Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси кўмагида Европа мамлакатларида яшовчи ўзбек диаспораси ва йўловчилар учун муҳим воқеа юз берди — Ўзбекистон авиакомпанияси “Centrum Air”нинг Тошкент – Франкфурт – Тошкент йўналишидаги биринчи рейси жорий йилнинг 30 марта куни амалга оширилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси дипломатлари, авиакомпания вакиллари ҳамда Германияда яшовчи ўзбек диаспораси иштирок этди.
Маросим бошида Бош консул Мираншох Раупов иштирокчиларни ушбу муҳим воқеа билан табриклаб, янги авиарейс транспорт, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
Тадбир доирасида анъанавий тарзда рамзий лента ва тантанали торт кесилди, бу янги авиарейс бошланишини ва байрам кайфиятини янада оширди.
Ҳозирги вақтда авиақатновлар ҳафтада душанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Йўналишнинг очилиши нафақат ишбилармонлик ва савдо, балки туризм ривожи учун ҳам катта аҳамиятга эга. Янги йўналиш Германиядан ва бошқа Европа давлатларидан келаётган сайёҳлар учун Ўзбекистонга саёҳатларни осон режалаштириш, мамлакатнинг тарихий, маданий ва табиий диққатга сазовор жойлари, жумладан Самарқанд, Бухоро ва Хива билан танишиш имконини беради. Авиакомпания қулай чипталарни брон қилиш, шаффоф тариф тизими ва йўловчилар учун махсус таклифлар билан бирга багажни ташиш қоидалари ҳақида барча керакли маълумотни тақдим этади.
Тошкент – Франкфурт – Тошкент йўналиши бўйича навигация иқтисодий ва маданий ҳамкорлик учун янги имкониятлар, барча йўловчилар учун эса қулай шароитлар яратади ва Ўзбекистон авиация хизматларининг замонавий даражасини намойиш этади.
