Касаба уюшмалари федерацияси янги Ўзбекистон тараққиётида фаол иштирок этмоқда

Касаба уюшмалари федерацияси янги Ўзбекистон тараққиётида фаол иштирок этмоқда

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда энг жадал ривожланаётган давлат – Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, халқаро ҳамжамият “Янги Ўзбекистон” атамасини тобора кўпроқ ишлатмоқда.

Бундай эътироф Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

Жорий йил октябрь ойида Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК)га сайлангани мамлакатимизнинг янгиланган қиёфаси ва унда кечаётган демократлаштириш жараёнларининг халқаро миқёсда тан олинаётганининг ёрқин тасдиғи бўлди. Шуниси эътиборга лойиқки, ИҲКнинг янги сайланган аъзолари орасида Ўзбекистон энг кўп овоз тўплаган мамлакат бўлди – 169 давлат Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлади.

Бугун мамлакатда 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мақсадларига эришиш учун саъй-ҳаракатлар ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ушбу жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимизнинг энг йирик нодавлат жамоат ташкилоти 14 та филиал ва 14 та ҳудудий бирлашмаларни бирлаштирган, 5,5 миллион киши уларга аъзо бўлган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Касаба уюшмалари умумий конфедерацияси аъзоси сифатида меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш масалаларида ҳукуматнинг мустақил ва тенг ҳуқуқли ижтимоий шериги сифатида фаолият юритмоқда.

Бу натижаларга эришишда кўп жиҳатдан 2019 йил мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта касаба уюшмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунининг қабул қилинишининг ҳам аҳамият юқори бўлди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ушбу ҳужжатни юқори баҳолади.

2016 йил Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши ҳам федерациянинг жамоатчилик олдидаги обрў-эътибори ва ижтимоий ролини оширишга хизмат қилди. Шунингдек, мамлакатимиз томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилиниши ва Ўзбекистоннинг ХМТнинг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги конвенцияси протоколига қўшилиши ҳам ижобий роль ўйнади.

Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Касаба уюшмаларига меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида мисли кўрилмаган ҳуқуқ ва ваколатларни тақдим этди. Бу уларга давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган фаол ислоҳотлар ва ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга кўмаклашиш имконини бермоқда.

Бугунги кунда, мамлакат касаба уюшмаларининг роли, ҳатто Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси стандартлари билан таққослаганда ҳам энг юқори даражага кўтарилди. Ва шуни айтиш мумкинки, янги Ўзбекистонда меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг принципиал жиҳатдан янги шартномавий-ҳуқуқий механизми яратилди ва  у фаол ишлаяпти.

Хусусан, сўнгги амалиётга асосланиб, касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва мамлакат Иш берувчилар конфедерацияси билан 2020-2022 йиллар учун Бош келишувни имзолади ҳамда ушбу ҳужжат кучга кирди. У шериклар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ҳамкорликни тартибга солади.

Тармоқ шартномалари кўламининг ўсиши, жамоавий шартномалар орқали ҳар бир ходим даромадининг кўпайиши ҳам мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнларида касаба уюшмаларининг фаол иштирокини кўрсатади. Хусусан, ходимларнинг ўртача даромади 1,5 миллиондан (тахминан 150 доллар) 5 миллион 100 минг сўмгача (тахминан 500 доллар) ошди.

Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши ва касаба уюшма органларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 2016 йилдан 2020 йил 1 январгача бўлган даврда иш ҳақи бўйича муддати ўтган қарздорлик 6 мартадан кўпроққа қисқартирилди. Бугун эса бундай қарзларга умуман барҳам берилди. Касаба уюшмаларига аёллар томонидан қилинган мурожаатларнинг 90 фоизи ҳал қилинди.

Сўнгги йилларда касаба уюшмалари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин ҳамкорликда мажбурий меҳнат, шу жумладан болалар меҳнатига қарши курашда сезиларли ютуқларга эришди.

