Савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари икки мамлакат ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларидир.
Иқтисодий мулоқот учун янги имкониятлар
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар янги амалий мазмун касб этмоқда. Икки мамлакатнинг иқтисодий тузилмаси ва ташқи бозорлар билан алоқалари бир-бирини тўлдириши мумкин. Ўзбекистон саноат, қишлоқ хўжалиги ва экспорт ишлаб чиқаришини кенгайтираётган бўлса, Иордания кимё саноати, фармацевтика, логистика ва халқаро савдо соҳаларида тажрибага эга. Бу ўзаро товар етказиб бериш билан чекланмайдиган, қўшма ишлаб чиқаришга асосланган ҳамкорлик учун замин яратади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23-24 ноябрь кунлари Иорданияга режалаштирилган ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим имкониятдир. Ташриф арафасида савдо алоқаларини кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни фаоллаштириш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган. Муносабатларнинг янги фаол босқичи 2025 йил август ойида Иордания Қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи билан боғлиқ. Самарқанддаги музокаралар якунида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, қўшма комиссия ташкил этиш, туризм, қишлоқ хўжалиги, олий таълим ва бошқа соҳаларга оид жами 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Бу ҳужжатлар кейинги иқтисодий мулоқот учун институционал асос яратди.
Савдо алоқаларининг изчил кенгайиши
2017-2025 йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги товар айланмаси 850 минг доллардан 8,53 млн долларгача, яъни қарийб ўн бараварга ўсди. Шу даврда Ўзбекистон экспорти 100 минг доллардан 5,42 млн долларга, импорт эса 750 минг доллардан 3,11 млн долларга етди. 2025 йилнинг ўзида товар айланмаси 79,2 фоизга кўпайди ва биринчи марта Ўзбекистон фойдасига 2,31 млн долларлик ижобий савдо сальдоси шаклланди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Иорданияга экспортида озиқ-овқат маҳсулотлари 94,2 фоизни ташкил этди. Асосий маҳсулотлар печенье, вафли ва бошқа қандолатчилик буюмлари, қуритилган мевалар ҳамда майиздан иборат. Иорданиядан эса асосан ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, дори-дармонлар ва кимёвий маҳсулотлар олиб келинган. Демак, икки мамлакат ўртасида товар номенклатурасини кенгайтириш учун сезиларли имконият бор.
Иордания бозорида Ўзбекистон маҳсулотлари учун имкониятлар
Иордания ташқи савдога очиқ иқтисодиёт ҳисобланади. 2025 йилда мамлакатнинг товар айланмаси 43,9 млрд доллар, шундан импорт 29 млрд доллар бўлган. Иордания АҚШ ва қатор бошқа ҳамкорлар билан савдо келишувларига эга, Ақаба порти эса минтақавий логистикада муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатлар мамлакатни Ўзбекистон экспортчилари учун қизиқарли бозорга айлантиради.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, Ўзбекистон экспорт салоҳиятига эга бўлган товар гуруҳлари бўйича Иорданиянинг 2025 йилги умумий импорти қарийб 8,9 млрд долларга тенг. Бу Иордания импортининг 31 фоизини ташкил этади ва ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун кенг бозор имкониятлари мавжудлигини кўрсатади.
Хусусан, Иордания 2025 йилда 1,3 млрд долларлик электр машиналари ва ускуналари, 942,5 млн долларлик пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар, 747,5 млн долларлик трикотаж полотнолари, 419,5 млн долларлик мева ва ёнғоқлар, 288,2 млн долларлик мис ва мис буюмларини импорт қилган. Ўзбекистон эса бу маҳсулотларнинг бир қисмини жаҳон бозорларига сезиларли ҳажмда экспорт қилади. Шу сабабли электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, металлургия ва кимё маҳсулотларини Иордания бозорига олиб чиқиш имкониятларини амалий жиҳатдан ўрганиш мақсадга мувофиқ.
Экспорт географиясини кенгайтиришда маҳсулотларни сертификатлаш, савдо уйлари фаолиятини йўлга қўйиш, маҳаллий дистрибьюторлар билан алоқаларни ривожлантириш ва бизнес-форумлар ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Бундай ҳамкорлик Ўзбекистон маҳсулотларининг Иордания бозоридаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Инвестициялар ва қўшма саноат лойиҳалари
Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокида 18 та корхона рўйхатдан ўтган. Уларнинг 4 таси қўшма корхона, 14 таси тўлиқ Иордания капитали асосида ташкил этилган. Бу корхоналар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида шаклланаётган шерикликнинг амалий ифодасидир. 2025 йилда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича имзоланган битим келгусида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳуқуқий имкониятларни кенгайтиради.
