МИЛЛИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

МИЛЛИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат МирзиёевнингЎзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қароридан.

 

Тарихий 1991 йилнинг 31 августи куни мустақиллигимиз эълон қилинди. Ватанимиз ва халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўтган 26 йил мобайнида дунё харитасидан Ўзбекистон Республикаси деган янги мустақил давлат муносиб ўрин эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Бозор иқтисодиётига асосланган демократик тузум барпо қилишга киришилди. Бунинг учун сиёсий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан туб ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакат ва халқ олдига ривожланган давлатлар сафидан муносиб ўрин олиш вазифаси қўйилди. Ана шу тарихан қисқа бир даврда жуда катта ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўл босиб ўтилди. Мустақиллик Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очди.

Даврлар ўтгани сари мустақиллигимиз тарихини ўрганиш, бу улуғ неъматга қандай эришганимиз моҳиятига етиш, истиқлолимиз қадрини чуқур англашнинг аҳамияти тобора ортиб бораверади.

Ҳаёт ҳеч қачон тўхтаб турмайди, у илгарилаб бораверади. Аммо шу жараёнда, тараққиётни кучайтириш мақсадида яна бир бор фикр-мулоҳаза қилиб кўрадиган, бошқача айтганда, янгиланишлар пайтлари ҳам бўлади. Мамлакатимиз ҳозир шундай янги босқичга кирди.

Шу йилнинг 27 июнида Ўзбекистон Республикаси
Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бу йилги байрам “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида нишонланади. Қарорда ушбу Дастурни 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш белгиланган.

Хўш, ана шу бешта устувор йўналиш айнан нималардан иборат? Бу ерда уларни санаб ўтишни ўринли деб ҳисоблаймиз:

Биринчи йўналиш. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш.

Иккинчи йўналиш. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш.

Учинчи йўналиш. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш.

Тўртинчи йўналиш. Ижтимоий соҳани ривожлантириш.

Бешинчи йўналиш. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.

Мустақиллик тарихини айнан мазкур йўналишларда нималар қилинганини ўрганиш бўйича ёритиш ҳам мумкин. Ана шунда масала янада ойдинлашади. Яъни бу борада қўлга киритилган ютуқларни аниқлаш амалда бундан буён қилиниши зарур бўлган ишларни белгилаб беришга ҳам хизмат қилади.

Хўш, мустақилликнинг 26 йиллигига бағишланган дастурни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш деганда нима тушунилади? Бу саволга жавоб бериш учун гапни бир оз узоқроқдан бошлашга тўғри келади.

2016 йилнинг 25 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг интернет тармоғида электрон қабулхона ташкил этилди. Халқ билан мулоқот сиёсати амалда  шу кундан бошланди.

Ўтган йилнинг 4 декабри куни демократик тамойиллар асосида халқ Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлади. Ўз-ўзидан, мамлакатимиз тарихида янги бир босқич бошланди.

Ўтган йилнинг 7 декабри куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” деб номланган маърузасида 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган қўшма мажлисидаги нутқи матбуотда “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган сарлав­ҳа билан босилди.

Келтирилган ана шу ҳаракатлар ўртасида изчил мантиқий боғлиқлик бор. Улар замирида халқ ва давлат бирлиги кўзда тутилган.

“Давлат”, “мамлакат”, “ҳукумат”, “ҳокимият”, “жамият”, “халқ”, “миллат”, “халқ ҳокимияти” тушунчалари бор. Бир қарашда, ҳаммаси – содда, ҳаммаси – тушунарли. Ростини айтганда, гоҳида кўплар “мамлакат” билан “давлат”ни, “давлат” билан “ҳукумат”ни, “ҳукумат” билан “ҳокимият”ни, “жамият” билан “халқ”ни, “халқ” билан “миллат”ни, “халқ” билан “халқ ҳокимияти”ни бир-бири билан адаштиради.

Демократик тузумда буларнинг ҳар бири – алоҳида-алоҳида тушунча. Айтайлик, давлат билан ҳукуматни обдон фарқлаб олмай туриб, давлат ва жамият вазифалари ўртасидаги тафовутни ҳам аниқлаштириб олиш – мушкул. Чунки демократик тузумда давлат вазифалари билан жамият вазифалари ўзаро қатъий чегараланади, яъни вазифалар ўзаро тақсимлаб олинади.

Шўро давлати жамиятнинг барча вазифаларини ўз бўйнига олган, шунинг учун тузумда жамиятнинг ўрни ҳам, ундаги фуқаронинг фаоллиги ҳам чеклаб ташланган эди. Одамларимиз тасаввурида мавжуд давлат ҳақидаги эски қарашлар ҳамон тараққиётимизга халал бериб келаётгани ҳам – рост. Ҳолбуки, ҳаётнинг бир қисм муаммосини давлат, қолган кўп масаласини жамият ҳал қилиб кетавериши лозим.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ҳам фаолият юритяпти. Барча идора ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимиятларнинг шундай қабулхоналари ташкил этилди.

