Ўзбекистон ва Иордания маданияти ҳамда санъати ўртасидаги ўзаро тортишиш

Ўзбекистон ва Иордания маданияти ҳамда санъати ўртасидаги ўзаро тортишиш

Жанубий-Ғарбий Осиёда бир давлат бор. У шимолдан Сурия, шарқдан Ироқ, жануб ва жануби-шарқдан Саудия Арабистони, ғарбдан Исроил ва Фаластин билан чегарадош. У ернинг халқи сўзга ва қўшиққа ошно. Ниҳоятда меҳмондўст, санъатсевар халқ. “Қайси давлат экан у”, деб қизиқяпсизми? Майли, айтаман, у давлат – Иордания. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасида иқтисодий алоқалар ҳам, маданий муштараклик ҳам юксак мақомга кўтарилди. Географик жиҳатдан турли минтақаларда жойлашган икки мамлакатни тарихга ҳурмат, маънавий меросга садоқат, илм-маърифат ва санъатга эҳтиром каби муштарак қадриятлар боғлаб турибди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги алоқалар изчил ривожланиб, янги мазмун яратаётгани ҳеч кимга сир эмас, албатта. Жумладан, Иордания вакилларининг мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро форум ва фестивалларда мунтазам иштироки икки халқ ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч туйғуларини мустаҳкамлайди.

Шунингдек, 2024 йил 3 октябрь куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги маликаси, олий ҳазратлари Дана Фирас билан бўлиб ўтган учрашувимизда ҳам ана шу ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилдик. Унда қўшма таълим дастурлари, моддий ва номоддий маданий мерос лойиҳалари, ижодий алмашинувлар ҳамда креатив саноатни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти – АЙСЕСКО доирасидаги ҳамкорлик ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди.

2021 йил 14-16 сентябрь кунлари Хивада ўтказилган “Марказий Осиё – дунё цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форумида Иордания вакилларининг иштироки икки минтақа ўртасидаги маданий мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилди. Тарихий хотираси ва меъморий қиёфаси билан жаҳон цивилизациясида алоҳида ўрин тутган Хива бундай мулоқот учун жуда қулай жойлашув, десам муболаға бўлмас.

2022 йил 25-30 апрель кунлари ўтказилган “Лазги” халқаро рақс фестивалида, 2024 йилда эса унинг навбатдаги тадбирида Иордания вакилларининг қатнашиши ҳам ижодий алоқаларнинг давомийлигини кўрсатади. 2024 йил 26-28 июнь кунлари эса, Зоминда ўтказилган “Мақом санъати” халқаро фестивалида Иордания вакилларининг иштироки ҳам мусиқий меросимиз орқали мулоқот қилиш имконини берди. Мақомни тинглаган инсон унинг тилини билмаслиги мумкин, аммо оҳангдаги дард, нафосат ва фалсафани ҳис эта олади. Санъатнинг буюклиги ҳам шунда – у турли халқларнинг қалбида қўшиққа бўлган муҳаббатни шакллантиради.

Шу йилнинг 26-30 август кунлари Самарқандда ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида Иордания вакилининг иштирок этиши ҳам Шарқ халқлари мусиқий анъаналарини ўзаро таништиришга хизмат қилди.

2025 йил 26-28 апрель кунлари Хивада ташкил этилган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалида иорданиялик журналистларнинг фаол қатнашгани эса маданий мулоқотнинг яна бир муҳим жиҳатини намоён этди. Бахшичилик – халқимизнинг тарихий хотираси, орзу-интилишлари ва маънавий қарашларини асрлар оша етказиб келаётган санъат. Унинг халқаро майдонда танилишида журналистика ва ахборот алмашинувининг ҳам ўрни катта. Зеро, бир халқ санъатини бошқа халққа танитишнинг ўзи ҳам маданий яқинлашувдир.

2025 йил 26-28 май кунлари Самарқандда “Самарқанд – 2025 йилда Ислом олами маданияти пойтахти” тадбирларининг очилиш маросимида Иордания маданият вазири М. Алравашдеҳ бошчилигидаги делегациянинг иштироки эса ҳамкорликнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.

Дарҳақиқат, биз тарихий қадриятларни фақат ўтмиш ёдгорлиги сифатида сақлаш билан чекланмаслигимиз керак. Уларни бугунги авлод учун англашли, қизиқарли ва ҳаётий мазмунга эга қадриятга айлантириш муҳим. Бу борада Ўзбекистон ва Иордания мутахассислари ўртасидаги ҳамкорлик янги ғоялар ва ташаббуслар учун имконият яратиши мумкин.

Шунингдек, ижодий саноат ва маданий туризм йўналишларидаги алоқалар ҳам истиқболлидир. Зеро, маданиятнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт билан уйғунлашуви унинг жамият тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Маданий ҳамкорликнинг натижаси фақат ўтказилган фестиваллар ёки учрашувлар билан ўлчанмайди. Унинг ҳақиқий самараси – бир халқнинг санъати бошқа халқ қалбидан жой олганида, ёшлар ўртасида янги ижодий алоқалар пайдо бўлганида, маданий меросни асраш умумий масъулият сифатида англанганида намоён бўлади, деб ўйлайман. Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги маданий муносабатлар шу нуқтаи назардан бойиб боришини жуда-жуда истайман. Биз учун маданият – ўтмишни эслаш воситасигина эмас, балки келажакни биргаликда қуришга хизмат қиладиган маънавий кучдир. Зеро, давлатлар ўртасидаги масофани географик ҳудудлар чеклаши мумкин, аммо халқлар ўртасидаги муносабатларни маданият яқинлаштиради. Бу яқинликнинг энг гўзал жиҳати шундаки, у бир халқнинг ўзлигини йўқотмасдан туриб, бошқа халқнинг маънавий оламини англашига замин яратади.

Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири