Озодлик – бахт

Озодлик – бахт

Дунё яралибдики, одамзод ҳурликнинг, озодликнинг ошиғи, мафтуни. Тарихдан маълумки, жами жангу жадаллар халқнинг эркинлигини, мамлакат мустақиллигини тортиб олиш ёки асраб қолиш учун олиб борилган. Одамнинг ҳам, халқнинг ҳам қадру қиймати унинг нечоғлик озод экани билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам «дунёда энг гўзал инсон — бу озод инсондир» деган хулосалар бор.

Халқимиз тарихида озодлик учун олиб борилган курашлар, жасорат ва матонат сабоқларини бир-бир санаб ўтадиган бўлсак мамлакат мустақиллиги бебаҳо, нақадар ноёб эканини англаймиз. Нажмиддин Кубронинг юрт байроғини қўлда тутиб жон бергани, Мангубердининг юртни ёвга бермаслик учун олиб борган курашлари, Ҳазрати Чўлпоннинг «Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен» деган оташин сатрлари эркнинг қийматини, инсон озодлигининг нечоғлик ноёб эканини исботлаб беради.

Азалдан халқимиз олтину тиллолар учун эмас, эрки учун курашган халқ. Машраб бобомиз «Дили тиғи ситамдан пора бўлган халқни кўрдим, Тани дарду аламдин ёра бўлган халқ­ни кўрдим, Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган халқни кўрдим» деб ёзган бўлса, Жаҳон отин Увайсий момомиз «Замона кулфатидин бу кўнгил доғ ўлди, доғ ўлди» деб зорланиб, анор доналари каби гумбаз ичида нолон ва эрксиз ўтирган қизлар тимсолида инсон эркининг қийматини англатиб ўтиб кетганлар. Қатағон қурбонлари бўлган, айни йигитликнинг ўт паллаларида тафаккур ва қалб ҳурлигининг ёрқин намуналарини яратган Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир ва бошқа маърифатпарварларимиз ҳам мана шу халқнинг эрки учун курашиб, шу йўлда жоннисор бўлиб кетдилар.

Шу ўринда мустақилликнинг илк йилларида ёзган бир шеъримдаги мисралар ёдимга тушди: Менга айтадилар, мустақиллик, шон, Бир омаддай келди. Нечун кулмайсан? Бўғзимга келади кўксимдаги жон, Санчилиб оғрийди кўксим, жилмайсам…

Нега жилмайсак кўксимиз оғримасин ахир? Бизга мустақиллигимиз бир омад чиптасидек келиб қолгани йўқ-ку. Халқимиз қонлар-у, жонлар эвазига эришдику бу иноятга. Мустақиллик нима ўзи, у бизга нима берди, каби саволларни кўп эшитамиз. Назаримда мустақиллик, озодлик сўзлари барчага бирдек тушунарли, бирдек азиз ва улуғ.

Мустақилликсиз биз қандай аҳволда эдик? Эрки ўз қўлида бўлмаган халқнинг ҳоли нима кечади? Озод бўлмай туриб, халқ халқ бўла оладими? Биз мамлакат ва халқ сифатида ҳеч нарсани ўзимиз ҳал этмаган даврдаги кўплаб ҳолатлар мустақилликнинг, озодликнинг қийматини англатса ажаб эмас, деб қуйидагиларни санаб ўтмоқчиман:

Ўтган асрнинг 37-йили даҳшатлари ҳеч қачон унутилмайди. Менинг бобом Холназар чавандоз ҳам 37 ёшда репрессия қурбони бўлган. Уни милиция ходимлари уйидан араб имлосидаги китоб чиққани учун олиб кетишган, йўл-йўлакай бобом йиқила-сурина бир пой маҳсисини кийган, бир пойини рухсат бўлмагани учун киёлмай қўлтиғига қисганича чиқиб, бедарак кетган экан. Мустақилликнинг илк йилларида бобомнинг оқлангани ҳақида, онамга, тоғаларимга хабар келганди. Даҳшат, узоқ Шарқ қаҳратонларида ўпкасини совуққа олдирибми, даҳшатли Сибирь қамоқхоналарининг совуқ баракларидаги азобларга дош беролмай ақлдан озибми, минг бир азобдан қон ютиб, жон берган бўлсалар-у, орадан 40 йил, 50 йил ўтгач, тегишли жойлардан «уларга қўйилган айблар асоссиз эканлиги айтилиб, оқланганлиги» ҳақида қоғоз олсанг… Инсонга, унинг бир мартагина бериладиган умрига ўзича эгалик қилиш, шу қадар бедодлик… Қанча илмли аждодларимиз бобомнинг ҳолида кетдилар. Зиёли, билимдон одамлар, муаллимлар…

Мустақиллик мана шу аждодларимизни оқлаб берди, уларнинг жасоратли ҳаётларини авлодларга ибрат қилиб кўрсатиш имконини берди! Мен истиқлол йилларида бунёд этилган «Шаҳидлар хиёбони»ни Қодирийнинг мунгли кўзлари, изтироби жонни ўртайдиган нигоҳлари, Чўлпоннинг «ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта очдимку» деган ҳайқириқларига, Усмон Носирнинг дунёдан безиб «шеърим яна ўзинг яхшисан» деб ижодга юкинибгина яшашига ҳам қўймай, 30 га ҳам кирмай бевақт кетган жонига қўйилган ҳайкал, улар шарафига қурилган зиёратгоҳ деб биламан. Мустақиллик Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлиб кетган боболаримиз руҳига ором берди!

