Марказий Осиёнинг йирик дарёлари бўйида тарихан шаклланган ўрмон экотизимлари мавжуд. Марказий Осиё халқлари мазкур ўзига хос табиат ёдгорлигини “тўқай” деб атайди. Тўқайлар Ўзбекистоннинг қуруқ ва иссиқ иқлимида муҳим ҳаётий мувозанатни сақлаб турувчи ноёб табиий макондир. Дарахтларнинг илдизлари қирғоқларни емирилишдан сақлайди, дарахт ва буталар тупроқни ҳимоя қилади, уларнинг сояси ёзги жазирамани юмшатади. Бу ерда қушлар уя қуради, кўплаб жонзотлар озуқа ва бошпана топади. Бухоро буғуси каби ўнлаб ноёб ҳайвонларнинг ҳаёти ҳам шу муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Туранғил, тол, жийда ва юлғунзорлар дарё билан чўл ўртасида ўзига хос табиий мувозанатни сақлаб туради. Бироқ, кейинги ўн йилликарда мазкур дарёбўйи ўрмонлари иқлим ўзгариши ва кенг антропоген фаолият таъсири остида глобал миқёсда энг кўп хавф остида қолаётган экотизимлар қаторига киради.
Тўқайларнинг қадри уларнинг кўлами қисқарган сари янада яққол сезилмоқда. Тарихан Марказий Осиёнинг айрим дарё соҳилларида қирғоқдан икки-уч километргача ёйилган тўқайзорлар бугун кўп жойларда тор, бир-биридан узилиб қолган яшил йўлаклар кўринишида сақланмоқда. Бир пайтлар дарахт, бута, қамишзор ва нам ўтлоқлар туташган ҳудудлар энди алоҳида кичик бўлакларга ажралган. Бу қисқариш ҳар бир ўсимлик ва ҳайвон учун яшаш майдони, озуқа ва хавфсиз макон камайиши демакдир.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёлари ҳамда Айдар-Арнасай кўллар тизими соҳилларида тўқайларни комплекс ўрганишга бағишланган кўп йиллик тадқиқотларни якунлади. Дала кузатувлари тарихий маълумотлар, космик тасвирлар ва дарахтларнинг йиллик ҳалқалари таҳлили билан бирлаштирилди. Мазкур тадқиқотлар 632 ўсимлик тури ўсувчи дарёбўйи экотизимлари қанчалик бой табиий муҳит эканини кўрсатди.
Тадқиқиотлар бу бойликка таҳдид солаётган омиллар бир-бири билан чамбарчас боғланганлигини кўрсатди. Ҳавонинг исиши сувнинг буғланишини кучайтирмоқда, қурғоқчилик тупроқдаги нам захирасини камайтираябди, тоғларда қорнинг эрта эриши ва музликларнинг қисқариши дарёларнинг сув билан таъминланишига таъсир этмоқда. Мавсумий сув босишлар камайган жойларда тўқайнинг табиий янгиланиши қийинлашмоқда. Ерларни ўзлаштириш, ортиқча чорва боқиш ва сув оқимининг бошқарилиши ҳам бу жараёнларга қўшилади. Иқлим ўзгариши ана шу мавжуд босимларни кучайтириб, тўқайларнинг тикланиш имкониятини торайтирмоқда.
Дарё бўйидаги дарахтнинг ҳаёти кўпинча ундан юзлаб километр узоқдаги тоғларда бошланади. Қишда тўпланган қор, шунингдек, музликлар иссиқ мавсумда дарёларни сув билан таъминлайди. Исиш таъсирида қишда қор қопламининг кам йиғилиши ва қорнинг эртароқ эриши сувнинг йил давомидаги тақсимотини ўзгартирмоқда. Музликларнинг қисқариши эса узоқ муддатда ёзги сув таъминотини заифлаштиради. Жадал эриш дастлаб оқимни вақтинча кўпайтириши мумкин, лекин бу тоғлардаги муз захираси тикланаётганини англатмайди. Захира камайган сари энг иссиқ ойларда сув етишмаслиги хавфи ортади.
Шу тариқа, тоғлардаги ўзгариш қуйи оқимдаги тўқайгача етиб келади. Дарахт сувга кўпроқ муҳтож бўлган пайтда дарёдан ва тупроқдан оладиган намлик етарли бўлмайди. Тўқайнинг аҳволи фақат дарёда бир йилда қанча сув оққанига эмас, шу сув ўсимликлар ўсадиган мавсумда қирғоқ бўйидаги тўқайларга етиб борган-бормаганига ҳам боғлиқ.
Табиий шароитда дарёнинг мавсумий кўтарилиши тўқай учун ҳаётбахш жараёндир. Сув дарёбўйи пасттекисликлари – қайирларга ёйилиб, тупроқни намлайди, ерости сувларини тўлдиради, уруғлар униши мумкин бўлган нам қумлоқ ва лойқа майдонларни ҳосил қилади. Сув қайтганидан кейин ҳам тупроқда қолган нам ёш ниҳолларга ўсиш имконини беради. Тўқай дарахтларининг янги авлоди ана шу табиий даврийликка боғлиқ.
