ТОШКЕНТ–ДЕҲЛИ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

ТОШКЕНТ–ДЕҲЛИ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар тарихий яқинликдан саноат кооперацияси, инвестициялар, технологиялар ва минтақавий боғлиқликка асосланган амалий шериклик сари бормоқда

Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатларининг бугунги босқичини бир ибора билан ифодалаш мумкин: тарихий яқинликни амалий шерикликка айлантириш даври. Асрлар давомида савдо йўллари, илм-фан ва маданият орқали боғланган икки халқ ўртасидаги муносабатлар ҳозир инвестициялар, саноат, технологиялар, транспорт, фармацевтика, таълим ва энергетика каби соҳаларда янги мазмун касб этмоқда.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи ана шу жараёнга янги суръат бағишлаши мумкин. Масала навбатдаги олий даражадаги учрашувнинг ўзида эмас, балки йиллар давомида шаклланган сиёсий ишончни аниқ иқтисодий ва технологик натижаларга айлантириш имкониятидадир. Ўзбекистон ва Ҳиндистон 2011 йилда стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган. Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди ўртасидаги мунтазам мулоқот бу шерикликка изчиллик бағишлади.

Сиёсий ишончдан иқтисодий натижага

Бугун икки томонлама муносабатларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири иқтисодий манфаатдир. Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги маълумотига кўра, ўзаро савдо ҳажми қарийб 1,5 миллиард доллардан ошган. Томонлар эса мавжуд салоҳият бу кўрсаткичдан анча юқори эканини қайд этиб, яқин уч йил ичида савдони икки баравар ошириш мақсадини илгари сурмоқда.

Янги босқичда масала фақат савдо ҳажмини кўпайтиришдан иборат эмас. Муҳими — юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, қўшма инвестициялар ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш, учинчи бозорларга биргаликда чиқишдир. 2024 йилда имзоланган ва 2025 йилда кучга кирган икки томонлама инвестиция битими ҳам инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тоғ-кон саноати, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқатни қайта ишлаш, ахборот технологиялари, машинасозлик каби йўналишлар иқтисодий шерикликнинг асосий ўсиш нуқталари сифатида кўрилмоқда. Ҳиндистон бизнесининг Ўзбекистондаги гидроэнергетика, кончилик ва инфратузилма лойиҳаларига қизиқиши ҳам бу жараённинг амалий тус олаётганини кўрсатади.

Саноат ва технологиялар — янги имкониятлар

Сўнгги мулоқотларда критик ва камёб ер минераллари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Электроника, аккумуляторлар, электр транспорти ва қайта тикланувчи энергетика ривожланган сари бундай ресурсларга талаб ортиб бормоқда. Ўзбекистон учун бу соҳадаги асосий манфаат хомашёни экспорт қилиш билан чекланмасдан, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжирларини мамлакат ичида ривожлантиришдан иборат.

Фармацевтика ва рақамли иқтисодиёт ҳам табиий ҳамкорлик майдонидир. Ҳиндистон дори воситалари, тиббий технологиялар, ахборот технологиялари ва рақамли хизматлар соҳасида катта тажрибага эга. Ўзбекистон учун эса қўшма корхоналар ташкил этиш, маҳаллийлаштириш, дастурий маҳсулотлар яратиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш устувор аҳамият касб этади.

Энергетика соҳасида ҳам манфаатлар муштарак. Қуёш ва шамол энергетикаси, энергия тежамкор технологиялар, энергия сақлаш тизимлари, сув тежовчи ечимлар ва экологик тоза ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик иқтисодий шерикликни барқарор тараққиёт вазифалари билан боғлаши мумкин.

Транспорт ва инсон капитали

Икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри қуруқлик йўлининг йўқлиги савдо салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан бири. Шу боис Эроннинг Чобаҳор порти орқали транспорт йўналишларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Бироқ самарали йўлак порт ва темир йўлнинг ўзи билан чекланмайди: рақобатбардош тарифлар, соддалаштирилган божхона тартиблари, стандартларни ўзаро тан олиш ва рақамлаштирилган логистика ҳам зарур.

Шерикликнинг узоқ муддатли пойдевори эса инсон капиталида. Ҳиндистон Президенти котибияти маълумотига кўра, Ўзбекистондан 3 мингдан зиёд давлат хизматчиси, мутахассис ва талаба Ҳиндистоннинг техник-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда стипендия дастурларида қатнашган. Айни пайтда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 16 мингдан ортиқ ҳиндистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бу салоҳиятни қўшма илмий тадқиқотлар, муҳандислик ва IT дастурлари, академик алмашинувлар билан бойитиш мумкин.

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик шерикликнинг муҳим қисми. 2026 йил апрель ойида Наманган вилоятида Ўзбекистон ва Ҳиндистон қуролли кучларининг “Дўстлик” қўшма машқлари ўтказилди. Терроризм ва экстремизмга қарши кураш, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш ва хавфсиз транспорт йўлакларини шакллантириш Тошкент ва Деҳлининг умумий манфаатларига дахлдор.

Янги босқичнинг асосий мезони

Бугун Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатларида зарур сиёсий пойдевор мавжуд. Савдо ўсмоқда, инвестициялар учун ҳуқуқий база мустаҳкамланди, янги саноат ва технологик йўналишлар шаклланмоқда. Энди асосий вазифа — ана шу имкониятларни амалий натижага айлантириш.

Шу маънода кутилаётган олий даражадаги мулоқот самарасини фақат имзоланадиган ҳужжатлар сони билан ўлчаш тўғри эмас. Асосий мезон — келишувларнинг янги ишлаб чиқариш қувватлари, инвестиция лойиҳалари, технологиялар, иш ўринлари, экспорт бозорлари ва кадрлар тайёрлаш дастурларига айланишидир.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида, Ҳиндистон эса Жанубий Осиёнинг йирик иқтисодий ва технологик марказларидан бири. Шу боис Тошкент–Деҳли стратегик шериклигининг янги босқичи тарихий дўстликни замонавий иқтисодий мазмун билан бойитиш, икки минтақа ўртасида савдо, технология ва тараққиёт кўприкларини мустаҳкамлаш имкониятидир.

Жаҳонгир Исаев,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи