Ислом цивилизацияси маркази: дунё ҳамжамияти эътироф этаётган мегалойиҳа

Ислом цивилизацияси маркази: дунё ҳамжамияти эътироф этаётган мегалойиҳа

Бир йил муқаддам, яъни 2025 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, икки мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан ишлаб чиқилган илмий-инновацион лойиҳалардан Марказ экспозицияларида фойдаланиш бўйича қатор тавсия ва топшириқлар берган эди.

Бу чинакам тарихий ташриф бўлди. Ўтган бир йил давомида Марказ биноси тўлиқ қуриб битказилди. Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва унинг мазмунини бойитиш ишларига 40 дан ортиқ мамлакатдан мутахассислар ва дизайнерлар жалб этилди. Уларнинг барчаси Президент ташаббуси ва ғоялари билан яратилган мегалойиҳа атрофида бирлашган.

Давлатимиз раҳбари 2025 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қуриб битказилгани ва тез орада очилишини маълум қилган эди. Ўтган давр мобайнида экспозицияларнинг ички мазмуни янада бойитилди. Марказ жаҳон жамоатчилиги диққат марказида бўлган ўзига хос масканга айланди. Бугун бутун дунёдан келган меҳмонлар, давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари Марказ фаолияти, унинг цивилизациялар, шахслар ва кашфиётларга бағишланган илмий лойиҳалари билан танишиб, унинг аҳамиятини очиқ эътироф этмоқда.

Дунё чуқур сивилизацион ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Технологик тараққиёт ахлоқий англашдан илгарилаб кетмоқда, глобал инқирозлар эса – геосиёсий тўқнашувлардан тортиб маданий ўзига хосликни йўқотишгача – инсониятнинг мулоқот қобилияти масаласини тобора кўпроқ кун тартибига қўймоқда. Дин баъзан низолар қуролига, маданият эса бўлиниш чизиғига айланаётган бир шароитда сивилизатсиялараро мулоқотга унинг бунёдкорлик моҳиятини қайтаришга қодир бўлган янги платформаларга эҳтиёж, айниқса ортмоқда.

Айнан мана шундай тарихий паллада Евроосиёнинг қоқ марказида – буюк цивилизациялар ва империялар вужудга келган, минг йиллар давомида савдо йўллари, динлар, илмий мактаблар ва маданиятлар туташган заминда Ўзбекистонда ўзига хос Ислом цивилизацияси маркази пайдо бўлди. Унинг яратилиши тасодиф эмас ва бир лаҳзалик мулоҳазалар билан белгиланмаган. Бу бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг стратегик дунёқарашининг ифодасидир.

Президентимиз 2017 йилдаёқ БМТ минбаридан туриб, жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, ислом цивилизациясининг жаҳон тарихидаги асл ўрнини тиклашга даъват этган, муқаддас ислом дини негизида маърифат, илм-фан ва инсонпарварлик қадриятлари мужассам эканини, экстремизм ва жаҳолатга қарши маърифат ва маданият билан курашиш мумкинлигини эслатган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш янги қурилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, ушбу йўналишга юқори халқаро баҳо бериб, қуйидагиларни таъкидлади:

“Президентингиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг юксак минбаридан мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини изчил илгари суриб келаётган буюк ва нуфузли етакчидир”.

Бу сўзлар жаҳон ҳамжамиятида аллақачон шаклланган тушунчани акс эттиради: Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон замонавий тарихни шакллантиришнинг фаол иштирокчисига айланди.

Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан сўзлаган нутқи кенг кўламли меъморий мажмуа ва жаҳон аҳамиятига молик мутлақо янги гуманитар модель сифатида Марказнинг интеллектуал ва илмий асоси бўлди. Ушбу модель доирасида ислом илмий инқилоблар юз берган, университетлар ва академиялар, кутубхоналар ва лабораториялар ташкил этилган, тиббиёт, фалсафа, санъат ва илмий тафаккур асослари шаклланган буюк цивилизациялар тарихи орқали ифодаланади.

Президентимизнинг шахсий сиёсий иродаси, стратегик қарашлари ва изчил етакчилиги туфайли Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ғояси кўлами, мазмуни ва халқаро аҳамияти жиҳатидан мисли кўрилмаган даражада амалга оширилди. Янги авлод музейи, илғор илмий-тадқиқот инфратузилмаси, замонавий кутубхона, Марказий Осиё цивилизациялари тарихига оид миллий ва халқаро архивлар, рақамли гуманитар технологиялар, глобал илмий-маданий ҳамкорликнинг кенг тармоғини бирлаштирган ноёб цивилизация мажмуаси яратилди.

Лойиҳага Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам юқори баҳо берди:

“Бу улкан ва ноёб иншоот. Бу илмий, туристик ва этномаданий лойиҳадир. Ўзбекистон Президентининг фикрига қўшиламан: Ислом цивилизацияси маркази ушбу муҳим соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш учун умумий майдонга айланиши мумкин”.