2020 йил пахта мавсуми давомида олиб борилган доимий мониторинг натижасида бюджет ташкилотлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари, талабалар ва мактаб ўқувчиларининг терим ишларига жалб қилиш бартараф қилинди. Бу қатор халқаро нодавлат ташкилотлар, шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан юқори баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари соғлиғини яхшилашга кўпроқ эътибор бера бошлади. Бугун федерация кенг курорт муассасалари тармоғи – 21 та санатория ва 2 та дам олиш уйи, 23 та болалар соғломлаштириш масканларига эга. Сўнгги уч йил ичида федерация тизимидаги санаториялар ва дам олиш уйларида 600 мингга яқин фуқаро соғломлаштирилди. Улардан 45 фоизга яқини имтиёзли йўлланмалар асосида соғлиғини яхшилади. 11 минг 655 кишига эса  бепул йўлланмалар тақдим этилди.

Ҳар йили ёзги мавсумда 350 минг мактаб ўқувчиси болалар соғломлаштириш оромгоҳларида имтиёзли йўлланмалар асосида ҳордиқ чиқаради. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг чекка ҳудудларида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 4 ярим минг фарзанди учун Тошкент вилоятида бепул соғломлаштириш имконияти яратилади.

Сўнгги йилларда республикада қатор янги санаториялар қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу нафақат меҳнаткашларнинг соғлиғини яхшилаш сифатини ошириш, балки янги иш ўринларини яратишга ҳам имкон берди. Хусусан, Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида жиҳозланиш даражаси ва яратилган қулайликлари бўйича Марказий Осиёда энг етакчилардан бири бўлган «Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳи ишга туширилди. Наманган шаҳрида Сув спорти саройи, Сурхондарёнинг гўзал жойларидан бирида энг замонавий технологиялар асосида қурилган “Хўжаипок” санаторияси, Сирдарё вилоятида “Янгиер” санаторияси ва Тошкент вилоятида “Қўҳинур” санаторияси ўз эшикларини очди.

Касаба уюшмалари спорт жамиятларида шуғулланадиган спортчилар ҳам юқори натижаларга эришмоқда. Қисқа вақт ичида улар Осиё ва жаҳон чемпионатларида 26 та олтин, 20 та кумуш ва 17 та бронза медалини қўлга киритди, Токиода бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинларида қатнашиш учун 7 та лицензияга эга бўлди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ўз фаолияти доирасида мунтазам тарзда оммавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келмоқда. Хусусан, “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида Касаба уюшмалари форуми, «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» халқаро конференцияси ва бошқа тадбирлар шулар жумласидандир.

Касаба уюшмалари федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши ва Ёшлар бирлашмаси ҳам ўз фаолиятини Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги янги вазифалар руҳида тубдан қайта ташкил қилди.

Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси Хотин-қизлар кенгашининг ташаббуси билан 2019 йил Самарқанд шаҳрида халқаро ташкилотлар ва қатор хорижий касаба уюшма марказлари вакиллари иштирокида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва гендер тенгликни амалга оширишда касаба уюшмаларининг иштироки” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил 7 март куни хотин-қизларнинг муаммоларига эътиборни кучайтириш, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида «1211» қисқа рақамли «Ишонч телефони» – колл-марказ йўлга қўйилди.

«Ишонч телефони»нинг асосий мақсади аёлларга кундалик муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериш, уларнинг долзарб муаммоларига мансабдор шаҳсларнинг эътиборини жалб қилишдан иборат. Зеро ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турибди.  Хусусан, колл-марказларга 50 мингдан ортиқ кунғироқ келиб тушган бўлиб, уларнинг 87 фоизга яқини ўрнатилган тартибда ҳал этилди ва 13 фоиздан зиёдроғи назоратга олинди.

Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ҳамда Европа, Осиё ва Африка мамлакатлари миллий касаба уюшмалари марказлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Бунинг амалий натижаси сифатида мазкур ташкилот бош директори Гай Райдер бошчилигидаги салмоқли делегациясининг 2018 йил декабрь ойида Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди.

Гай Райдер республика касаба уюшмалари фаоллари билан учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг қонун ижодкорлигида иштироки, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнаткашлар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги фаолиятига юқори баҳо берди.