Халқ билан мулоқот ҳаётдаги муаммоларни ойдинлаштиради. Одамлар ҳамма масала ечимини давлатдан кутавермайди. Аммо шундай нарсалар борки, уни фақат ва фақат давлат идоралари амалга оширади ёхуд халқ бундай муаммони давлат билан биргаликдагина ечади.

Оммавий ахборот воситалари халқ билан мулоқотнинг синалган, катта кучга эга, тайёр механизми ҳисобланади. Эндиликда оммавий ахборот воситаларини халқнинг зиёлилари учун чинакам минбарга айлантирилиши вақти етди. Ахир, зиёлилар халқнинг локомотивлари ҳисобланади-ку. Шунинг учун образли қилиб, яъни рамзий маънода “тўртинчи ҳокимият” дейилади.

Масаланинг бундан ҳам муҳим бир жиҳати бор. Бу давлат ҳокимият идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириши билан боғлиқ. “Адолат – қонун устуворлигида”, – деган ҳаётий тамойилга қатъий амал қилишга шу йўл билан эришилади.

Мамлакатимизда шу тариқа давлат ва халқ ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни кучайтириш даври бошланди. Мустақилликнинг 26 йиллигини нишонлашга бағишланган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурида, жумладан, “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишларни атрофлича ёритиш кўрсатилган.

Бу борада мамлакатимиз ўтган йиллар мобайнида тамоман ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтди. Бу ишларни ким амалга оширади? Албатта, давлатимиз раҳнамолигида мард ва олижаноб халқимиз. Бундан буён ҳам тараққиётимиз айнан ана шу давлат ва халқнинг жипс­лигига таянади. Бусиз ҳеч бир мамлакат ўз олдига қўйган эзгу мақсадларга эришган эмас.

Яна бир тамойил юқоридагиси билан чамбарчас боғланиб кетади. Бу – “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил.

Ўтган 26 йил мобайнида халқимиз ўз миллий давлатини қурди. Давлат қуриш эса халқ ва мамлакат тарихида жуда мураккаб ҳамда ўта муҳим босқич ҳисобланади.

Хусусан, қарийб бир ярим аср мобайнида мустамлака исканжасида яшашга мажбур этилган халқ учун бу қанчалар оғир кечишини бир кўз олдимизга келтирайлик.

Биринчидан, халқ сиёсий жиҳатдан ҳуқуқларидан тамоман маҳрум қилиб ташланди. У ҳамма масалада собиқ марказдан сўраш, унинг қошу қовоғига қараб иш кўришга мажбур этилди.

Иккинчидан, иқтисодий жиҳатдан республикамиз бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хомашёси етказиб беришга мослаштирилган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган бир ўлкага айланиб қолган эди. Чунки иқтисодиётнинг “олтин” қоидаси шуки, ҳеч қачон хомашё сотган бой бўлмайди. Ўзбекистонимизда ўша йиллари етиштирилган 5 миллион тоннадан ортиқ пахтанинг атиги 8 – 10 фоизигина ўзимизда қайта ишланган, қолган қисми олиб кетилган ва асосий фойда тайёр хомашёни қайта ишлаган бегона ҳудудларга келиб тушган.

Вазиятни тўла-тўкис кўз олдимизга келтириш учун 1990 йил 4 июнида Ислом Каримов томонидан қайд этиб ўтилган мана бу маълумотларга диққат қилайлик:

“…Республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди….Ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса – иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст.

Саноатдаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан республика мамлакатдан 40 фоиз, қишлоқ хўжалигидаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан эса икки баробар орқада қолмоқда. Республикада аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ўртача иттифоқ даражасининг атиги 40 фоизини ташкил этади. Биз даромад даражаси, асосий турдаги маҳсулотларни истеъмол қилиш жиҳатидан иттифоқдош республикалар орасида энг охирги ўринлардан бирида турибмиз.

Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, тухумни, умуман, мамлакат аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қилмоқда. Ойига ўрта ҳисобда 75 сўмдан камроқ ялпи даромад оладиган аҳолининг улуши мамлакатда 12 фоиздан сал кўпроқ бўлса, бизнинг республикамизда 45 фоизга боради. Бир миллионга яқин киши ижтимоий ишлаб чиқаришда ўзининг қўлидан келадиган ишни топа олмаяпти”.

Учинчидан, халқнинг миллий маънавиятига болта урилди.

Ҳолбуки, ҳар бир халқ ўз тарихий илдизларига суянган ҳолда равнақ топади. Мустақиллик йилларида бу тўла-тўкис тасдиғини топди.

