Бугунги глобаллашув шароитида меҳнат бозорини модернизация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари халқаро ҳамкорликсиз самарали ҳал этилиши мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ўртасида йўлга қўйилган тизимли ҳамкорлик икки мамлакат учун ҳам муҳим стратегик аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳамкорлик меҳнат ресурсларининг рақобатбардошлигини ошириш, касбий малака тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ва фуқаролар учун барқарор иш ўринларини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни қамраб олмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ўртасида имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасида 2025 йил 7 май куни Тошкент шаҳрида Қўшма ишчи комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда 2025–2026 йилларга мўлжалланган Қўшма Ҳаракатлар режаси тасдиқланиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Мазкур режа ижроси доирасида жорий йилнинг октябрь ойида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари в.б. А. Муратов бошчилигида вазирлик ходимларидан иборат делегация Туркия Республикасига ташриф буюрди. Ташриф давомида Европа стандартларига (EQF) мувофиқ ишлаб чиқилган Туркия Республикасининг Миллий малака тизими (TQF)ни шакллантириш ва амалиётга жорий этиш тажрибаси атрофлича ўрганилди.
Хусусан, тест ва сертификатлаштириш марказларининг ўрни, уларни аккредитация қилиш ва мониторинг қилиш механизмлари, касбий малака соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Машғулотларнинг миллий классификаторини Европа малака рамкаси (EQF)га мослаштириш механизмларини биргаликда ишлаб чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Туркия ва Ўзбекистон касб стандартлари ўртасидаги фарқли жиҳатларни чуқур ўрганиш, Малакани баҳолаш марказларини ташкил этишда Туркия тажрибасидан фойдаланиш ҳамда мазкур марказлар фаолиятида касб стандартлари ва баҳолаш воситаларининг ўрнини аниқ белгилаш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди. Айниқса, баҳолаш жараёнларини иш берувчилар талабларига тўлиқ мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллий меҳнат бозорида юқори талабга эга бўлган касблар бўйича халқаро стандартларга мос касб стандартларини ишлаб чиқиш мақсадида, дастлабки босқичда 22 та касб йўналиши бўйича Туркия Республикасининг касбий стандартлари ва малака талаблари турк тилидан ўзбек тилига таржима қилинди. Ушбу ҳужжатлар айни пайтда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган касб стандартлари билан қиёсий таҳлил қилинмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида маҳаллий меҳнат бозори эҳтиёжларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий ва мақбул касб стандартлари ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлиб, улар Малакани баҳолаш марказлари фаолияти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, мазкур 22 та касб йўналиши бўйича малака баҳолаш воситалари, жумладан тестлар, амалий топшириқлар ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Кейинги босқичда эса ушбу марказлар томонидан берилган малака сертификатларининг Туркия Республикаси ҳудудида бевосита тан олинишини таъминлаш назарда тутилмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида меҳнат бозори ва касбий малака соҳасида олиб борилаётган мазкур ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилаётганини яққол намоён этмоқда. Бу ишлар Ўзбекистонда касбий малака тизимини халқаро стандартларга мувофиқ равишда ислоҳ қилиш, миллий сертификатларнинг халқаро миқёсда тан олинишига эришиш ва фуқароларнинг хорижда ишлаш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, мазкур ташаббуслар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан амалга оширилаётган малакани баҳолаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга хизмат қилади.