Қатағон репрессия йиллари, қисқа вақт ичида халқ орасида ўқув алфавити икки марта ўзгарган эди. Бу ҳам беписандлик, халқни саводсиз деб айблаш учун қўйилган тузоқ эди аслида. Сўз ва фикр эркинлиги буғиб ташланганди. Ижодкордаги энг асосий мезон — тафаккур ва қалб озодлигига мутлақ тўсиқ қўйилган ва муштдайлигимиздан бизга: «Мен бахтиёр, ҳур қизман. Кўкси тўла юлдузман» каби зўрма-зўраки мақтовлар, нотабиий, ясама қувонч­ларни сингдиришганди. Равон йўл, қуёшли, қувончли йўлларимиз ҳақида ўн йиллаб ким ўзарга куйладик. Газета-журналларнинг таҳририятларида шеър­ларимиздаги «ура-ура»лар салгина пасайган нуқталарни топиб олишардида: «Гумбурлатиб ёзмайсизми! Нимадан бу норозилик, зорланиш? Қора ранглар қуюқлашиб кетибди», деган гапларни, ҳукмдай жаранглайдиган эътирозларни эшитиб турардик.

Мустақиллик бизга дилда неки қайғу ва ё қувонч бор, барчасини тўкиб солмоқ, халқнинг айтса тили, айтмаса дили куядиган дард­ларини шеърларда куйлаш, қувончларини бирга-бирга тантана қилиш имконини берди!

Ўша турғунлик деб аталган йилларда пахта далаларида дориланган сувларни ичиб, силга чалинган пахтакор қиз Ойбўстон, 35 ёшида пахта даласида ўқариқдан дорили сув ичиб оламдан ўтган ўзимнинг онам эрксиз давлат аёлларининг аҳволи шундай бўлади, деб сабоқ бераётгандек бўлаверади. Улар замон иллатларидан қурбон бўлиб кетмадиларми ахир? Ўша пайтлар бўйимиз кетмондан паст бўлишига қарамай, кўнглимиз осмонда, «Гул диёрим бор менинг, гулшан диёрим бор менинг»ни айтиб, муштдай-муштдай қизалоқлар далани бошимизга кўтарардик. Ўргатдилар. Сайрайвердик. Кетмон тутқаздилар, ишлайвердик.

Мустақиллик халқимиз тинка-мадорини қуритган пахта қуллигидан қутқарди, офтобнинг тиғи бошидан ўтиб ишлаётган деҳқонлар-у, калиши тупроққа тўлиб зўрға қадам босаётган рангпаргина пахтакор аёлларни сояга олди! Уларга меҳнатда ҳам меъёр борлигини англатди!

Турғунлик йилларида фаровон яшашнинг барча кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон 15 та республика ичида охирги ўринда турарди. Фаровонлик бўйича энг охирги ўринда, аёллар касалликлари, болалар ўлими бўйича энг юқори ўринда эдик.

Мустақиллик энг аввало тинчликни кафолатлади, инсон ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлади, фуқароларимиз саломатлиги ва фаровон ҳаёти билан боғлиқ ҳолатларни яхшилашимизга имкон яратди! Эй, одамсан, одамдек яша, деди!

Миллатни йўқ қилиш учун аввало унинг тилига ҳужум қиладилар, мана шу маънодаги таҳлилларни келтирсам: «…республика Фанлар Академиясининг Тарих институтида 1981-1987 йиллар ичида тайёрланган илмий асарларнинг етмиш (70) фоизи рус тилида, йигирма (20) фоизи хорижий тилларда, фақат саккиз (8) фоизи ўзбек тилида нашр этилди. Табиатшунослик соҳасидаги илмий тадқиқот инс­титутларида ўзбек тилида тайёрланган ишларнинг сони бундан ҳам камдир».

Мустақиллик тилимизга давлат мақомини берди, тилимизни бийрон қилди! Мустақиллик бизга бирлашиб, халқ бўлиб юксалсак, юқорида саналган фожеаларни қайта юз бермаслигига кафолат берди! Инсон ҳуқуқи ва халқнинг иродаси олий қадрият эканини анг­латди ва англатмоқда!

Қодирий бобомиз айтганларидек, мозийга назар ташлаб туриш шунинг учун ҳам хайрлики, ким эканингни, қайси оловлардан ўтиб келганингни, қандай халқнинг фарзанди эканингни ва аждодларинг нечоғли буюк бўлгани ва муносиб яшаб ўтганини англайсан одам. Юқоридаги каби фожиаларни халқи­миз кўп бор бошидан ўтказди, санасак сон етмайди, ёзсак қалам ҳам адо бўлади.

