Сувни рақобат объекти эмас, ҳамкорлик омилига айлантириш — минтақавий барқарорликнинг муҳим шарти
Сув — азиз неъмат, ҳаёт манбаи. У фақат табиий ресурс эмас, балки мамлакатларнинг озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, иқтисодий тараққиёти, экологик барқарорлиги ҳамда аҳоли фаровонлигини белгилайдиган стратегик омилдир.
Бугунги шароитда, айниқса, трансчегаравий дарёлар ва умумий сув манбаларидан оқилона, адолатли ҳамда ўзаро манфаатли фойдаланишга қаратилган сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликка эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Яъни, сув дипломатиясига — сувни низо манбаига эмас, давлатларни бирлаштирувчи ҳамкорлик воситасига айлантиришга зарурат сезилмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг таъсис ҳужжатларида табиий ресурслардан, жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўшма экологик дастурларни амалга ошириш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторига киритилган. Демак, сув масаласи ШҲТ кун тартибига кейинчалик қўшилган мавзу эмас, балки ташкилот фаолиятининг дастлабки устувор йўналишларидан биридир.
Кейинги йилларда мазкур йўналишнинг сиёсий ва ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. ШҲТнинг Душанба ва Самарқанд декларацияларида хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш, сув ресурсларини комплекс ва оқилона бошқариш барқарор тараққиётнинг муҳим шарти сифатида қайд этилди.
2026 йил 3 апрель куни Бишкекда ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг еттинчи йиғилишида иқлим ўзгаришига мослашиш, музликларни сақлаш ва сув ресурсларини бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳолат сув мавзуси ташкилотнинг амалий кун тартибида тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари турли форматдаги учрашув, йиғилиш ва музокараларда сув ресурслари билан боғлиқ масалаларга амалий ечим изламоқда. Хусусан, 2026 йил 7 август куни Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг (ДСХМК) 94-йиғилиши бўлиб ўтди.
Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлари ва масъуллари Сирдарё ва Амударё ҳавзаларидаги сув омборларининг 2026 йилги вегетация даври учун лимитлари ва ишлаш режимларини ҳамда Сирдарё ҳавзасида сувни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш режасини тайёрлаш масалаларини кўриб чиқдилар. Ҳужжатни ишлаб чиқиш маъқулланди ва жорий йилнинг сентябрь ойига қадар махсус ишчи гуруҳини тузиш режалаштирилди.
Бундан ташқари, томонлар Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги Марказий Осиё мамлакатларининг сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича минтақавий ҳамкорлик (CАWЕC) 20 млн долларлик грант лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи-давлатлари раҳбарлари кенгашининг қарорларидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини муҳокама қилдилар.
Германия ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги трансчегаравий сув объектларида сув ресурсларини мониторинг қилиш ва ҳисобга олиш тизимини автоматлаштириш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
2026 йилнинг 10-12 август кунлари Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё сув хўжалигида иқлим ўзгариши шароитида сув тежовчи суғориш технологиялари ва рақамли ечимларни жорий этиш» мавзусида уч кунлик минтақавий тренинг бўлиб ўтди.
Тренинг Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан, Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси ва Blue Peace Central Asia (BPCA) лойиҳаси доирасида, Сувчилар мактаби иштирокида ташкил этилди.
Унда Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан сув хўжалиги мутахассислари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатлари сув хўжалиги мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш, ўзаро тажриба алмашишни кенгайтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этилаётган илғор ечимлар билан таништиришдан иборат бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон сув дипломатиясига фақат ташқи сиёсат воситаси сифатида эмас, балки мамлакат ичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ёндашмоқда. Зеро, минтақавий мулоқотда сувдан самарали фойдаланиш ғоясини илгари суриш учун ҳар бир давлат, аввало, ўз ҳудудида сув исрофини камайтириши ва замонавий бошқарув тизимини шакллантириши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ҳам сув танқислиги дунё миқёсида тобора долзарблашиб бораётгани, шу боис сувдан оқилона фойдаланиш ислоҳотларнинг дастлабки кунлариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда соҳада эришилаётган натижаларни рақамлар мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2025 йилда 258 та ирригация ва мелиорация объектида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари бажарилиб, 723 километр канал бетонлаштирилди. Шунингдек, 158 километр суғориш ва 303 километр коллектор-дренаж тармоғи қурилди ёки реконструкция қилинди. Натижада 364 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланиб, 500 миллион куб метрдан ортиқ сув йўқотилишининг олди олинди.
2026 йилда 308 та ирригация ва мелиорация лойиҳаси доирасида қурилиш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 2 триллион 199 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига 1,3 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди, бу белгиланган йиллик режанинг 59 фоизини ташкил этди. Хусусан, 637 километр каналлар бетонлаштирилди ва реконструкция қилинди. Шунингдек, 52 километр суғориш тармоқлари — лоток ва қувурлар, 27 та гидротехник иншоот қурилди ва реконструкция қилинди. Сув хўжалиги объектларининг энергия самарадорлигини ошириш ва сувни узлуксиз етказиб бериш мақсадида 13 м³/секунд қувватдаги насос станциялари, 31 та суғориш қудуғи, 33 километр насос станцияларининг босимли қувурлари, 268 километр коллектор-дренаж тармоғи қурилди ва реконструкция қилинди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этишда ҳам сезиларли натижаларга эришилмоқда. 2025 йил якунида бундай технологиялар қамрови 2,6 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг 61 фоизига етди. Шундан 664 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Мазкур технологиялар ҳисобидан 3 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди. 2026 йил якунида сув тежовчи технологиялар қамровини 3,1 миллион гектарга етказиш ва 5 миллиард куб метр сув тежаш мақсад қилинган бўлиб бугунги кунда республика бўйича жами 638 минг гектар майдонларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.