Сув босиш даври қисқарганда, вақти ўзгарганда ёки айрим участкаларга сув умуман чиқмай қўйганда, бу боғлиқлик узилади. Кекса дарахтлар бир муддат яшнаб туриши мумкин, аммо уларнинг ўрнини босадиган ниҳоллар камаяди. Илдизи ҳали чуқурлашмаган ёш ўсимлик биринчи қуруқ ва иссиқ ёзнинг ўзидаёқ нобуд бўлади. Шунинг учун дарё ўзанида сув борлиги унинг ёнидаги барча тўқайлар етарлича нам олаётганини билдирмайди.
Ҳароратнинг кўтарилиши бу муаммони янада кескинлаштиради. Зарафшон водийси бўйича таҳлиллар узоқ йиллар давомида ҳаво исиб, ёзги нисбий намлик пасайганини кўрсатади. Қиш ёки баҳорда ёғин бўлиши ёзги сув танқислигини ҳар доим ҳам қопламайди. Жазирамада тупроқ тезроқ қурийди, ўсимлик эса йўқотган намини илдизи орқали тўлдиришга мажбур бўлади. Сув етишмаганда ўсиш сусаяди, дарахт заифлашади, қурғоқчил йилларни енгиб ўтиш қийинлашади.
Айдар–Арнасай соҳилларида ҳам иқлимга сезгирлик аниқ кузатилган. Ўрганилган участкаларда баҳорги ёғин олдинги йилга нисбатан кўпайганда, ёзги ўсимлик қопламининг яшиллиги ортишга мойил бўлган, ёз иссиқроқ келганда эса тескари ҳолат қайд этилган. Тадқиқотлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, катта кўлга яқинликнинг ўзи ўсимликни иссиқлик ва тупроқ намлиги танқислигидан ҳимоя қилмайди.
Намлик камайишига шўрланиш қўшилиб, тўқайлар янада оғир шароитга тушмоқда. Сув етарли янгиланмайдиган, тузлар ювилиб кетмайдиган жойларда кучли буғланиш тупроқда туз тўпланишини кучайтирмоқда. Бундай тупроқда нам бўлса ҳам, ўсимликнинг уни ўзлаштириши қийинлашади. Натижада дарахт ҳам сув танқислиги, ҳам шўрланиш таъсирини бир вақтда бошдан кечиради.
Амударёнинг қуйи оқими ва дельтасидаги тадқиқотлар бу ўзгаришнинг аниқ манзарасини очиб берди. Айрим участкаларда туранғилзорлар сийраклашиб, намталаб ўсимликлар камаймоқда, улар ўрнида қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли буталар ҳамда ўтлар улуши ортиб бормоқда. Дарахтзорнинг бута ва шўралар устун бўлган майдонга айланиши билан унинг сояси, нам сақлаш шароити ва ҳайвонлар учун яшаш муҳити ҳам ўзгаради. Ўрмоннинг ўрнида ўсимлик борлиги афсуски ўрмон сақланиб қолганини англатмайди.
Зарафшон тўқайларида ҳам шу жиҳат муҳим: айрим жойларда ўтлар кўпайиб, ҳудуд яшил кўриниши мумкин, ҳолбуки дарахтлар заифлашган ёки қуришга юз тутган. Шу боис тўқай ҳолатини фақат ташқи яшиллигига қараб баҳолаш етарли эмас. Унда соғлом дарахтлар, табиий ниҳоллар ва шу муҳитга хос турлар сақланяптими — асосий мезон шу.
Сирдарёнинг Фарғона водийси қисмидаги уч тўқай массиви бўйича олинган натижа йўқотиш кўламини рақамларда кўрсатади. Уларнинг умумий майдони 1975 йилдаги қарийб 754 гектардан 2025 йилда 377 гектарга қисқарган. Эллик йил ичида Сирдарё тўқайларининг қарийб ярми йўқ бўлиб кетган. Исиш ва қурғоқчилик эса сақланиб қолган қисмларнинг яшаб қолиши ва тикланишини янада қийинлаштирмоқда.
Фанлар академияси олимлари Амударё, Сирдарё ва Зарафшон тўқайларида дарахтларнинг йиллик ҳалқалари кенглиги Амударёда 1949 йилдаги 6,96 миллиметрдан 2022 йилда 2,46 миллиметргача камайгани, Сирдарёда бу кўрсаткич 1965–2022 йилларда 11,26 миллиметрдан 1,95 миллиметргача қисқарганини аниқлашди. Йиллик халқаларнинг радиал ўсиш Амударёда тарихий максимумга нисбатан 65%, Сирдарёда 83%, Зарафшонда еса замонавий босқичда қарийб 49% га камайган. Тўқайларда кузатилаётган радиал ўсишнинг кескин пасайиши оддий иқлимий тебраниш эмас, балки экотизим барқарорлигининг издан чиқаётганини кўрсатувчи биологик сигналдир.
