Ўзбекистон–Тожикистон: тарихий ва маданий яқинликнинг мустаҳкам пойдеворига асосланган икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон–Тожикистон: тарихий ва маданий яқинликнинг мустаҳкам пойдеворига асосланган икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичи

2627 март кунлари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат халқларининг тарихий, маданий ва маънавий яқинлиги давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил
22 октябрда ўрнатилган. Ўшандан буён давлатлараро мулоқот изчил ривожланиб, сўнгги йилларда алоҳида суръат ва кўп қиррали тус олди.

Олий даражадаги мунтазам сиёсий мулоқот Ўзбекистон–Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Кейинги йилларда икки мамлакат етакчиларининг қатор ўзаро ташрифлари бўлиб ўтди, улар стратегик шерикликни ривожлантириш ва муҳим йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга кучли суръат бағишлади.

Хусусан, 2018 йил март ойида Ўзбекистон Президентининг Душанбега давлат ташрифи, ўша йилнинг август ойида эса Тожикистон Президентининг жавоб ташрифи амалга оширилди. 2021 йил июнь ойида Ўзбекистон раҳбари Тожикистонга, 2022 йил июнь ойида эса Тожикистон Президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга борди. Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 18–19 апрель кунлари Тожикистонга давлат ташрифи икки томонлама мулоқотни ривожлантиришнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сиёсий мулоқот юқори динамикага эга бўлиб, олий ва юқори даражадаги мунтазам алоқалар билан ажралиб туради.

Икки мамлакат етакчилари нафақат икки томонлама форматда, балки халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари 2025 йил 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида, шунингдек, 2025 йил 9–10 октябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ва 2025 йил 22 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.

“Марказий Осиё +” форматлари доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилинмоқда. Хусусан, икки давлат раҳбарлари 2025 йил 3–4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи– саммити ҳамда 2025 йил 9–10 октябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Россия” саммитида иштирок этди.

2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг уч томонлама учрашуви минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим воқеа бўлди. Музокаралар якунида уч мамлакат давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди, давлатларнинг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва минтақани барқарор ривожлантиришга интилишини мустаҳкамловчи Қўшма декларация қабул қилинди.

Эришилган келишувлар кўп йиллик чегара масалаларини ҳал этиш, Марказий Осиёда барқарорлик ва шерикликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Экспертларнинг фикрича, қарорлар минтақанинг тинчлиги, хавфсизлиги ва халқаро нуфузининг ошишига хизмат қилади. Томонлар амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан савдо, транспорт, саноат, “яшил” энергетика, сув ресурслари ва экология соҳаларини ривожлантириш, чегараолди ҳудудларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқаро майдонда фаол ҳамкорлик қилиб, етакчи халқаро ва минтақавий тузилмалар, шу жумладан, БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

БМТ доирасида Тожикистон ва Ўзбекистон икки ва кўп томонлама даражада яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Тожикистон Ўзбекистон ташаббуси билан тинчлик, барқарор ривожланиш, минтақавий ҳамкорлик, диний бағрикенглик, туризм ва экологияни мустаҳкамлашга қаратилган қатор резолюцияларнинг ҳаммуаллифи ҳисобланади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Тожикистоннинг муҳим ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган ва эришилган келишувларнинг самарали амалга оширилишини таъминлайдиган парламентлараро ва идоралараро алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон–Тожикистон ҳамкорлигининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Кейинги йилларда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани кузатилмоқда. Ўзбекистон вакиллари Тожикистондаги парламент ва президентлик сайловларида МДҲ ва ШҲТ миссиялари таркибида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этгани юқори даражадаги ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлашдан далолат беради. Парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари мунтазамлик касб этди. Парламентдаги дўстлик гуруҳлари доирасидаги алоқалар фаол ривожланмоқда. 2025 йилда парламентлар раҳбарияти даражасида дўстлик гуруҳлари ҳамраисларининг учрашувлари ва музокаралари бўлиб ўтди, икки мамлакатнинг тегишли қўмиталари ва комиссиялари ўртасида қатор онлайн маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан биридир. Иқтисодий муносабатларнинг асосини 1996 йилда имзоланган Эркин савдо тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, 2002 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси фаолияти ташкил этади.

Кейинги йилларда ўзаро савдода барқарор ижобий суръат кузатилмоқда. 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 912,3 миллион долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, Ўзбекистондан экспорт 683 миллион долларни, Тожикистондан импорт эса 229,3 миллион долларни ташкил этди.