Бу рақамлар нафақат миллий иқтисодиёт, балки минтақавий сув баланси учун ҳам аҳамиятли. Чунки бир давлатда тежалган ҳар бир куб метр сув умумий ҳавзадаги босимни камайтиради. Шу маънода суғориш тармоқларини бетонлаш, сув тежовчи технологиялар мамлакат миқёсидаги тадбир бўлиши билан бирга, минтақавий ишончни мустаҳкамлайдиган дипломатик ҳиссадир.
Сувни самарали бошқариш учун уни аниқ ҳисобга олиш зарур. Ҳисоб бўлмаган жойда тежамкорликни баҳолаш, йўқотишларни аниқлаш ва адолатли тақсимотни таъминлаш қийин.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон сув хўжалигида амалга оширилаётган рақамлаштириш ишлари мамлакат ичидаги бошқарув самарадорлигини ошириш билан бирга, келгусида трансчегаравий сув маълумотларини ишончли алмашиш учун ҳам технологик асос яратади.
2025 йилда Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази ташкил этилиб, соҳадаги маълумотларни ягона нуқтада жамлайдиган замонавий Вазиятлар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ўнта ахборот тизими жорий этилди. “Давлат сув кадастри” ва “Мелиорация” ахборот тизимларида сунъий интеллект ёрдамида маълумотларни таҳлил қилиш, башорат тайёрлаш ва тавсиялар ишлаб чиқиш имконияти яратилди.
Сув омборларида сув сатҳи ва ҳажмини масофадан кузатиш имконини берадиган 44 та датчик ўрнатилди. Давлат чегараси орқали олинаётган сув сарфини реал вақт режимида аниқлаш учун 272 та қурилмаларни ўрнатиш ишлари ҳамда туманлараро сув ресурсларини онлайн бошқариш ва мониторинг қилиш учун эса 1 895 та нуқтада махсус ускуналар ўрнатиш доирасида лойиҳачи ташкилот томонидан Республика миқёсида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундай лойиҳаларнинг аҳамияти фақат техник қулайлик билан чекланмайди. Реал вақт режимидаги ишончли маълумотлар сув тақсимотида шаффофликни оширади, инсон омилини камайтиради ва баҳсли вазиятларнинг олдини олади.
Келгусида ШҲТга аъзо давлатлардаги миллий ахборот тизимларини ўзаро мувофиқлаштириш мумкин. Бу барча маълумотларни битта марказга топшириш дегани эмас. Аксинча, давлатлар суверенитети ва миллий қонунчиликни ҳурмат қилган ҳолда, зарур гидрологик кўрсаткичларни келишилган форматда алмашиш механизмини шакллантириш назарда тутилади.
Сув–энергетика–озиқ-овқат мувозанати — барқарор тараққиёт шарти. ШҲТ доирасида сув, энергетика ва қишлоқ хўжалиги идоралари ўртасидаги ҳамкорликни бирлаштирадиган доимий механизмни шакллантириш мақсадга мувофиқ. Бундай механизм сув омборларининг мавсумий иш режими, электр энергияси алмашинуви, суғориш даври эҳтиёжлари ва экологик оқимларни биргаликда таҳлил қилиш имконини беради.
ШҲТ ҳудудида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, каналларни бетонлаштириш, ёпиқ қувурли тармоқлар, ақлли сув ҳисоблагичлар, энергия тежамкор насослар ҳамда сунъий интеллект асосидаги прогнозлаш тизимларидан фойдаланиш бўйича катта тажриба тўпланган.
Ушбу тажрибани умумлаштириб, турли иқлим шароитларига мос намунавий лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Масалан, ШҲТ доирасида сув тежамкор технологиялар намойиш этиладиган пилот ҳудудларни ташкил қилиш, мутахассислар ва фермерларни ўқитиш, эришилган натижаларни ягона методика асосида баҳолаш мақсадга мувофиқ.
Сув масалалари бўйича ишончли қарорлар илмий тадқиқотларга таяниши зарур. Шунинг учун ШҲТ мамлакатларининг илмий-тадқиқот институтлари, университетлари ва сув хўжалиги ташкилотлари ўртасида қўшма илмий дастурларни амалга ошириш муҳим.
Сувдан фойдаланишда фақат бугунги эҳтиёжни ҳисобга олиш етарли эмас. Қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг келажак авлодлар, табиий экотизимлар ва қўшни давлатлар манфаатларига таъсири ҳам чуқур баҳоланиши зарур.
Бугун сув дипломатиясига фақат низоларнинг олдини олиш воситаси сифатида қараш етарли эмас. У иқтисодий тараққиётни рағбатлантириши, инвестицияларни жалб қилиши, технологиялар алмашинувини тезлаштириши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаши керак.
ШҲТ ана шу имкониятларни бирлаштира оладиган йирик минтақавий тузилмадир. Ташкилот доирасидаги ҳамкорлик сувни тақсимлаш атрофидаги музокаралардан сув орқали умумий иқтисодий манфаат яратиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш босқичига ўтиши лозим.
Зеро, сув давлат чегараларини танламайди. Унинг оқими халқларнинг тақдири, фаровонлиги ва келажагини бир-бирига боғлайди.
Сувдан оқилона фойдаланиш — иқтисодий тараққиёт, уни адолатли бошқариш — яхши қўшничилик, ҳар бир томчини асраш эса умумий келажак олдидаги масъулиятдир.
Зокир Ишпулатов,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари
