Ўзбекистон ва Германия ТИВ раҳбарлари олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди

Ўзбекистон ва Германия ТИВ раҳбарлари олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди

ТОШКЕНТ, 1 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бугун Германия Федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Германия кун тартибининг ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Германия томонига асосий устувор йўналиши Марказий Осиё этиб белгиланган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий жиҳатлари ва эришилган натижалари тўғрисида маълумот берилди.

Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, ташриф ва тажриба алмашиш амалиётини давом эттириш, турли йўналишларда қўшма тадбирлар ташкил этишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги маълум қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Германия бозорига кенг турдаги сифатли ва рақобатбардош Ўзбекистон маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш, Германиянинг етакчи компанияларини жалб этган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Германия томонига республикамизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, янги қомус билан Ўзбекистонни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, кафолати яратилади.

Маданий-гуманитар алоқаларни, айниқса, таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Вазирлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги ҳақида якдил бўлдилар. Шу нуқтайи назардан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Германия Инсон ҳуқуқлари институти ўртасида мулоқот ўрнатиш зарурлиги қайд этилди. Владимир Норов германиялик экспертларни жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича глобал форумга таклиф қилди.

Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида, хусусан, «Яшил макон» умуммиллий дастури ва Германия ташқи ишлар вазирлигининг «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси доирасидаги ҳамкорликнинг алоҳида жиҳатларини муҳокама қилдилар.

Анналена Бербок Ўзбекистоннинг Орол денгизи инқирози оқибатларига қарши курашишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Германия оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.