ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг “Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш” тўғрисидаги қарори лойиҳасини бир овоздан маъқуллади.
Мазкур қарор ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳида Ижроия кенгашнинг 225-сессияси доирасида қабул қилинди. Ушбу ташаббусни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 30 октябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида илгари сурган эди.
Қабул қилинган ҳужжат моддий ва номоддий маданий меросни иқлим ўзгариши, табиий офатлар, жадал урбанизация ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар каби замонавий глобал хавф-хатарлардан ҳимоя қилишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳужжатда ЮНЕСКОга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий ҳамжамият ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, илмий билим ва илғор тажриба алмашинувини кенгайтириш назарда тутилган.
Ўзбекистоннинг 2027 йилда Хивада ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш бўйича халқаро симпозиум ўтказиш ҳақидаги таклифи маъқуллангани асосий натижалардан бири бўлди.
Тадбир турли мамлакатларнинг етакчи мутахассислари, халқаро ташкилотлар, тадқиқот муассасалари ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштириши кутилмоқда.
Иштирокчилар маданий объектларга бўлган таҳдидларнинг олдини олиш йўллари, замонавий технологияларни қўллаш, анъанавий билимларни сақлаб қолиш ва мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилади.
Симпозиум якунлари бўйича миллий хусусиятлар ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, маданий меросни муҳофаза қилиш ва бошқариш усулларини такомиллаштириш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ташаббуси қарор лойиҳасига ҳаммуаллифлик қилган ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Улар орасида Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ҳамда Осиё, Европа, Африка ва Лотин Америкасининг бошқа мамлакатлари бор.
Давлатлар вакиллари таклифнинг долзарблиги ва ЮНЕСКОнинг устувор йўналишларига тўла мос келишини қайд этди. Улар иқлим ўзгариши ва глобаллашув билан боғлиқ хавф-хатарлар барча мамлакатларга, уларнинг географик жойлашуви ва иқтисодий ривожланиш даражасидан қатъи назар, таъсир кўрсатиши, шу боис ҳамжиҳатликдаги халқаро саъй-ҳаракатларни талаб этишини таъкидлади.
Делегациялар Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлининг тарихий-маданий марказларидан бири бўлган Хива шаҳрида симпозиум ўтказишга тайёрлигини алоҳида олқишлади. Уларнинг фикрича, ушбу тадбирнинг ўтказилиши тажриба алмашиш, касбий алоқаларни ривожлантириш ва биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
2027 йилда Хивада бўлиб ўтадиган симпозиум ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилган 43-сессияси доирасида бошланган ишларни давом эттириши ҳамда глобал хавф-хатарлар шароитида маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш майдонига айланиши кутилмоқда.
Аъзо давлатлар томонидан туризм салоҳиятини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. ТДТ мамлакатлари ўртасидаги умумий туристик оқим сўнгги беш йил давомида 35 фоиздан ортиқ ўсди.
Қўшма туристик йўналишларни, жумладан зиёрат, тарихий-маданий ҳамда этнографик дастурларни ривожлантириш бу борада сезиларли амалий натижаларни таъминлади.
Шу нуқтаи назардан, “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” дастурининг амалга оширилиши ҳамда Хива, Ақтау, Туркманбоши ва Шуша каби шаҳарларга мазкур мақомнинг берилиши ТДТ доирасида туристик алмашинувни сезиларли даражада фаоллаштиришга хизмат қилди.
Туризмни ривожлантиришнинг яна бир муҳим омили Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ўртасида диний-маърифий туризмни ривожлантиришга қаратилган “Табаррук зиёрат” ягона туристик маҳсулотининг шакллантирилиши бўлди.
Истиқболда ТДТнинг амалий ҳамкорлик макони сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш учун салмоқли салоҳият мавжуд.
Бу борада нотариф тўсиқларни қисқартириш ва савдо-божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш орқали иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт-логистика боғлиқлигини, энг аввало, Ўрта йўлак доирасида янада ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт ҳамда қўшма инновацион платформаларни шакллантиришга қаратилган технологик ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, эксперт-таҳлилий, академик ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этади.
Умуман олганда, асосий йўналишлар бўйича ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш ТДТнинг Марказий Осиё мамлакатлари тараққиёти ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилувчи энг истиқболли интеграцион форматлардан бири сифатидаги ролини янада мустаҳкамлайди.
