ТОШКЕНТ, 29 август. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ТИВ тизимида фаолият юритаётган ходимларни мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 31 йиллиги билан табриклади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ раҳбари мустақилликнинг ўтган 31 йилида Ўзбекистон барча соҳаларда юксак чўққиларни забт этганини, юксак натижаларга эришганини таъкидлади.
Ўзбекистон раҳбари томонидан долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан илгари сурилган ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланаётгани алоҳида қайд этилди.
Сўнгги йил давомида хорижий мамлакатларга 12 маротаба олий даражадаги ташриф, халқаро конференцияларда 9 марта онлайн шаклда нутқ сўзлаш ва 5 хорижий давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи юқори савияда ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани туфайли БМТ ва ЕХҲТ доирасида мамлакатимизнинг 50 дан ортиқ халқаро ташаббуслари бўйича қатор махсус резолюциялар қабул қилинди, деб таъкидлади Владимир Норов.
Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари томонидан 406 та инвестиция лойиҳаси бўйича 14 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб этилган.
Тадбир доирасида ТИВ раҳбари вазирлик ходимларини доимий лавозим ва дипломатик унвонлар олгани билан табриклаб, давлатимиз манфаати йўлидаги фаолиятида муваффақият тилади.
Учрашув сўнгида ТИВ раҳбари Америка давлатлари билан ҳамкорлик бўйича департамент бошлиғи Музаффар Мадраҳимовни 50 ёшга тўлгани билан табриклаб, унга мустаҳкам саломатлик ва фаолиятида муваффақиятлар тилади.