Ҳақиқат қиёсда билинади, деган гап бор. Мустақилликдан олдинги 1990 йили юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган. Ҳозирги вақтда эса бундай товарларнинг қарийб ҳаммаси мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқариляпти. Ёки эндиликда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 – 92 фоизини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ва етакчи кучга айланиб бораётир. Мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган ўрта синф – мулкдорлар синфи жадал ривожланяпти. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши йил сайин ортиб боряпти.

Бу ишларнинг бари аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Шу тариқа мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори яратилди.

Юртимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди. Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб келаётган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқлар жадал ривожланмоқда.

Бизда бу ютуқлар билан чекланиб қолинаётгани йўқ. Ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирларига қарамасдан, мамлакатимизнинг иқтисодий жиҳатдан қатъият билан илгарилаб боришига асос бўлаётган аниқ мезон ва омиллар мавжуд.

Бундай ютуқларнинг адоғи йўқ.

Хўш, бу муваффақиятларга нималар эвазига эришдик?

Аввало, оқилона олиб борилган сиёсат туфайли Ўзбекистонимиз саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган давлатга айланди.

Қисқа фурсат мобайнида мамлакатимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилди. Бунинг натижасида фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этила бошлади.

Давлатнинг халққа бундай қайишиши натижасида одамларнинг руҳиятида катта ўзгариш юз берди. Фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ортди, сиёсий хабардорлик даражаси кўтарилди.

Энг муҳими, жамиятда тадбиркорлик муҳити жонлантириб юборилди. Ишбилармонларга давлат томонидан қулай имкониятлар яратиб бериляпти. Бир пайтлар тадбиркор кредит сўраб банкларга ялиниб борган бўлса, энди банкларнинг ўзи тадбиркорларга кредитлар таклиф қиляпти. Буларнинг бари мамлакатда ишлаб чиқариш ва хизматларнинг мисли кўрилмаган турлари, кўплаб янги иш жойлари юзага келишига асос бўляпти.

Қарорда ҳам қайд этилганидек, буларнинг барининг замирида: “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, – деган тамойил ётибди.

Халқ онг-тафаккури, дунёқарашининг ўзгаргани – мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиз. Бундан буён ҳам: “Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз”, – деган ғоя шиоримиз бўлади.

Башарият тарихи шундан гувоҳлик берадики, ҳеч бир мамлакат ўзи ёлғиз ҳолда тараққий этган эмас. Чунки мураккаб дунёнинг кўпдан-кўп муаммолари айнан ҳамкорликда, дўстона тарзда ҳал этилади. Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистонимизда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига қатъий амал қилинади.

Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси жиҳатидан энг катта мамлакат. Чунки минтақадаги жами 65 миллион атрофида аҳоли яшаса, унинг тенг ярми мамлакатимизда истиқомат қилади. Бундан ташқари, халқимиз жаҳон тамаддуни тараққиётига улкан ҳисса қўшган бой маънавий меросга эга. Мамлакатимизнинг бугунги иқтисодий, илмий, маънавий-маърифий салоҳияти ҳам – жуда катта.

Мустақиллик йилларида жаҳон майдонида эришган ютуқларимиз бизни курраи заминга яна ҳам танитди. Амалда халқимиз кимларнинг авлоди эканини, нималарга қодирлигини намоён этди. Дунё бизга ҳурмат кўрсатишга, биз билан яқиндан ҳамкорлик қилишга киришди. Қўшниларимиз билан яқин дўстона муносабатлар эса, биринчидан, бизнинг миллий манфаатларимизга тўла мос келади, иккинчидан, буни халқаро майдондаги обрў-эътиборимиз ҳам талаб қилади.

Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Биз эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодимизни янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етказишни энг муҳим ишларимиздан деб билдик. Айни шундай ёшларни, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлашни ўзимизнинг устувор вазифамиз деб кун тартибига қўйганимизнинг вақт ўтиши билан нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аён бўлмоқда.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўтган ҳафтада бўлиб ўтган қурултойида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилгани, унинг вазифалари белгилаб берилгани, ёшлар ташкилотига талай имтиёзлар жорий этилгани, 30 июнь мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилингани ҳам бизда бу масала давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканини кўрсатади.

Мустақиллик йилларида она юртимиз, унинг барча минтақалари, шаҳар ва қишлоқларимизнинг чиройи тобора очилиб, гўзал қиёфа касб этди. Бу эса шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини орттиришга хизмат қилиб, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда уч буюк йўл қурилди. Биринчиси – Фарғона водийсини Тошкент вилояти ва шу орқали мамлакатнинг бошқа минтақалари билан боғлайдиган Қамчиқ довони. 1998 йили бошланиб, қисқа  муддатларда, яъни 2000 йили фойдаланишга топширилган бу улкан йўл қурилиши – мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга. Шу тариқа мамлакатимиз орқали автомобиль йўли билан Хитойгача бориш учун зўр имконият очилди.