Жаҳон экспертларининг фикрича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази оддий инфратузилма объекти ёки маданий сиёсат рамзи эмас. Бу Ўзбекистон раҳбарининг замонавий глобал таҳдидларга қарши онгли сивилизатсиявий жавобидир. Ислом олами тарихида илк бор цивилизацияларнинг ҳақиқий мулоқоти учун бундай кенг кўламли доимий платформа яратилди.

Ўзбекистон ислом ва ислом цивилизациясининг нотўғри талқинларига қарши декларатсиялар билан эмас, балки жаҳон даражасидаги ҳақиқий интеллектуал маконни яратиш орқали курашишдек тарихий ва маънавий вазифани ўз зиммасига олди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев:

“Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, мамлакат раҳбариятининг ўзбек халқининг бой маданий ва маънавий қадриятларини асраб-авайлаш ва тарғиб қилишга содиқлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Исломофобия кучайиб бораётган бир шароитда Марказнинг очилиши алоҳида аҳамият касб этади. У исломнинг бунёдкорлик, инсонпарварлик, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини яққол намоён этади”.

Мутахассислар ва сиёсатчилар якдиллик билан ушбу лойиҳа радикализм ва исломнинг бузилган қиёфасига қарши гуманитар қалқон бўлганини таъкидламоқдалар.

Марказ фаолияти учун маданий меросни қайтариш алоҳида аҳамиятга эга. Президент топшириғига биноан махсус давлат ва дипломатик механизмлар яратилди, бу эса дунёдаги энг йирик кимошди савдо уйлари – “Sotheby’s”, “Christie’s”, “Bonhams” ва бошқа етакчи музейлар ва хусусий коллекционерлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берди. Натижада, икки мингга яқин ноёб осори-атиқалар, жумладан, Ибн Сино қўлёзмалари, Беруний асарлари, Темурийлар даври миниатюралари, ислом санъати дурдоналари юртимизга қайтарилди.

Бу Марказий Осиёнинг сивилизатсиявий хотирасини тиклаш ва тарихий адолатнинг ҳақиқий тимсоли бўлди.

Парагвай Президенти Сантяго Пеня экспозициялар билан танишар экан, қуйидагиларни таъкидлади:

“Ислом цивилизацияси маркази билан танишув менда катта таассурот қолдирди. Инсониятнинг кўплаб илмий ва маданий ютуқлари айнан шу ерда пайдо бўлган. Афсуски, алгебра ва тиббиётга оид фундаментал асарлар айнан шу заминда пайдо бўлганини дунёдаги ҳамма ҳам билавермайди. Бу ташриф мени руҳлантирди ва Ўзбекистоннинг улкан салоҳиятига бўлган ишончимни мустаҳкамлади”.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти ўтмишни қандай тикласа, келажакни ҳам шундай изчиллик билан шакллантиради. Шу боис, Марказ дастлаб жадал ривожланаётган тизим – халқаро илмий платформа, медиа макон, ноширлик ва таълим маркази сифатида ташкил этилган эди.

Финляндия Президенти Александр Стубб ташрифдан сўнг шундай деди:

“Мен илгари ҳеч қаерда бўлмаган таассуротни бошдан кечирдим. Уч минг йиллик тарих замонавий ва ишонарли тарзда тақдим этилган. Бу ерда тарихни ҳис қиласан – бефарқ бўлишнинг иложи йўқ”.

Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази замонавий дунёнинг интеллектуал марказига айланмоқда, ўз даврида Бағдоддаги Байт ал-Ҳикма, Хоразмдаги Маъмун академияси, Самарқанддаги Улуғбек мадрасалари илм-фан тараққиётини белгилаб берган.

Марказ XXI асрнинг янги типдаги цивилизация институтидир. Бу ерда тарихий билим рақамли технологиялар билан боғланади, қўлёзмалар глобал рақамли манбаларга айланади, музей илмий лаборатория хусусиятларига эга бўлади, миллий мерос халқаро мулоқот ва ўзаро тушуниш асосига айланади.

Сўзимнинг якунида Сербия Президенти Александр Вучичнинг қуйидаги сўзларини келтириш ўринлидир:

“Мен бундай марказни ҳеч қаерда кўрмаганман. У замонавий ва жуда ифодали меъморий услубда қурилган. Бу ерда кўп нарсани ўргандим ва албатта қайтаман. Мен юртдошларимга шундай деган бўлардим: азиз дўстлар, мен бу ерга олдинроқ келмаганим учун катта хато қилдим. Илтимос, имкон қадар тезроқ Ўзбекистонга келинг”.

Фирдавс Абдухолиқов,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси

маркази директори