Мустақиллик декларациясининг юзага келиши, қабул қилиниши, мус­тақил Ўзбекистоннинг бош қомуси — Конституциянинг тайёрланиши ва тасдиқланиши каби жараёнларда иштирок этиш бахтига муяссар бўлган бир ижодкор сифатида тақдиримдан миннатдорман. Истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар, янгиланишлар барча юртдошларимиз каби мени ҳам қувонтиради. Айниқса, бугунги кунда сўз эркинлиги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, одамга одамдек яшаш имконини яратиш, бунёдкорлик, ободончилик, ижодкорга эҳтиром, адабиётга ҳомийлик каби янги муносабатлар одамда яшамоққа, ҳаётга ва Ватанга бўлган муҳаббатни, гўзал иштиёқни жўштирмоқда, десам хато бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан яна бир бор танишиб чиқдим. Унда иқтисодий ислоҳотлар натижасида одамларнинг ҳаёт даражасини кўтариш билан бир қаторда адабиёт орқали халқ маънавиятини юксалтириш, оилавий китоб ўқиш анъаналарини кенг тарғиб қилиш, ёшларни маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятига, китоб мутолааси маданиятига бўлган эътиборни кучайтириш ғоясига жуда кенг ўрин берилганидан хурсанд бўлдим. Ростдан ҳам, ахир қайси миллат адабиётсиз ривожлана олади?!

Мен бугун ижодкорга кўрсатилаётган эътиборни қайта-қайта таъкидлашдан чарчамайман, чунки, ростдан ҳам кун сайин, соат сайин ижодкорнинг жойи пойгакда эмас, юракларнинг энг тўрида эканига бугун мисоллар кўпайиб бормоқда. Қисқа муддат ичида адабий ҳаётимизда шу қадар кўп янгиланиш ва воқеалар юз бердики, уларни кузатиб ўзингни кундан-кун яна ҳам баланд учаётган қушдек ҳис қиласан одам. Миллий боғимизда шоирлар хиёбонининг ташкил этилиши, туркманнинг булбул шоири Махтумқули ҳайкалининг ўрнатилиши, ўзбекнинг икки улуғ шоири Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов номларининг абадийлаштирилиши, бир қатор истеъдодларни кашф этиб берган ёш ижодкорларнинг Зомин семинарининг тикланиши ғоятда қувонарли.

 

Адабий ва ижтимоий ҳаётимиздаги юқорида санаб ўтганим оламшумул янгиликлар қаторида телеэкранларимизда барча соҳаларнинг муаммолари очиқ айтилмоқда. Ҳокимият вакиллари оддий халққа яқинлаштирилди, юртдошларимиз билан ҳокимликлар ўртасида аллақачонлар узоқлашиб кетган масофалар қисқартирилиб, лавозим эгалари халқ ичига бормоқда. Халқни тингламоқда, юрагига қулоқ тутмоқда. Мустақиллик дегани ҳам аслида халқнинг юрак уришини худди табиб каби англаш, унга малҳам бўлиш деганидир!

Улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг «Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар» номли асарида овга чиққан бобо, ота ва боланинг қайиғи қуюқ туман билан қопланган поёнсиз денгизда адашиб кетади, ичимлик сув озлигидан шу сувни бир томчи бўлса-да, болага қолдириш учун ўзини денгизга ташлаган бобо Ўрхун — Ўрхун Шамолга, ота Эмрайин — Эмрайин Бўронга айланиб кетади. Мақсад — қандай бўлмасин болани омон асраб қолиш, токи зурёди ер юзидан йўқолиб кетмасин. Бунинг учун улар қўлларидан келган ҳамма ишни қилдилар. Мустақиллик дегани ҳам аслида Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ва маърифати учун ҳамма қўлидан келган ҳамма яхши ишни қилиши, софлик ва ҳалоллик, ички бир муҳаббат билан меҳнат қилиб, унинг гўзал натижаларини кўриш деганидир.

Бир ҳақиқатни ёшларимиз англашлари лозимки, озодлик олий неъмат, фақат шу юртнинг тупроғи дардимизга малҳам бўла олади ва болаларимизнинг ҳар бири Ватанининг, халқининг корига ярай оладиган байроқдор фарзандлар бўлишлари лозим! Илдизлари минг йилликларга бориб етган бу халқ ҳар не юмуш айтса, елка тутиш ҳар биримизнинг виждоний бурчимизга айлансагина биз дунёдаги энг бахт­ли халқлар сафида бўламиз.

 

…Отланаркан

Тонг ёки кечда,

Ичга тўлдир озодлик куйин.

Бор лаш-лушинг бирма-бир еч-да,

Бошдан-оёқ ҲУРЛИКни кийин.

 

ЭРККА тўйин,

Керак тамоми

Муҳтожликдан ўзни қутқармоқ.

Худойимнинг тоза йўлида

Қандай байрам кишансиз бормоқ!

 

Қайиролмас

Ҳеч ким шохингни,

Қирқилади ғилофу қинлар.

Бошингдаги эрк кулоҳингни

Бошинг олмай ололмасинлар!

Ол-ол-ма-син-лар!