Фарғона водийсидаги уч вилоятимизда мамлакатимизнинг қарийб 10 миллион кишидан иборат аҳолиси яшайди. Эскидан мавжуд Қамчиқ довонининг илон изи йўлларидан қиш маҳаллари юришнинг мутлақо иложи йўқ эди. Ёз пайт­лари ҳам бу тор йўлдан транспортнинг бугунги талаблар даражасидаги катта оқими учун ҳеч қандай имкон бўлмаган. Тожикистон орқали ўтган катта магистраль йўл билан юришга эса, узоқ масофани айланишга тўғри келар, бир мамлакат ичида қўшни минтақага иккинчи бир давлат ҳудуди орқали юриш ҳар тарафлама қимматга тушар эди.

Шу маънода, давлат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон мустақиллик йилларида бунёд этган энг буюк қурилиш – Қамчиқ довони бўлди, деб баралла айта оламиз. Бу узоқни кўзлаб амалга оширилган, муҳим стратегик аҳамиятга эга буюк иншоот ҳисобланади. Қоялар кесилиб, йўл кенгайтирилди, баланд тоғлар устида жойлашган магистраль пастроқдан ўтказилди, бири 1.100 ва иккинчиси 500 метр бўлган туннель қазилди.

Ёш, энди қаддини ростлаб олаётган бир миллий давлат учун бу нақадар катта ютуқ эканини бугун барча тушуниб етмоқда.

Ўтган йилнинг июнь ойида Қамчиқ довони бўйлаб замонавий темир йўл ҳам ишга туширилди.

Шу тариқа мамлакатнинг шарқи коммуникатив жиҳатдан мустаҳкамланди.

Юртимизнинг шимолида жойлашган икки минтақамиз – Қорақалпоғистон Республикаси билан Хоразм вилояти ҳам маълум даражада узилиб қолган эди. Чунки у ёққа борадиган темир йўл Туркманистон ҳудудидан ўтар, Бухоро вилоятидан чиққанидан кейин қўшни давлат чўллари узра нақ бир кун юрар эди. Аввало, вақтдан ютқазилар, қолаверса, ҳар бир вагон ҳудудидан ўтгани учун қўшни давлатга каттагина бож тўланар эди.

2001 йилнинг охирига келиб умумий узунлиги 633 километрни ташкил қиладиган Навоий – Учқудуқ – Султонувайстоғ – Нукус темир йўли ишга туширилди. Аввало, масофадан ютдик, йўлга кетадиган вақт 6 соатга қисқарди. Бундан ташқари, шу янги йўл ёқалаб ҳаёт жонланди.

Қашқадарё билан Сурхондарё вилоятлари – ўзаро қўшни. Бироқ Қаршидан Термизга бориш учун поезд аввал Қашқадарё вилоятидан Туркманистон ҳудудига ўтиб, у ерда соатлаб юриши ва кейин Сурхондарё вилоятига кириб келиши керак эди. 2007 йилнинг августида жами 223 километрни ташкил этган Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон йўли ишга туширилди.

Шу тариқа жануб ҳам мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан маҳкам боғланди.

Ҳозирги пайтда Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Қарши, Тошкент – Бухоро йўналишларида юксак технологияли, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электр­поезди қатнови йўлга қўйилган. Бу ҳам мамлакатимиздаги юксак тараққиётдан дарак беради.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча қишлоқ туманларида янги уй-жой массивлари барпо этилди, намунавий лойиҳалар бўйича кредит шартномаси асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу янги массивларимизда аҳолининг яхши яшаши учун қулайликлар туғдириш ишлари жадал давом эттириляпти. Бу турар-жой массивларида ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ҳам қурилмоқда. Бундай уйларда яшаётган фуқаролар мавжуд шароитларнинг шаҳардагидан асло қолишмаслигини таъкидлаб, шукроналик билдирмоқда.

Шуни унутмаслигимиз керакки, бугун биз ўта таҳликали ва қалтис замонда яшаяпмиз. Ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз зарур. Миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш бугун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Буни ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз даркор. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, бугунги тинчлик-осойишталик ўз-ўзича таъминланаётгани йўқ. Мустақилликни мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.

Инсон учун она Ватанидан азизроқ макон йўқ бу дунёда.

Чунки Ер юзида Ўзбекистонимиз – яккаю ягона. Биз у билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсак ҳам – кам. Бунга унинг бой ўтмиши ҳам, равнақ топаётган бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам тўла асос беради.

Бизга шундай яшаш бахтини берган Истиқлолимиз абадий бўлсин!