Икки томонлама савдо тузилиши хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон экспортининг асосий йўналишлари саноат товарлари, хизматлар, машиналар ва транспорт ускуналари, кимё маҳсулотлари ва минерал ёқилғи ҳисобланади. Тожикистондан импорт таркибида ноозиқ-овқат хомашёси, ёқилғи-энергетика ресурслари, машина ва ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари устунлик қилади.

Инвестициявий ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон капитали иштирокидаги 343 та корхона, жумладан, қўшма корхоналар ва юз фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Тожикистонда Ўзбекистон резидентлари иштирокида савдо, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи 71 компания фаолият кўрсатмоқда.

Ўзаро инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Хусусан, 2025 йилда Тожикистон билан ҳамкорлик доирасида 427 миллион доллардан ортиқ хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди, бу ўтган даврга нисбатан қарийб уч баробар кўпдир.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва логистика алоқаларини кенгайтириш Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Бу борадаги ҳамкорлик иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо ҳажмини ошириш ва минтақанинг транзит салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл ва автомобиль йўллари маъмуриятларининг ҳамкорлиги халқаро транспорт ташкилотлари орқали амалга оширилмоқда. 2022 йил июнь ойидан бошлаб Душанбе – Тошкент мунтазам темир йўл қатнови қайта тикланди. 2025 йилда эса халқаро юк ташиш ҳажми 9,9 миллион тоннага етиб, ўтган йилга нисбатан 12,7 фоизга ошган. 2018 йилда имзоланган ҳукуматлараро битим автомобилда йўловчи ва юк ташишни кенгайтиришга хизмат қилди. Бугунги кунда “Toshkent – Xo‘jand,” “Қўқон – Шайдон,” “Dushanbe – Термиз,” “Тошкент – Душанбе,” “Самарқанд – Панжикент” ва “Душанбе – Денов” йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилган.

Авиаташувлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Бугунги кунда икки давлат ўртасида “Uzbekistan Airways,” “Centrum Air” ва “Somon Air” авиакомпаниялари томонидан ҳафтасига 10 тагача мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда. 2025 йилда икки мамлакат авиаташувчилари 133 мингдан ортиқ йўловчини ташиди, бу ўтган йилга нисбатан 24 фоизга кўпдир.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар таркибида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Томонлар сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва энергия ресурсларини етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида алоҳида ўрин тутади ва икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Кейинги йилларда маданий-маърифий ва илмий алмашинувлар сезиларли даражада фаоллашди. Маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш ва умумий тарихий-маданий меросни асраб-авайлашга хизмат қиладиган кино кунлари, маданият форумлари, анжуманлар, театрларнинг гастроль сафарлари ва қўшма маданий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, турли йилларда Тожикистонда Ўзбекистон ва Ўзбекистонда Тожикистон кино кунлари, шунингдек, икки мамлакат ижодкор зиёлилари иштирокида маданий тадбирлар ташкил этилган. Тожикистон делегациялари Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро маданият фестиваллари, жумладан, бахшичилик санъати, “Шарқ тароналари” фестиваллари ва халқаро халқ ижодиёти анжуманларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Илмий-амалий анжуманлар, олимлар ва академик доиралар вакилларининг учрашувлари ўтказилмоқда. Ижтимоий объектлар қурилиши икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим рамзи бўлди. Хусусан, Ўзбекистон томонидан Тожикистоннинг Сўғд вилоятида мактаб қурилди, шунингдек, Кубодиён туманида тиббиёт инфратузилмасини яратиш бўйича лойиҳалар амалга оширилди, у ерда шифохона ва поликлиникалар барпо этилди.

Ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Икки мамлакат ёшлари ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган ёшлар форумлари, экологик оромгоҳлар ва маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришда Ўзбекистондаги тожик диаспораси муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда тожик тилида миллий маданий марказлар, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонда 253 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилмоқда, бир қатор университетларда таълим тожик тилида олиб бориладиган гуруҳлар ташкил этилган. Бундан ташқари, тожик тилида матбуот нашрлари, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрланмоқда, бу эса миллий маданият ва анъаналарни сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари барқарор ривожланиш суръатини намойиш этиб, сиёсий мулоқот ва иқтисодий ҳамкорликдан тортиб маданий-гуманитар алмашинувгача бўлган ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишларини қамраб олган.

Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар, халқаро ташкилотлар доирасидаги фаол ҳамкорлик, ўзаро савдонинг ўсиши ва қўшма инфратузилмавий лойиҳаларнинг ривожланиши икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг юксак даражасидан далолат беради.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг тарихий ва маданий яқинлиги, томонларнинг ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилиши икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Ҳеч шубҳасиз, олий даражадаги навбатдаги Ўзбекистон-Тожикистон саммити нафақат икки давлат, балки умумий Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.