Саноат кооперацияси учун тўқимачилик истиқболли йўналишлардан биридир. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ип-калава ва трикотаж матолари асосида Иордания саноат зоналарида тайёр кийим ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш мумкин. Бунда Иорданиянинг ташқи савдо келишувлари қўшимча афзаллик бериши мумкин, аммо имтиёзлардан фойдаланиш маҳсулотнинг келиб чиқиш қоидалари ва тегишли шартларга боғлиқ.
Кимё саноатида Иорданиянинг фосфат ва калий тузлари базаси ҳамда Ўзбекистоннинг минерал ўғитлар ишлаб чиқариш тажрибаси ўзаро тўлдирувчи омиллардир. Jordan Phosphate Mines Company ва Arab Potash Company билан мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш мумкин.
Фармацевтикада ҳамкорлик ҳам алоҳида имкониятларга эга. Иордания дори воситалари ишлаб чиқаришда шаклланган саноат базасига эга бўлиб, мамлакатда тайёрланган фармацевтика маҳсулотларининг қарийб 75 фоизи экспорт қилинади. Hikma Pharmaceuticals каби компаниялар билан Ўзбекистонда дори воситаларини маҳаллийлаштириш, технология ва сифат стандартлари бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда тайёр маҳсулотларни Марказий Осиё бозорларига етказиб бериш имкониятларини ўрганиш мумкин. Бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши инвестиция шартлари, рўйхатдан ўтказиш талаблари ва тижорат келишувларига боғлиқ.
Қўшма ташаббусларнинг амалга оширилиши ишлаб чиқариш занжирларини бирлаштириш, технологиялар алмашинувини кенгайтириш ва янги экспорт йўналишларини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Логистика, сув хўжалиги ва туризм
Иорданиянинг Ақаба порти ва эркин иқтисодий зонаси Ўзбекистон маҳсулотларини сақлаш, тақсимлаш ва минтақавий харидорларга етказиб беришда янги имкониятлар яратади. Ушбу ҳудудда савдо уйи ва омбор инфратузилмасини ташкил этиш истиқболлари икки мамлакат тадбиркорлари учун амалий қизиқиш уйғотиши мумкин.
Сув хўжалигида ҳамкорлик ҳам амалий аҳамиятга эга. Иордания сув ресурслари чекланган мамлакат сифатида оқова сувларни қайта ишлаш ва тармоқларда йўқотишларни камайтириш технологияларини ривожлантирган. Ас-Самра мажмуаси бир суткада 365 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга. Ўзбекистон учун сув ҳисобини рақамлаштириш, тармоқ босимини бошқариш ва тозаланган сувдан қайта фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш фойдали бўлиши мумкин.
Туризмда Самарқанд, Бухоро ва Имом Бухорий мажмуаси каби зиёрат йўналишларини Иордания бозорида тарғиб қилиш, туристик операторлар ўртасида алоқалар ўрнатиш ва меҳмонхона соҳасида кадрлар тайёрлаш имкониятлари мавжуд. Бунда хизматлар сифати, авиақатновлар қулайлиги ва рақамли ахборот платформалари муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамкорликнинг кейинги вазифалари
Ўзбекистон ва Иордания муносабатларида 2025 йилги олий даражадаги музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар янги амалий босқич учун асос яратди. 2026 йил ноябрида Амманда ўтказилиши режалаштирилган бизнес-форум ва кўргазма эса икки мамлакат компаниялари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Савдо турларини кенгайтириш, тўғридан-тўғри шартномаларни кўпайтириш ва қўшма саноат лойиҳаларини ривожлантириш иқтисодий шерикликнинг истиқболли йўналишларидир. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва Иорданиянинг ташқи савдо ҳамда саноат тажрибаси икки мамлакат учун янги иқтисодий имкониятлар очади.
Аммандаги олий даражадаги мулоқот савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси ва хизматлар соҳасида шаклланган ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилиши кутилмоқда. Икки мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини уйғунлаштириш узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шериклик учун мустаҳкам асос яратади.
Латофат Бўриева
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
