар, ёнғинлар бўйича эрта огоҳлантириш тизимини яратиш бўйича келишувлар ва трансчегаравий “Тинчлик боғи” ташаббусларини имзолаш режалаштирилган.

Мазкур ҳужжатлар узоқ муддатли ҳамкорлик ва экологик лойиҳаларни молиялаштириш учун мустаҳкам асос яратади.

Хулоса: глобал чақириқларга минтақавий жавоб

Минтақавий экологик саммит Марказий Осиёнинг глобал экологик кун тартибидаги роли ортиб бораётганини кўрсатади. Ушбу форум иқлимий хатарларни камайтириш, табиий ресурсларни асраш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган ягона минтақавий стратегияни шакллантириш йўлида муҳим қадамдир. Ўзбекистон учун эса саммитда иштирок этиш — бу нафақат ўз ютуқларини намойиш қилиш, балки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва “яшил иқтисодиёт” йўналишидаги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имкониятдир.