Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенконинг сўзларига муносабат билдирди

Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенконинг сўзларига муносабат билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Александр Лукашенконинг Қозоғистондаги воқеалар ортидан Ўзбекистон сабоқ олиши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди. У мазкур баёнотни «асоссиз» деб атади. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деди давлат раҳбари.

Пайшанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айрим давлат раҳбарларининг сўзларига муносабат билдирди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди», — деди у.

Баёнотда айрим давлат раҳбарининг номи қайд этилмаган, бироқ, гап катта эҳтимол билан Беларус президенти Александр Лукашенко ҳақида кетмоқда. У 10 январь куни бўлиб ўтган КХШТ саммитида Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигини, чунки тартибсизликлар ташкилотчилари унга кўз тикиб турганини таъкидлаганди.