Тадқиқотлар кўрсатдики, тўқай парчаланган сари унинг ҳимоясизлиги ортиб боради. Бир-биридан узилган кичик дарахтзорлар орасида ҳайвонларнинг кўчиши ва ўсимликларнинг тарқалиши қийинлашади. Ёнғин ёки узоқ қурғоқчиликдан зарар кўрган участканинг қайта тикланиши учун яқинда соғлом тўқай ва уруғ манбалари бўлиши муҳим. Дарахтлар камайиб, ер очилиб қолган жойларда қуёш ва шамол таъсири кучаяди, бу эса қолган намнинг ҳам тезроқ йўқолишига шароит яратади.
Қуруқ ўт, қамиш ва шох-шабба тўпланиши ёнғин хавфини ҳам оширади. Иссиқ ва қуруқ ҳаво ёнғин чиқиши ва тарқалиши учун қулай шароит яратади, қуруқ ва иссиқ ҳарорат эса уни бошлаб бериши мумкин. Ёнғиндан кейинги тикланишга ҳам сув керак. Намлик етишмайдиган жойда зарарланган ўрмоннинг тикланиши чўзилади ёки у бошқа ўсимлик қопламига алмашади. Демак, исиш, сув танқислиги ва ёнғин хавфи бир-бирини кучайтирувчи босимларга айланмоқда.
Фанлар академияси олимлари олиб борган тадқиқотлар тўқайларни сақлаш учун қаерда ва қандай чора зарурлигини аниқлашга хизмат қилмоқда. Ўсимликлар таркиби ва дарахтлар ҳолатини ўрганиш, тупроқ намлиги ҳамда шўрланишини кузатиш, ёнғин хавфи юқори участкаларни харитага тушириш орқали энг заиф ҳудудларни белгилаш имконини беради. Бу маълумотлар муҳофаза ва тиклаш ишларини жойнинг ҳақиқий эҳтиёжига мослаштиришга қаратилгандир.
Аввало, сақланиб қолган тўқайларнинг табиий яхлитлигини асраш, янги ўзлаштиришлар ҳисобига яна қисқаришига йўл қўймаслик зарур. Тиклашда тупроқ ва намлик шароитига мос маҳаллий турлардан фойдаланиш, табиий ниҳолларни ортиқча чорва босимидан ҳимоя қилиш лозим. Имкони бор жойларда қайирнинг дарё билан сув алоқасини ва илмий асосланган мавсумий намланишини тиклаш керак. Экилган кўчатнинг кейинги иссиқ ёзлардан омон чиқиши тиклаш ишининг асосий натижаларидан бири бўлиши шарт.
Бу вазифалар минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Сувни тежаш, йўқотишларни камайтириш, мавжуд захираларни аниқ ҳисобга олиш ва тақсимлашда табиий экотизимлар эҳтиёжини ҳам инобатга олиш зарур. Аҳоли, қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг сувга бўлган эҳтиёжи билан бирга, дарё қайирларининг тирик қолиши учун керакли сув ҳам режалаштирилиши лозим. Чунки сувини йўқотган тўқайни фақат кўчат экиш билан сақлаб бўлмайди.
Марказий Осиё давлатлари учун тўқайларни асраш умумий вазифадир. Тоғлардаги қор-муз захиралари, дарёлар, водийлар ва улардаги тирик табиат ўзаро боғлиқ. Шу боис илмий маълумот алмашиш, сув ва экотизимлар ҳолатини биргаликда кузатиш, ноёб турлар яшаш жойларини муҳофаза қилиш ва тўқайларни тиклаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарур. Минтақадаги ҳар бир мамлакатнинг амалий ҳиссаси умумий табиий барқарорликка хизмат қилади.
Глобал иқлим ўзгариши шароитида бу саъй-ҳаракатлар жаҳон ҳамжамиятининг янада кучли бирдамлигини ҳам талаб этади. Исишни чеклаш, сувни тежайдиган технологияларни кенгайтириш, илмий тадқиқотлар ва табиатни тиклаш ишларини қўллаб-қувватлаш орқали дунё мамлакатлари бу ноёб экотизимларни сақлашга ҳисса қўша олади. Биологик хилма-хилликни асрашда биргаликда ҳаракат қилишнинг натижаси аниқ бўлиши керак: дарё бўйида сув етиб борган тўқай, унда вояга етаётган ёш дарахтлар ва яшаш муҳитини сақлаб қолган жонзотлар.
Бугун тор яшил йўлакларга айланиб қолган тўқайларнинг эртанги тақдири сувга, ерга ва табиатга муносабатимизга боғлиқ. Уларни сақлаб қолиш учун илм кўрсатган ечимларни ҳамжиҳатлик билан амалга ошириш керак. Шунда дарёларимиз бўйидаги ҳаёт келгуси авлодлар учун ҳам давом этади.
Ҳабибуллаев Б.Ш.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
Ботаника институти лаборатория мудири, б.ф.ф.д. (PhD), катта илмий ходим
